Skip to content
Home » Иброҳим аломати 1: Барака

Иброҳим аломати 1: Барака

  • by
 
Иброҳим! У Ибром (алайҳиссалом) деган ном билан ҳам маълум. Монотеистик динларнинг учаласида ҳам, яъни яҳудийлар дини, масиҳийлик ва исломда у муқаддасликда намуна сифатида эъзозланади. Замонавий араблар ва яҳудийлар ўзларининг насл-насабини Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг ўғиллари билан боғлайдилар. У пайғамбарлар орасида ҳам ажралиб туради, чунки у билан боғлиқ аломатлар кейинги барча башоратларга асос солади. У нимага эга бўлган, нимани билган экан-ки, пайғамбарлар орасида мана шундай нуфузли ўрин эгаллай олган бўлса? Бу саволга жавоб топмасак бўлмайди. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аломатига эътибор берайлик, у бир неча қисмдан иборат. (Қуръон ва Тавротдан биринчи аломатни ўқиш учун бу ерга босинг.)
Бу оятда биз Иброҳим (алайҳиссалом) кўплаб халқларнинг отаси бўлиши ҳақида айтилганини кўрамиз. Сўнг эса бу халқларнинг барчаси “буюк Шоҳликка” эришадилар. Аммо “кўплаб халқларнинг отаси” бўлиш учун одамнинг ҳеч бўлмаганда битта ўғли бўлиши керак. То яшаш жойингиз бўлмагунига қадар эса “Буюк Шоҳликка” эришиш амри маҳолдир.
 
Иброҳим (алайҳиссалом)
Тавротнинг ушбу парчасида (Ибт. 12:1-7) Аллоҳ “халқлар” ва Иброҳим (алайҳиссалом) авлодларининг “буюк Шоҳлиги” ҳақидаги икки қисмли ваъдасини қандай амалга оширмоқчи бўлганини кўрамиз. Аллоҳ унга ваъда беради, ушбу ваъда келажакда қилинадиган барча ишларга асос бўлиб хизмат қилади. Ваъдани батафсил кўриб чиқайлик. Аллоҳ Иброҳимга деди:

Буюк халқнинг отаси қиламан сени,
Барака бераман сенга,
Улуғ қиламан сенинг номингни,
Барака манбаи бўласан сен.
Мен барака берарман сени дуо қилганларга,
Сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман.
Сен орқали барака топарлар
Ер юзидаги жамики халқлар.”
 
 
Иброҳимнинг буюклиги
 
Ғарбда, мен яшаётган жойда кўпчилик Худонинг борлигига шубҳа қилади ва Худо ҳақиқатан ҳам Тавротда Ўзини намоён қилганига қандай амин бўлишимиз мумкин, деб сўрайди. Бироқ мана олдимизда ваъда бор ва унинг бажо бўлганини қисман текширишимиз мумкин. Аллоҳ ваҳий ато қилиб, охирида Иброҳим (алайҳиссалом) га бевосита ваъда тариқасида “номини улуғ қилишини” айтади. Бугун, XXI асрда Иброҳим (Ибром) нинг номи тарихда энг улуғ номлар қаторидан жой олган, десак муболаға бўлмайди. Аллоҳнинг ваъдаси том маънода ҳам, тарихий жиҳатдан ҳам амалга ошди. Бизда бугунги кунда мавжуд бўлган Таврот битикларининг энг қадимги нусхаси Ўлик денгиз қўлёзмалари орасидан топилган бўлиб, у милоддан аввалги 200-100 йилларда ёзилган. (Суннатда Таврот, Забур ва Инжилнинг ўзгартирилмаганлиги ҳақида гувоҳлик бериладими, деган мақоламга қаранг). Бу ҳеч бўлмаганда, ўша пайтда Иброҳимга берилган ваъда ёзма равишда мавжуд бўлганини англатади. Лекин барибир ҳам у пайтда Тавротни эъзозлаган тор доирага алоқадор яҳудийлардан ташқари Иброҳимнинг номи деярли ҳеч кимга маълум бўлмаган. Мана бугунги кунга келиб, биз унинг номи нақадар улуғ бўлгани, ваъда баён этилганидан аввал эмас, ундан кейин амалга ошганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Шундай қилиб, Иброҳимга берилган ваъданинг биринчи қисми амалга ошиб бўлди, бу ҳатто имонсизларга ҳам аён. Энди Аллоҳ берган ваъданинг иккинчи қисми ҳам амалга ошишига ишончимиз ортди. Муҳокамани давом эттирайлик.
 
 
Ҳаммамизга аталган барака
 
Бу ерда яна “буюк халқ” ваъдаси ва Иброҳим орқали “барака берилиши” ҳақида ваъда қилинганини кўрамиз. Бироқ ваъда билан бирга яна бир нарса айтилади: барака биргина Иброҳимга ваъда қилинмаган. У ерда “Сен орқали барака топарлар ер юзидаги жамики халқлар“, дейилади (Иброҳим орқали). Бу эса бевосита сиз билан менга ҳам таалуқли бўлиб, унга диққат-эътибор билан қарашимизга лойиқдир. Ахир, сиз ҳам, мен ҳам дин-эътиқодимиз, келиб чиқишимиз, яшаш жойимиз, ижтимоий мавқеимиз ёки қайси тилда гапиришимиздан қатъи назар ер юзидаги “жамики халқлар”нинг бир қисми ҳисобланамиз. Бу ваъда бугунги кунда яшаётган барчага тенг тааллуқлидир! Биз гарчи аксарият ҳолларда диний, ахлоқий ёки тил нуқтаи назаридан бошқа-бошқа бўлиб, ўртада келишмовчиликлар юзага келиб турса ҳам, Аллоҳнинг ваъдаси бу тўсиқларни енгиб ўтиши муқаррар. Қандай қилиб? Қачон? Бу қанақа барака? Бу ерда пинҳон тутилган ваҳий ҳақида сўз бормоқда. Иброҳимнинг (алайҳиссалом) аломати орқали бизга ваъда берилди ва бу ваъда сиз билан бизни ҳам қамраб олади. Ваъданинг биринчи қисми бажо бўлганига ишончимиз комил бўлгани сабабли, унинг бизга тегишли бўлган иккинчи қисми ҳам ҳеч бир муболағасиз аниқ амалга ошишига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Биздан уни тушуна билиш талаб этилади, холос.
Эътибор беринг, Иброҳимга ваъда берилгач, у Аллоҳга итоат қилди ва… “Эгамиз амр қилгандай, Ибром кетди” (4-оят)
Карта странствий Ибрахима
Иброҳим босиб ўтган йўл харитаси
Иброҳимнинг ваъда қилинган юрт сари қилган сафари қанча давом этди? Харитага қарайлик. Аввалига Иброҳим Ур шаҳрида (ҳозирги Ироқнинг жанубий қисми) яшаган, кейин Хоронга (Ироқнинг шимоли) кўчиб ўтган. Шундан сўнг Иброҳим у пайтда Канъон деб аталган юртга йўл олди. Кўриб турганингиздек, унинг саёҳати узоқ давом этди. Катта эҳтимол айтиш мумкинки, у туяда, отда ёки эшакда йўл босган. Унга манзилга етиб бориш учун бир неча ой керак бўлди. Иброҳим ўз оиласини, Месопотамиядаги уйини (у пайтда Месопотамия жуда ривожланган марказий ҳудуд ҳисобланган), ўзи кўникиб ўрганган, хавфсиз жойни ва ҳамма нарсаини ташлаб, номаълум юртга йўл олди. Тавротга кўра, ўша пайтда унинг ёши 75 да бўлган.
Олдинги пайғамбарлар каби у қурбонликлар келтиради
Яна Тавротда Иброҳим (алайҳиссалом) Канъонга келганида: “… Эгамизга атаб ўша ерда қурбонгоҳ қурди”, дейилади (7-оят).
Қурбонгоҳ — Иброҳим ҳам худди Қобил ва Нуҳ каби Аллоҳга қурбонликлар келтирган жой эди. Маълумки, пайғамбарлар шу орқали Аллоҳга сажда қилганлар.
Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳга итоат қилмоқ учун улуғ ёшда бўлганига қарамай, бор нарсасини қурбон қилди. Бу билан у ўзини Аллоҳнинг иродасига топширди, Аллоҳ унга ваъда қилиб, у орқали жамики халқларга барака беришини айтган эди. Шунинг учун ҳам у биз учун жуда муҳим шахс ҳисобланади. Аммо аломат бу билан чегараланмайди. Кейинги мақоламизда Иброҳим алайҳиссаломнинг иккинчи аломати ҳақида сўз юритамиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *