Skip to content
Home » Лут аломати

Лут аломати

  • by

Лут Иброҳимнинг жияни бўлган. У яшашга ўзи учун гуноҳга ботган шаҳарни танлади. Бироқ Парвардигор унинг ҳаётида юз берган вазиятни барча халқларга хизмат қиладиган башоратли аломатларга ўзгартирди. Бу қандай аломатлар? Бу саволга жавоб бериш учун ҳикоя қаҳрамонларини ўрганиб чиқишимиз лозим. Ушбу ҳикояни Тавротда ва Қуръонда ўқиш учун бу ерга босинг.

Тавротга ва Қуръонга кўра, ушбу ҳикояда уч тоифа одамни ҳамда Худо юборган фаришталарни ажратиб кўрсатиш мумкин. Келинг, улар ҳақида фикр юритиб кўрайлик.

Садўм аҳолиси

Садўм аҳолиси ўта кетган ахлоқсиз одамлар эди. Улар Лутнинг уйига келган меҳмонлар билан бирга бўлмоқчи эдилар. Улар шунчалик гуноҳга ботганидан Парвардигор Худо бутун шаҳарни қириб ташлашни ният қилди. Худо уларга берган жазо қачонлардир Одам Атога айтилган жазога тўлиқ мос келади. Худо Одам Атога гуноҳнинг жазоси ўлим экани ҳақида айтган эди. Мана ўша сўзлар: “Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан.” (Ибтидо 2:17). Шу сингари, садўмликлар ҳам гуноҳи учун ўлимга маҳкум бўлди. Бутун шаҳар аҳолиси осмондан тушган олов билан қириб ташланиши керак эди. Инжилда шундай ёзилган: “Гуноҳнинг эвази ўлим” (Рим. 6:23).

Лутнинг куёвлари

Нуҳ ҳақидаги ҳикоядан биламизки, Худо бутун дунёга тўфон орқали қирғин юборди, бу эса гуноҳ учун жазо ҳақидаги Одам Атога берилган аломатга мос келади. Таврот ва Қуръонда айтилганки, ўша вақтда бутун дунё ёвузлик гирдобига чўмган эди. Шу каби Садўм аҳолиси ҳам ўта кетган гуноҳкор эди. Улар ҳақида ўқир эканман, “Менга Парвардигорнинг жазоси келмайди, чунки уларчалик гуноҳкор эмасман. Мен Худога ишонаман, хайрли ишлар қиламан, уларга ўхшаган ишлар қилмайман”, дейишим мумкин. Бироқ ҳақиқатан ҳам мен хавфсизликдаманми? Аммо Лут ва унинг куёвлари аломати мен учун жиддий огоҳлантиришдир. Тавротда ёзилишича, куёвлари Лутнинг гапини ҳазил деб қабул қилди. Хўш? Уларга келган жазо шаҳар аҳолисига келган жазодан бошқача бўлдими? Асло. Улар ҳам шундай жазога йўлиқдилар. Лутнинг куёвлари ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам бир хил жазога мубтало бўлдилар. Бу аломатлар ҳаммамизга тааллуқли, токи биз Худонинг огоҳлантиришларига жиддийлик билан қарайлик. Аломатлар фақат қонунсиз ва ахлоқсиз одамларга берилмаган.

Лутнинг хотини

Лутнинг хотини билан бўлган воқеа биз учун яна битта аломат бўлиб хизмат қилади. Таврот ва Қуръонга кўра, Лутнинг хотини ҳам ҳалок бўлди. Ваҳоланки, у пайғамбарнинг хотини эди, шаҳар аҳолиси қиладиган қонунсиз ишларда иштирок этмасди. Шунга қарамай, унинг мавқеи уни ҳалок бўлишдан асраб қолмади. Фаришталар уларга шундай деган эди: “… ҳеч ким ўгирилмасин…” (Худ 11:81), “Орқага қараманглар.” (Ибт. 19:17), “Лутнинг ортидан хотини келаётган эди. Хотини орқасига қараган эди, туз устунига айланиб қолди.” (19:26).

“… орқасига қараган эди” деган сўзлар айнан нимани англатиши тушунтириб берилмаган. Афтидан, Лутнинг хотини “Парвардигорнинг амрини озгина бузсам, жазоланмасман” деб ўйлаганга ўхшайди. Мен учун бу воқеа жиддий бўлиб, Худо “майда” гуноҳларни ҳам жазолашини кўрсатади. Лутнинг хотини билан юз берган воқеа биз учун аломат бўлиб, нотўғри фикр қилмаслик учун огоҳлантиришдир.

Парвардигор Худо, Лут ва элчи фаришталар

Одам Атонинг аломати ҳақидаги мақолада айтилганидек, Парвардигор ҳукм қилади, лекин шу ондаёқ раҳм‑шафқат кўрсатади. Одам Ато Худо ҳайвон терисидан кийим бериш орқали раҳм‑шафқат кўрсатди. Нуҳ билан боғлиқ воқеада эса Худо ер юзига тўфон юборди, лекин шу билан бирга кема ҳам берди. Ҳозирги вазиятда ҳам Худо жазо билан бирга раҳм‑шафқат ҳам кўрсатмоқда. Тавротда шундай дейилади: “Лут ҳали ҳам иккиланиб турганда, фаришталар Лутни, хотинини ва иккала қизини қўлларидан ушлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйдилар. Чунки Эгамиз шафқатли эди.” (19:16).

Ушбу оятдан нимани кўрсак бўлади? Олдинги аломатларда кўрдикки, Парвардигор ҳаммага раҳм‑шафқат кўрсатди, аммо битта йўл билан эришилади – шаҳардан чиқиб кетиш керак. Худо Лутни ва оиласини қутқариш учун шаҳар ўртасига оловга дош бера оладиган қўрғон ўрнатмади. Фақат битта йўл билан қутқарилиш мумкин эди – фаришталар билан шаҳардан чиқиб кетиш керак эди. Худо Лутга раҳм қилганига сабаб Лут ва уйдагилари бегуноҳ бўлгани учун эмас эди. Тавротда ва Қуръонда ёзилганки, Лут меҳмонларини ҳимоя қилиш учун одамларга қизларини бериб юбормоқчи эди – буни яхшилик деб бўлмайди. Фаришталар шошилтирганда ҳам Лут шаҳардан чиқиб кетишга иккиланиб турган эди. Аммо фариштала Лутни ва оиласини қўлларидан ушлаб, шаҳардан олиб чиқиб кетдилар, бунда Худ Лутга раҳм‑шафқат кўрсатганини кўриш мумкин. Бу биз учун катта аломат: Парвардигор Худо биз қанчалик яхши одам бўлишимизга қарамай иноят кўрсатади. Биз ҳам Лут сингари Эгамизнинг раҳм‑шафқатини қабул қилишимиз керак, холос. Аммо Лутнинг куёвлари Худонинг раҳм‑шафқатини рад этдилар ҳамда шу билан бирга Эгамизнинг марҳаматидан воз кечдилар.

Тавротда айтиладики, Лутнинг тоғаси, буюк Иброҳим пайғамбар туфайли Худо Лутга марҳамат кўрсатди, чунки Иброҳим Лут учун Худога илтижо қилган эди. (Ибтидо китобидан ушбу парчани кўриш учун бу ерга босинг). Давомида, Иброҳимга берилган аломат ҳақида гапирилади, мана тингланг: “Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади.” (Ибт. 22:18). Биз бу ваъдага катта эътибор қаратишимиз лозим, ахир қаерда яшамайлик, қайси тилда сўзлашмайлик, қайси динда бўлмайлик, ҳаммамиз “ер юзидаги ҳамма халқлар”нинг бир қисмимиз‑ку. Гарчи Иброҳимнинг илтижоси сабабли Худо Лутга (лойиқ бўлмаса ҳам) раҳм қилган экан, унда Иброҳимга берилган аломат туфайли Парвардигор Худо бизга, ер юзидаги халқларга қанчалик катта иноят беради?! Иброҳимга берилган аломат ҳақида сўз юритганимизда бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтаман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *