Skip to content
Home » Одам Ато аломати

Одам Ато аломати

Одам Ато билан Момо ҳавонинг ноёблиги, ўзгачалиги шундаки, уларни Худонинг Ўзи яратган, улар жаннатда яшаганлар. Уларнинг бошидан ўтган воқеа биз ва бизнинг давр учун муҳим аломат ҳисобланади, бу аломатга диққат билан назар солиш лозим. Одам Ато ҳақида Қуръонда ёзилган иккита воқеа ҳамда Тавротда битта воқеа бор (Уларни ўқиш учун бу ерга босинг).

Бу воқеалар жуда ўхшаш. Иккала воқеада ҳам қаҳрамонлари бир (Одам Ато, Момо ҳаво, шайтон (иблис), Парвардигор Худо). Иккаласида ҳам жаннат тилга олинади; иблис Одам Ато билан Момо ҳавони васвасага солиб алдайди. Одам Ато билан Момо ҳаво яланғочлигини беркитиш учун барглар билан ўзларини ёпиб олади. Қуръонда Одам Атонинг фарзандлари, яъни биз билан сизлар учун “Худойи таолодан аломат” ҳақида гапирилади. Бошқача қилиб айтганда, Одам Ато ва Момо ҳаво билан бўлиб ўтган воқеа шунчаки тарихий дарс эмас. Бу воқеа ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлиб, ундан сабоқ олишимиз мумкин.

Одам Атога айтилган огоҳлантириш бизга ҳам тааллуқли

Одам Ато билан Момо ҳаво Худойи таоло олдида биттагина гуноҳ қилдилар, ана шу битта гуноҳ учун улар жазо олдилар. Улар кўп маротаба гуноҳ қилмадилар, Худо уларни тўққиз марта огоҳлантириб, ўнинчисида жазоламади. Йўқ, қилинган битта гуноҳ учун жазо келди. Кўплар, агар гуноҳ кўп бўлса Худо жазолайди, деб ўйлайди. Улар бошқаларга қараганда ўзларининг гуноҳи камроқ деб ҳисоблайдилар. Ёки савоб ишлари гуноҳларидан оғирроқ келса, Худо жазоламаслиги мумкин, деган хаёл билан яшайдилар. Одам Ато билан Момо ҳавонинг бошидан ўтгани бундай фикрлар нотўғри эканини кўрсатади. Худованд биттагина гуноҳ учун жазолайди, Одам Ато билан Момо ҳаво итоатсизлик қилиб гуноҳга йўл қўйдилар.

Аслида, Худога итоатсизлик қилиш билан жиноятга қўл уриш ўртасида фарқ йўқ, соғлом фикрлайдиган бўлсак, иккиси ҳам гуноҳ ва айб ҳисобланади. Бошқа давлатлар сингари мен яшайдиган давлатда ҳам қонунлар бор, агар биттагина қонунни бузсам ҳам, масалан, ўғирлик қилсам ҳам жавобгарликка тортиламан. “Одам ўлдирганим йўқ, атиги ўғирлик қилдим‑ку”, деб ўзимни оқламайман‑ку, ахир. Суд қилиниш учун биттагина қонунни бузиш асос бўла олади. Худонинг олдида ҳам худди шундай.

Одам Ато билан Момо ҳаво уялгани учун яланғоч жойларини барглар билан беркитдилар. Одамлар ҳалигача уятли иш қилсалар, яширишга ҳаракат қиладилар. Аммо Одам Атонинг Худодан яширинишга бўлган уриниши зое эди. Худо бу беъмани ҳаракатни кўриб, унга гапирди.

Худойи таолонинг ҳаракатларини жазо ва раҳм‑шафқат деб билиш

Худо Одам Ато ва Момо ҳавога нисбатан учта нарса қилди:

1. Улар ўладиган бўлдилар.

2. Уларни боғдан ҳайдади. Энди улар ер юзида яшаб, пешона тери билан нонини ейдилар.

3. Уларга ҳайвон терисидан кийим ясаб берди.

Ачинарлиси шуки, ана шу учта нарсанинг оқибатини ҳануз инсон зоти кўриб келмоқда. Ҳар биримиз ўламиз. Ҳеч ким – пайғамбарлар ҳам, оддий одамлар ҳам Адан боғига қайтмайди. Гуноҳимизни беркитиш учун кийим киямиз. Бироқ бу нарсалар шунчалар оддий бўлиб кетганки, уларга эътибор бермаймиз. Шундай бўлса‑да, Одам Ато билан Момо ҳавога Парвардигор берган жазо ҳалигача, минглаб йиллар давомида одамзод устида. Ўшанда бўлган ҳодисаларнинг оқибати ҳалигача мевасини беради.

Парвардигорнинг уларга кийим бергани – Худонинг раҳм‑шафқати бўлиб, шу орқали уларнинг уяти беркилди. Ҳа, Парвардигор Одам Ато билан Момо ҳавони жазолади, лекин раҳм‑шафқат ҳам кўрсатди. Худо ундай қилмаса ҳам бўларди, улар ёпинчиққа нолойиқ эдилар. Улар нолойиқ бўлсалар ҳам, ҳеч қандай арзигулик иши бўлмаса ҳам, Худонинг инъомини қабул қилдилар. Аммо Худонинг инъоми учун бошқаси тўлов тўлади. Тавротда ёзилганки, Худо уларга ҳайвон терисидан кийим ясаб берди. Ўша онгача ҳеч қандай ўлим бўлмаган, қон тўкилмаган эди, энди эса одамларнинг гуноҳи учун жазони ҳайвон олди, териси уларга кийим бўлди. Одам Ато билан Момо ҳавога Худо раҳм қилиши учун ҳайвон ўлдирилди.

Қуръонда ёзилишича, ҳақиқатан ҳам кийим орқали улар шарманда бўлишдан халос бўлдилар, аммо адолат юзасидан ҳам уларга кийим кийидириш лозим эди. Уларга кийим берилиши биз учун адолат белгиси бўлиб хизмат қилади.

“Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят‑белгиларидандир. Шоядки, эсласалар.”

7:26, Аъроф

Шундай савол туғилади: ўша “адолат кийими”га қандай эришса бўлади? Кейин келган пайғамбарлар бу саволга жавоб берадилар.

Аллоҳнинг сўзлари – жазо ва раҳм‑шафқат

Худойи таоло юқорида айтилганларни шунчаки бажариб қўймаяпти, балки унга Ўз Сўзини ҳам қўшиб беряпти. Иккала воқеада ҳам Аллоҳ “душманлик” ҳақида гапиряпти, аммо Тавротда айтмоқдаки, бу душманлик хотин билан иблис ўртасида бўлади. Қуйидаги оятда ҳам ана шу сўз такрор айтилади. Мана Эгамизнинг сўзлари:

“Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида,

Сенинг зотинг билан унинг зоти орасида.

Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни,

Сен чақиб оласан унинг товонини.”

Ибтидо 3:15

Бу сўзлар топишмоқдай эшитилса‑да, тушуниш қийин эмас. Бу оят келажак ҳақида башорат бўлиб, унда бешта қаҳрамон бор. Мана улар:

1. Парвардигор Худо

2. Иблис (шайтон)

3. Аёл

4. Аёлдан келадиган зот

5. Иблис зоти

Оятда қаҳрамонларнинг бир‑бирига қандай алоқаси борлиги, улар келажакда нима иш қилиши келтирилган. Қуйидаги расмга қаранг.

Қаҳрамонлар ва Худонинг ваъдасида уларнинг роли

Худонинг ваъдасида аёл кимлиги айтилмаган. Худо хотиннинг зоти билан иблиснинг зотини тилга олмоқда. Аёлдан келадиган зот – буюк сирдир. Лекин аёл ҳақида битта нарсани яхши биламиз. Ваъда айтилган зотга нисбатан “Сен, унинг” олмошлари ишлатилгани учун биз биламизки, битта ва ягона эркак зоти ҳақида гап кетмоқда. Энди у оятни тушуниш борасида бир нечта талқин келтираман. Ўша зот аёлдан туғилиши айтилмоқда. Зот деганда битта илоҳий табиатга эга одам тушунилади. Зурриёт деб айтилмаяпти, шунинг учун кўпчилик тушунилмайди. Шунингдек, оятдаги зот деган сўзни фалсафа, таълимот ёки дин деб тушуниб ҳам бўлмайди. Бошқача қилиб айтганда, зот дегани ислом дини ёки масиҳийлик ЭМАС, агар шундай бўлганда эди, зот деб ёзилмаган бўларди. Зот деганда маълум бир одамлар ёки миллат ҳам тушунилмайди, яъни яҳудийлар ҳам, масиҳийлар ҳам, мусулмонлар ҳам эмас, чунки маълум бир миллат назарда тутилганда эди, шундай деб ёзилган бўларди. Оятдаги зот ким экани ҳали ҳам сирлигича қолмоқда. Хаёлга келиши мумкин бўлган бошқа фикрларни кўриб чиқдик, ҳозирча бу зот илоҳий табиатга эга зот экани маълум бўлиб турибди, холос.

Оятда Худонинг ваъдаси келажак замонда берилган бўлиб, ундан маълумки, Худо аниқ бир мақсадга эришишни ният қилган. Худо айтган зот иблис зотининг бошини эзиб ташлайди, яъни уни йўқ қилади, иблис эса унинг товонини чақади. Бу сўзлар нимани англатиши ҳозирча номаълум, лекин биз биламизки, Худонинг режаси албатта амалга ошади.

Эътибор беринг, Парвардигор Худо Одам Атога гапирмаяпти. Эркакка эмас, хотинга қараб, “сенинг зотинг” деб айтилмоқда. Бу – ноодатий ҳол. Айниқса, Таврот, Забур ва Инжилда келтирилган насабномаларга қарасангиз, деярли фақат эркакларнинг исмларини кўрасиз. Аммо боғда Худо берган ваъда ўзгача бўлиб, унда эркакдан келиб чиқадиган зот деб айтилмаяпти. Ушбу ваъдада “унинг зоти” дея аёлдан келиб чиқадиган зот ҳақида айтилмоқда.

Ер юзида яшаган одамзод орасида фақат иккита одамнинг отаси бўлмаган. Биринчиси Одам Ато, иккинчиси Исо Масиҳ. Одам Атони бевосита Худонинг Ўзи яратган. Исо Масиҳ эса эркак иштирокисиз, бокира қиздан туғилган. Бу гапимиз юқорида аёлдан туғиладиган зот, деб айтган гапимизга жуда ҳам мос келади. Исо Масиҳ – аёлдан келиб чиқадиган Зот. Шундай экан, иблиснинг зоти ким? Бу ҳақда батафсил гапиришга имконимиз йўқ, аммо Муқаддас Китобда “иблис ўғиллари” деган ва шунга ўхшаш сўзлар учрайди. Улар Масиҳга қаршилик қиладилар. Яна иблис зотини “Дажжол” деб айтишади. Муқаддас Китобнинг охирида дажжол билан Масиҳ ўртасида жанг бўлиши ҳақида ёзилади. Аммо бу қарама‑қаршилик тўғрисида тарихимиз бошидаёқ айтилган.

Иблиснинг Худога қарши чиқиши анча олдин бошланган. Аммо жуда кўп саволлар ҳануз жавобсиз қолмоқда, бунинг устига, биз ҳали юзланмаган саволлар бор. Келинг, пайғамбарга қулоқ солишда давом этайлик, шунда қандай даврда яшаётганимизни тушуниш ҳамда саволларимизга жавоб топиш осонроқ бўлади. Суҳбатимизни давом эттириб, энди Одам Ато билан Момо ҳавонинг ўғиллари – Қобил ила Ҳобил ҳақида сўз юритамиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *