Skip to content
Home » Қобил ва Ҳобил билан боғлиқ аломат

Қобил ва Ҳобил билан боғлиқ аломат

Олдинги мақоламизда Одам Ато ва Момо Ҳаво билан боғлиқ аломатларни кўриб чиқдик. Одам Ато билан Момо Ҳавонинг ўғиллари – Қобил билан Ҳобил ўртасида зиддият пайдо бўлди. Бу қарама‑қаршилик одамзод тарихида содир бўлган илк қотиллик билан якун топди. Улар билан боғлиқ воқеа орқали бизга берилган аломатларни яхшироқ тушуниш учун ундаги ноёб ҳақиқатларни алоҳида белгилаб ўтамиз. Келинг, ўша воқеани диққат билан ўқиб чиқайлик. (Парчани бошқа ойнада очиш учун бу ерга босинг)

Қобил ва Ҳобил. Икки ўғил, иккита қурбонлик.

Тавротда Одам Ато билан Момо Ҳавонинг икки ўғли – Қобил билан Ҳобил ҳақида гапирилади. Қуръонда бу йигитлар тилга олинмайди, бироқ исломий одатга кўра, улар Қобил билан Ҳобил дея юритилади.

Бир куни ака‑укалар Парвардигор Худога назр, яъни қурбонлик келтирдилар. Эгамиз Худо Ҳобилнинг назрини қабул қилади, Қобилникини эса рад этади. Бундан хафа бўлган Қобил укасига ҳасад қилиб, уни ўлдиради. Аммо Худодан ҳеч нимани яшириб бўлмайди. Ушбу воқеанинг муҳим бир томони бор: нега Худо Ҳобилнинг назрини қабул қилди‑ю, Қобилникини рад этди? Кўпчиликнинг фикрича, ака‑ука ўртасидаги фарқ сабабли Худо бирининг назрини қабул қилиб, бошқасиники рад этди. Аммо воқеани диққат билан ўқисак, бошқа хулосага келамиз. Тавротда воқеага шундай ойдинлик киритилади: фарқ ака‑ука орасида эмас, балки улар келтирган назрда эди. Қобил дала ҳосилидан, яъни меваю сабзавотлардан назр келтирди, Ҳобил эса қўйлари орасидан энг сарасини назр қилди. Ҳобил ҳайвонни, яъни қўзини назр қилди.

Шу ўринда Одам Атога даҳлдор аломат билан ушбу воқеа ўртасида қизиқ ўхшашлик юзага келади. Ёдингизда бўлса, Одам Ато уятини дарахт барглари билан беркитмоқчи эди, аммо барглар билан ёпиш етарли бўлмади. Шунда Худо унинг уятли жойларини ҳайвон териси билан ёпди, бу эса етарли бўлди. Барг, сабзавот ва меваларда қон бўлмайди, уларда одам ва ҳайвонлардаги каби ҳаёт йўқ. Одам Атонинг гуноҳини ёпиш учун барглар етарли эмас эди, Қобилнинг назри ҳам етарли бўлмади, чунки унинг назрида қон йўқ эди. Ҳобил қўзилари орасидан биринчи туғилганини, семизини назр қилди. Жониворнинг қони тўкилди, териси қуёшда қуритилди. Одам Ато билан Момо Ҳавога кийим ясаб берилган тери ҳам қуёшда қуритилган эди, ўша жонивор илк қурбонликка келтирилган ҳайвон бўлган эди.

Қобил билан Ҳобилга алоқадор аломатни мен ҳали болалик чоғимда эшитган қуйидаги сўзлар билан умумласа бўлади: “Жаҳаннамга олиб борадиган йўл яхши ниятлар кўприги орқали ўтган”. Бу сўзлар Қобилга жуда тўғри келади. Ҳа, Қобил Худойи таолога ишонарди, имонини назр келтириши орқали кўрсатди. Аммо Худо унинг назрини ҳам, ўзини ҳам қабул қилмади. Нима учун? Кайфияти яхши эмасмиди? Бошида ҳаммаси жойида эди. Қобилнинг нияти ҳам яхши бўлгандир. Буни тушуниш учун Қобилнинг отаси – Одам Атонинг аломатига назар ташлашимиз лозим. Эгамиз Худо Одам Ато билан Момо Ҳавони лаънатлагандан кейин улар ўладиган бўлдилар. Улар қилган гуноҳининг эвази ўлим эди. Жонивор сўйилиб, териси қуёшда қуритилгандан кейин Одам Ато билан Момо Ҳавонинг уяти беркилди. Энди уларнинг ўғилларига қайтайлик. Келтирилган иккита назрдан фақат Ҳобилнинг назри жониворнинг сўйилишини, қон тўкилишини талаб қилади. Қобил келтирган назр – ер ҳосили ўлмайди, чунки тирик эмас, қони йўқ.

Биз учун аломат: қон тўкилиши ва қуриши

Шу ўринда Парвардигор бизга сабоқ бермоқда. Худога яқин бўлишимизни биз ҳал қилмаймиз. Талабни Худо қўяди, биз эса унга амал қилишни ёки қилмасликни танлаймиз. Бу талаб – ўладиган ва қони тўкиладиган қурбонликдир. Шахсан мен бошқа талаб бўлса, ўшани танлаган бўлардим, чунки ўзимда боридан бера олардим. Худога вақтимни, куч ва пулимни, ибодат ва содиқ бўлишни бера оламан, лекин жонимни эмас. Бироқ Худо қон тўкиладиган қурбонликни талаб қилган эди. Бошқаси керак эмас эди. Давомида башоратли аломатлар ҳақида сўз юритамиз, улар бизга қурбонликлар келтириш қандай давом этгани орқали қизиқ қонунийликни намоён этади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *