Skip to content
Home » Иброҳим аломати 3: Қурбонлик

Иброҳим аломати 3: Қурбонлик

  • by

Улуғ пайғамбар Иброҳим (алайҳиссалом)га ўғил туғилиши ваъда қилинган эди, бу ҳақда олдинги аломатда ўқидик. Аллоҳ Ўз ваъдасига содиқ қолди. Тавротда Иброҳим (алайҳиссалом) дан иккита ўғил туғилгани ҳақида айтилади. Жумладан биз (Ибт. 16 да) Хожар унга Исмоилни туққанини кўрамиз, сўнг эса, ўн тўрт йил ўтгач, Сорадан Исҳоқ туғилди (Ибт. 21). Афсуски, шу туфайли Иброҳимнинг иккала хотини ўртасида келишмовчиликка олиб келди ва пайғамбарга Ҳожар билан унинг ўғлини уйдан ҳайдаб юборишга тўғри келди. Бу воқеа қандай содир бўлгани ва Аллоҳ Ҳожар билан Исмоилга қандай марҳамат кўрсатгани ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.

Иброҳим пайғамбар олиб келган қурбонлик: Ид аль-адха (Қурбон хайит) байрамининг асоси

Энди Иброҳим (алайҳиссалом) хонадонида биргина ўғли қолгач, пайғамбар энг оғир синовга дучор бўлади ва айнан ўша синов бизга Тўғри йўлни кўрсатади. Иброҳим ўз ўғлини қурбон қилмоқчи бўлгани ҳақидаги ҳикоянинг Таврот ва Қуръонда берилган тафсилотларини бу ерда ўқишингиз мумкин. Ид аль-адха (Қурбон ҳайит) байрами нишонланишига ана шу ҳодиса сабаб бўлган. Аммо буни шунчаки тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳодиса деб бўлмайди. Ушбу қурбонликнинг аҳамияти анча кенгроқ.

Муқаддас битикларда айтилишича, бу Иброҳим (алайҳиссалом) нинг имони учун бир синов бўлган. Аммо бу мазкур ҳодисанинг бир жиҳати, холос. Иброҳим — пайғамбар ва бу воқеа ҳам биз учун Аломат ҳисобанади, токи Худонинг бизга бўлган муҳаббатини билиб олайлик. Бу аломат нимадан иборат? Иброҳим Исҳоқни қурбонликка келтирмоқчи бўлган жойни қандай номлаганига эътибор беринг. Тавротдан тегишли парча қуйида келтирилган, уни ҳозир ўқишингиз мумкин.

“Иброҳим бошини кўтариб, қўчқорни кўриб қолди. Қўчқорнинг шоҳлари чакалакларга ўралиб қолган эди. Иброҳим қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди. Шунинг учун бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетган”

. Ибт. 22:13–14

Иброҳим бу жойга қандай ном қўйганига эътибор беринг — “… бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди”. Бу башорат қайси замон феълида келади: ўтган замондами, ҳозирги замондами ёки келаси замондами? Келаси замон феълида. Бу жойга ойдинлик киритиш учун Мусо алайҳиссалом кейинчалик ўз тафсилотларини қўшади (у Таврот битикларини мазкур воқеадан кейин 500 йил ўтиб ёзган) ва худди ўша иборани такрорлаб, бу ном “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетганини эътироф этади. Яна келаси замон феъли. Кўпинча бу парчани шундай изоҳлашадики, худди Иброҳим бу билан шохлари чакалакзорга ўралашиб қолган ва Исҳоқ ўрнига қурбонликка келтирилган қўчқорни назарда тутгандай туюлади. Аммо эътибор бериб қарайдиган бўлсак, Иброҳим бу жойга ном берганда, қўчқор аллақачон сўйилган, қурбонлик қилинган ва ёқиб куйдирилган эди. Агар Иброҳим ўша қўчқорни назарда тутганда, ўтган замон феълини ишлатиб “Эгамизнинг тоғида берилди” деган бўларди. Агар Исҳоқ ўрнига қурбонликка келтирилган қўчқор ҳақида сўз борганда, Мусо алайҳиссалом ҳам: “бу ном “Эгамизнинг тоғида берилди” деган ҳикматга айланиб кетганини эътироф этган бўларди. Аммо иккала пайғамбар ҳам жойга ном беришда келаси замон феълини ишлатади. Шундан хулоса қиламизки, бу ерда қўчқор ҳақида сўз бормаган, чунки у аллақачон сўйилган ва қурбонликка келтирилган эди.

Ким ҳақида сўз боради? Ёрдамчи саволга эътибор беринг: Аллоҳ Иброҳимга Аломат бериб, уни қаерга жўнатди?

Эгамиз деди: “Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан” (2-оят).

Шундай қилиб, ҳаммаси Мориёх ерида юз беради. Бу ер қаерда бўлган? Иброҳим даврида (мил. ав. 2000 й.) у ерлар саҳро бўлган, бироқ минг йил ўтиб (мил.ав. 1000 й.) машҳур шоҳ Довуд у ерда Қуддус шаҳрини қуради, унинг ўғли Сулаймон эса ўша ерда Эгамизнинг уйини барпо қилади. Муқаддас Китобда шундай дейилади:

“Сулаймоннинг отаси шоҳ Довуд Эгамизнинг уйи учун Қуддусда бир жой тайёрлаб қўйган эди. Бу жой Мориёх тоғида — Довудга Эгамиз зоҳир бўлган Ёбуслик Аравнонинг хирмонида эди. Сулаймон Эгамизнинг уйини ўша ерда барпо қила бошлади.”

2 Сол. 3:1

Бошқача қилиб айтганда, Иброҳим (кейин эса Мусо) даврида Мориёх тоғи саҳро ўртасида ёлғиз ўзи қад кўтариб турган, лекин орадан 1000 йил ўтиб Довуд ва Сулаймон у ерда Исроил шоҳлигининг пойтахтига асос соладилар, кейин эса ўша ерда Эгамизнинг уйини барпо этадилар. Бу жой ҳанузгача яҳудийлар учун зиёратгоҳ бўлиб қолмоқда.

Мориёх тоғини Иброҳим (алайҳиссалом) эмас, айнан Эгамиз танлаган. “Жин” сурасида (72-сура) шундай изоҳ берилади:

“Масжидлар Аллоҳга тегишли! Аллоҳ билан биргаликда ҳеч кимга дуо қилманглар!”

Жин сураси 72:18

Сажда қилиш учун жойни Эгамизнинг ўзи танлайди. Келинг, нима учун Мориёҳ тоғи танланганини билиб олайлик.

Исо ал-Масих

Бу ерда биз Исо ал-Масиҳ (алайҳиссалом) ва Инжил билан бевосита боғлиқлик борлигини кўрамиз. Бу боғлиқлик Исонинг унвонларидан бирини билганимизда яққол намоён бўлади. Исонинг унвонлари кўп бўлган. Лекин шак-шубҳасиз улар ичида энг кўп ишлатиладигани “Масиҳ” деган унвондир. Унинг бу қадар кўп маълум бўлмасада, лекин муҳимлиги жиҳатидан қолиишмайдиган бошқа унвони ҳам бор. Бу ҳақда Инжилда ёзилган. Жумладан, Яҳё чўмдирувчининг шундай сўзларини ўқиймиз:

“Эртаси куни Яҳё Исонинг яқинлашиб келаётганини кўриб, шундай деди:

— Ана, Худонинг Қўзиси! У дунёни гуноҳдан поклайди! Мен ана шу Киши ҳақида: “Менинг кетимдан келаётган Зот мендан улуғдир, чунки У мендан олдин мавжуд бўлган”, деб айтган эдим.” (Юҳанно 1:29-30)

Яҳё Исога бошқа, бу қадар машҳур бўлмаган ном берди: Худонинг Қўзиси. Аммо бу номнинг аҳамияти ҳақиқатан ҳам катта. Исонинг ҳаёти қандай якун топганини эсланг. У қаерда ҳибсга олинди, қаерда ўлимга ҳукм қилинди? Қуддусда (яъни, Мориёх тоғида). Унинг ҳибсга олингани ҳақида аниқ айтилади:

“Исо Ҳироднинг қўли остидаги ҳудуддан эканини Пилат билгач, Уни Ҳирод ҳузурига жўнатди. Ҳирод ўша пайтда Қуддусда эди.”

Луқо 23:7

Бошқача қилиб айтганда, Исонинг ҳибсга олиниши ҳам, хочга михланиши ҳам Қуддус шаҳри (Мориёх тоғи) билан боғлиқ.

Аммо Иброҳимга қайтайлик. Нима учун бу жойга ном беришда келаси замон феъли ишлатилган — “Эгамизнинг тоғида берилади” дейилган? Иброҳим пайғамбар бўлгани учун Эгамиз бу тоғда нимадир беришини билар эди. Иброҳимнинг ўғли ўлимдан қутулиб қолди, энг сўнгги паллада унинг ўрнига қўчқор сўйилди. Икки минг йил ўтиб, Худонинг Қўзиси — Исо ҳибсга олинди ва худди ўша жойда қатл қилинди!

Картинка

Мориёх тоғида юз берган асосий

ҳодисалар хронологияси

Иброҳим ва Исҳоқ

Қурбонликка келтирилган қўчқор

“Эгамизнинг тоғида берилади”

Шоҳ Довуд ва шоҳ Сулаймон

Пойтахтга асос солишди

Унга Қуддус деб ном беришди

Эгамизнинг уйини барпо этишди

Исо Ал Масиҳ

“Худонинг Қўзиси” деб аталган

Ўша жойда хочга михланди

мил. ав. / мил.

Иброҳимни ўлимдан сотиб олиш эвазига қилинган қурбонлик

Бунинг бизга алоқаси борми? Мен Иброҳим Аломати якунига эътибор қаратдим. Қуръони Каримнинг 107-оятида Иброҳим (алайҳиссалом) ҳақида шундай дейилган:

“Биз унга (ўғлини ўрнига) катта бир қурбонликни фидя қилиб бердик”.

Бу ерда “фидя қилдик” деган ибора сотиб олишни англатади. Сотиб олиш дейилганда, бу ерда маҳбусни тўлов эвазига озод қилиш назарда тутилади. Иброҳим (алайҳиссалом) сотиб олинган бўлса агар, демак у асир, бировнинг қули бўлган (ҳатто улуғ пайғамбар ҳам қул бўлиши мумкин!). Уни ким асир қилган? Бу ҳақда Исҳоқнинг қурбонликка келтирилгани ҳақидаги ҳикояда баён этилади. Уни ўлим асир қилган эди. Буюк пайғамбар бўлганига қарамай, ўлим уни асир қилган эди. Одам Ато Аломатидан биламизки, Аллоҳ Одам Атони ва унинг авлодларини (ҳаммани, шу жумладан, пайғамбарларни ҳам) ўлимга гирифтор қилиб яратган. Улар — ўлим асиридирлар. Бироқ қурбонликка келтирилган қўчқор ҳақидаги ҳикояда Иброҳим (алайҳиссалом) асирликдан қандайдир йўл билан “сотиб олинди”. Юқорида айтиб ўтилган Аломатлар кетма-кетлигини тахлил қиладиган бўлсак (Одам Ато, Қобил ва Ҳобил, Нуҳ, Иброҳим) пайғамбарлар қадим замонлардан бери ҳайвонларни қурбонликка келтирганларини кўрамиз. Улар биз билмаган нарсадан воқиф бўлган кўринади. Бундан ташқари, шуни кўрамизки, Исҳоқнинг қурбонликка келтирилиши келажакка, яъни Худонинг Қўзиси — Исо Масиҳга ишора қилган бўлса, демак сотиб олиниш ҳам қандайдир тарзда у билан боғлиқ.

Қурбонлик: биз учун барака

Мориёҳ тоғида қўчқорнинг қурбонликка келтирилиши сиз билан мен учун ҳам катта аҳамият касб этади. Суҳбат охирида Аллоҳ Иброҳимга шундай дейди:

“Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади”

Ибт. 22:18

Агар сиз “ер юзидаги барча халқлар” қаторида бўлсангиз (аслида ҳам шундай!), демак бу ваъда сизга ҳам таалуқли, яъни сизга Аллоҳдан барака ваъда қилинган! Бу ажойиб эмасми?! Бироқ Иброҳим ҳақидаги ҳикоя билан Исо ўртасидаги боғлиқлик биз учун қандай қилиб барака бўла олади ва нима учун? Аввалига шуни таъкидлаш керакки, Иброҳим (алайҳиссалом) “сотиб олинган” ва бу биз учун бир ишорадир. Мана шу ишорасиз бу саволга умуман жавоб бериб бўлмайди. Шундай экан, келинг, Мусо Аломатига (унга иккита Аломат берилган) ўтайлик. Бу бизнинг ҳолатимизга ойдинлик киритади.

Ҳозирча, “насл” деган сўзнинг бирликда ишлатилганини белгилаб қўйинг. Бу ерда “насллар” ҳақида сўз бормайди. Ваъда Иброҳимнинг насли бўлган битта шахс орқали амалга ошади. Яъни битта эркак киши назарда тутилган, кўп одамлар эмас. Мусо пайғамбарнинг Фисиҳ Аломати ҳаммасига ойдинлик киритиб олишга ёрдам беради.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *