Skip to content
Home » Иброҳим аломати 2: Солиҳлик

Иброҳим аломати 2: Солиҳлик

  • by

Биз, одамлар Парвардигордан нима истаймиз? Бу саволга бир нечта жавоб бор, аммо Одам ато аломати инсонда энг катта эҳтиёж солиҳликка эришиш илинжи эканини эслатиб туради. Бу аломат бевосита бизга (Одам фарзандларига) қаратилган:

“Эй Одам фарзандлари! Сизларга танангизни ёпадиган ва (сизларни) чиройли кўрсатадиган кийим (яратиш имконини) бердик. (Сизларни) ҳимоя қиладиган кийим – шу энг яхши кийим. Бу Аллоҳнинг оятларидандир, насиҳат олгайсизлар!”

Аъроф 7:26

Солиҳлик ўзи нима? Тавротда Парвардигор Худо ҳақида шундай дейилган:

У суянган Қоям, Унинг ишлари комил,

Ҳамма йўллари адолатлидир.

Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ,

У ҳақ ва одилдир.

Қонунлар 32:4

Бу Аллоҳ берадиган инъом сифатида ато қиладиган солиҳликнинг рамзий ифодасидир. Солиҳлик мукаммалликни, яъни инсоннинг барча йўллари (баъзиларигина ёки аксарияти эмас, ҳаммаси) Худога мақбул бўлиши ва одам ҳеч қандай (умуман ҳеч қандай) ёмон ишларни қилмаслигини англатади. Мана шундай одам солиҳ бўлади. Солиҳлик ана шуни англатади ва Таваротда Аллоҳнинг айнан шундай Зот эканлигини кўрамиз. Лекин солиҳлик бизга нима учун керак? Жавоб учун тўғридан-тўғри Забур китобига мурожаат қилайлик. 15-санода (Довуд пайғамбар томонидан ёзилган) шундай дейилади:

Ўзинг сақла мени, эй Худо!

Мен Сенда паноҳ топаман.

Эгамга айтдим: “Менинг Раббимсан,

Сендан бошқа менинг буюк бахтим йўқ.”

Нақадар улуғвордир юртдаги тақводорлар,

Улардан мен ғоят завқ оламан.

Сохта худоларга эргашганларнинг кулфати ортади.

Уларнинг ичимлик назри қон экан,

Мен уларнинг бу назрларига қўшилмайман,

Сохта худоларнинг исмларини тилга олмайман.

Эй Эгам! Барқарорлигим Сенсан,

Муваффақиятим ҳам Ўзингдирсан,

Келажагимни Сен таъминлайсан.

Забур 15

“Ким макон топади Сенинг муқаддас тоғингда?” деган саволни бошқача ифода этиш мумкин: “Ким Аллоҳ билан жаннатда макон топади?” Жавобдан кўрамизки, фақат тўғри юриб, тўғри иш қилганларгина (2-оят) Аллоҳ билан жаннатда макон топади. Шунинг учун ҳам биз солиҳликка муҳтожмиз. Солиҳлик — Аллоҳ билан жаннатда макон топишимизнинг ягона шарти, нега десангиз, Аллоҳ баркамолдир.

Энди Иброҳим (алайҳиссалом) нинг иккинчи аломатига тўхталиб ўтсак. (Ушбу парчани ўқиш учун бу ерга босинг). Таврот ва Қуръондан олинган ушбу парчаларда кўрамизки, “Албатта, Иброҳим Нуҳнинг йўлини тутганлардан эди” (Соффаат 37:83) ва шу йўлни тутгани учун Эгамиз уни солиҳ деб билди (Ибтидо 15:6). Одам ато аломати ўргатганидек, биз айнан ўша солиҳликка муҳтожмиз. Шундай қилиб, муҳим бир саволга жавоб беришимиз керак: Эгамиз нима учун уни солиҳ деб билди?

Менга қўйиб берилса, солиҳликка икки йўл орқали эришиш мумкин, деб ўйлайман. Биринчи йўл (менимча) — Аллоҳнинг борлигига ишониш. Мен Аллоҳга ишонаман. Иброҳим (алайҳиссалом)ни олиб қарайдиган бўлсак, у Худога ишонмаганми? (Ибтидо 15:6) Шунга қарамай, бир оз мулоҳаза қилиб, мен шундай хулосага келдим: у танҳо Худонинг борлигига ишониш билан чегараланмаган. Йўқ. Ахир, Парвардигор унга ўғил беришни қатъий ваъда қилган эди. Иброҳим (алайҳиссалом)да Аллоҳнинг ваъдасига ишониш ёки ишонмасликдан бирини танлаш эркинлиги бор эди. Яна бир ўйлаб кўрайлик: шайтон (уни иблис деб ҳам аташади) Аллоҳнинг борлигига ишонади, лекин, табиийки, ҳеч қандай солиҳликка эга эмас. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳнинг борлигига ишонишнинг ўзи тўғри “йўлдан” юриш учун кифоя қилмайди. Бу етарли эмас.

Солиҳликка эришишнинг иккинчи йўли ҳақида мен кўп ўйлайман, бу – Худога мақбул бўлиш, хайрли ишларни қилиш, яъни яхши амаллар эвазига бу номга сазовор бўлишдир. Бунда мен ёмонликдан кўра кўпроқ яхшилик қиламан, ибодат қиламан, рўза тутаман, Худога ёқадиган амаллар билан солиҳликка эришаман. Аммо менимча Тавротда бутунлай бошқа нарса айтилган.

Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди

Ибтидо 15:6

Иброҳим солиҳликка лойиқ эмас эди, Эгамиз уни “солиҳ деб билди”. Фарқи нимада? Меҳнат эвазига ютуққа эришиш — бу бошқа нарса, фарқи шунда. Сиз мукофотга “сазовор” бўлишингиз мумкин. Бу худди ойлик маош олишдай гап. Сизни солиҳ деб билишлари эса солиҳликка эришиш учун ҳеч нарса қилмаганингизни англатади. Бу инъом бўлади. Сиз унга лойиқ эмассиз.

Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳнинг борлигига қаттиқ ишонувчи одам бўлган. У кўп ибодат қилар, Аллоҳни эъзозлар, қийинчиликка йўлиққан одамларга ёрдам берарди (ибодат қилар ва жияни Лутга ёрдам берарди). Албатта, буни ҳисобга олмай бўлмайди. Иброҳим босиб келган “йўл” бу ерда шу даражада содда қилиб кўрсатилган-ки, унга эътибор бермасликнинг иложи йўқ. Тавротда Эгамиз Иброҳим (алайҳиссалом)ни солиҳ деб билгани айтилади, бунга Иброҳимнинг Аллоҳ берган ваъдага ишонгани сабаб бўлди. Бу солиҳликка қандай эришиш ҳақида фикр бизнинг одатий тасаввурларимизга мутлақо зид келади. Биз икки нарсадан бирини тўғри деб биламиз: ё Аллоҳнинг борлигига ишонишнинг ўзи кифоя қилади деймиз, ёки солиҳликка эришиш учун хайрли ишларни, Худога ёқадиган амалларни етарлича бажариш (ибодат қилиш, рўза тутиш ва ҳ.к.) керак деймиз. Бироқ Иброҳимнинг йўли бошқача бўлган. У шунчаки ваъдага ишонди, холос.

Бир томондан ўғил ҳақидаги ваъдага ишониш осон, иккинчи томондан эса жуда қийин. Иброҳим (алайҳиссалом) бу ваъдага беписанд қараши, дейлик, агар Аллоҳ ҳақиқатан ҳам унга ўғил беришни хоҳлаганда, аллақачон берган бўларди, деб ўйлаши мумкин эди. Бу пайтга келиб Иброҳим ва унинг рафиқаси Сора кексайиб бўлган эдилар ва шу боис фарзанд кўра олмасди. Иброҳимнинг биринчи аломатида айтилишича, у отасининг уйидан чиқиб, Канъонга йўл олганида 75 ёшда бўлган. Аллоҳ ўша вақтда унга “буюк халқнинг” отаси бўлишини ваъда қилди. Орадан кўп йиллар ўтди. Ваъданинг амалга ошишини кутган Иброҳим ва Сора қариб кексайишди. Аммо улардан “буюк халқ” келиб чиқиши у ёқда турсин, ақалли биргина фарзанд ҳам туғилмади. Иброҳим: “Нима учун Аллоҳ бизга ҳалигача ўғил бермади? У буни қила оларди-ку”, деб ҳаёл қилган бўлса ажаб эмас. Бошқача қилиб айтганда, у гарчи шубҳага берилган бўлса-да, келажакда ўғилли бўлиши ҳақидаги ваъдага ишонган. У ваъдани Аллоҳ бергани учун ишонган, лекин инсоний нуқтаи назардан қаралганда, у кўп нарсани тушунмас эди. Ўғил туғилиши (фарзанд кўришнинг иложи бўлмаганда, кексаликда туғилиши) ҳақидаги ваъдага ишониш учун одам Аллоҳ мўъжиза қилишга қодирлигига ишонмоғи даркор.

Бундай ваъдага ишониб яшаш учун одам узоқ вақт, сабр билан кутишга қодир бўлиши керак. Иброҳим ваъда қилинган юртда узоқ йиллар чодирларда яшаб, ваъда қилинган ўғилни кутди ва ниҳоят интизорлик билан кутган хабарни эшитди. Аллоҳнинг ваъдасини бутунлай унутиш ва узоқ йиллар олдин тарк этилган Месопотамия (ҳозирги Ироқ) даги фаровон ҳаётга қайтиш осонроқ эди. У ерда ҳали ҳам унинг укаси ва кўплаб қариндошлари яшар эди. Иброҳим Аллоҳнинг ваъдасига ишонгани боис кўп қийинчиликларга дош бериб келди. Кун сайин, кўп йиллар давомида у башоратнинг амалга ошишини сабр-тоқат билан кутди. У ваъдага шу қадар қаттиқ ишонган-ки, ҳаётидаги ҳамма нарса, қулайликлар, фаровонлик ва ҳоказолар иккинчи даражали бўлиб қолган. Қайсидир маънода, ваъданинг амалга ошишини кутар экан, Иброҳим ҳаётда инсон учун одатий бўлган интилишлардан атайлаб воз кечди. Унинг ваъдага бўлган ишончи Аллоҳга бўлган имони ва севгисининг ёрқин далили бўлди.

Унинг имони Аллоҳнинг айтганларини шунчаки онг билан узвий боғлиқ туйғу бўлмаган. Иброҳим таваккал қилиб ўз ҳаётини, шаънию яхши номини, хавфсиз ҳаётини ҳамда ўша даврдаги ҳаракатлари-ю, келажакка боғлаган умидларини ўртага тикди. Ваъдага ишониб, у фаоллик ва камтарлик ила Аллоҳни кутди.

Бу аломатда айтилишича, Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳнинг ўғил ҳақидаги ваъдасига ишонган ва Аллоҳ бу учун уни солиҳ деб билган. Аслида Иброҳим бу ерда ҳақиқий итоат кўрсатди, ўзини паст тутди. У ваъдага ишонмаслиги, ўзи туғилиб ўсган юртига, ватанига (ҳозирги Ироқ ҳудуди) қайтиб кетиши мумкин эди. Аллоҳнинг борлигига шунчаки ишониш, ибодат қилиш, рўза тутиш ва бошқаларга ёрдам бериш билан чегараланганида агар у ваъдага беписанд қараши мумкин эди. Бу ҳолда у ўз динига содиқ қолган бўлар эди, холос, Аллоҳ уни солиҳ деб билмас эди. Қуръони карим Одам фарзандларига айтганидек: “Тақволик кийими (солиҳлик) энг яхши кийимдир”. Бу – Иброҳимнинг йўли.

Бизга кўп нарса очилган. Солиҳлик ёки жаннатга киришимиз керак бўлган нарса аслида хизматларимиз натижаси эмас. Солиҳлик бизга инъом тариқасида берилади. Кимки Аллоҳнинг ваъдасига ишонса, Аллоҳ уни солиҳ деб билади. Бироқ солиҳлик учун биз тўлов қилмаган бўлсак агар, ким тўлов қилган? 3-аломатни кўриб чиқайлик.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *