Кўплаб башоратларни таҳлил қилиб, шунга гувоҳ бўламизки, уларни бир-биридан бир неча асрлар ажратиб туришига қарамай (инсоний нуқтаи назардан бу башоратларни бир-бири билан уйғунлаштириб бўлмайди), барчасини Исо Масиҳнинг келиши ҳақидаги мавзу боғлаб туради. Биз юқорида Ишаё (алайҳиссалом) нинг ўлик томирдан ўсиб чиққан Новда (шох) образини ишлатгани ва сўнг Закариё (алайҳиссалом) Новдага ибронийча Ёшуа деган исм берилишини башорат қилганини айтиб ўтган эдик. Ёшуа юнон тилида “Иисус” (арабчада Йисо) деб юритилади. Масиҳ деган унвон ҳақида Исо ал-Масиҳ (Исо алайҳиссалом) туғилишидан 500 йил олдин башорат қилинган эди. Бу ҳақидаги башорат яҳудийларнинг китобларида (Инжилда эмас) ёзилган бўлиб, яҳудийлар уларни ҳозирги қадар ўқиб, қабул қилишади, гарчи маъносини тушунишмаса-да.
Дониёр пайғамбар
Энди Дониёр пайғамбар (алайҳиссалом) га ўтсак. Дониёр Яҳудо халқи Бобилга асир қилиб олиб кетилган даврда яшаган. У Бобил ва Форс шоҳининг юқори мартабали зодагонларидан бири бўлган. Бундан ташқари унинг пайғамбар бўлгани маълум. Қуйида вақт шкаласида Дониёр пайғамбар (алайҳиссалом) нинг бошқа пайғамбарларга нисбатан яшаган даври кўрсатилади.
Дониёр, Нахимиё ва ўша даврдаги
бошқа пайғамбарлар хронологияси
Довуд Забур саноларини ёзади; Забур тўпламининг пайдо бўлиши
Қуддус (Ал Қудс) га асос солиниши
Сулаймон Худонинг уйини қуради/Юнус/Ишаё/Михо/Еремиё/Хизқиёл/Дониёр/Закариё/
Эстер/Эзра ва Нахимиё/Малаки/Исо
Мил. 1-йил
Мил.ол./ мил.
Мустақил шоҳлик. Қуддусда шоҳлар ҳукмронлик қилади
Бобилликлар томонидан босиб олиниши; Исроил халқининг Бобулга асир қилиб олиб кетилиши
Форс империяси провинциясига айланган Исроилга қайтиш
Исроил Искандар Зулкарнай империяси провинциясига айланади
Исроил Рим империяси провинциясига айланади
Қуддус мил. 70 йилда Римликлар томонидан вайрон қилинади; яҳудийлар бутун дунёга ёйилиб кетади.
Дониёр ва Нахимиё пайғамбарлар вақт шкаласида Забур тўпламидаги бошқа пайғамбарларга нисбатан.
Дониёр пайғамбар (алайҳиссалом) ўз китобида унга бош фаришта Жаброилдан қандай хабар берилганини тасвирлайди. Бутун Муқаддас Китоб (ал-Китоб) ни кўрадиган бўлсак агар,бош фаришта Жаброил билан гаплашиш фақат Дониёр пайғамбарга ва Исо (алайҳиссалом) нинг онаси Марямга насиб қилганини кўришимиз мумкин. Бош фаришта Жаброилнинг сўзлари алоҳида эътиборга лойиқ. У ҳақида шундай дейилади:
“… олдимга Жаброил учиб тушди. Мен уни олдинги ваҳийда ҳам кўрган эдим. У менга тушунтирди: «Дониёр, мен олдингга ваҳийни тушунтирмоқ учун келдим. Сен Худога илтижо қила бошлаганингда, У сенга жавоб берган эди. Мен жавобини сенга етказмоқ учун келдим, чунки сен Худонинг суюкли бандасисан. Қани, энди айтадиган гапларимни яхшилаб эшит, ваҳийнинг маъносини тушуниб олгин: исённи бартараф этиш, қабиҳликка чек қўйиш, гуноҳдан поклаш ҳамда абадий адолат ўрнатиш учун Худо сенинг халқинг ва муқаддас шаҳринг учун етмиш карра етти йил белгилади. Шунда ваҳий ва кароматлар амалга ошади, муқаддас Маъбад эса табаррук қилинади. Шуни билиб қўйгинки, Қуддусни тиклаш учун амр берилганидан то Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи келгунига қадар, етти карра етти йил ўтади. Олтмиш икки карра етти йил мобайнида Қуддус шаҳри, унинг йўллари ва мудофаа иншоотлари тикланади, аммо булар машаққатли дамларда содир бўлади. Олтмиш икки карра етти йил ўтгач, Худо танлаган йўлбошчи ўлдирилади. У эришган ҳамма нарса барбод бўлади. Қўшин тортиб келган ажнабий бир ҳукмдор шаҳарга кучли селдай ёпирилиб, шаҳарни ҳамда Маъбадни вайрон қилади. Худонинг қарорига мувофиқ, урушу вайронагарчиликлар ўша даврнинг охиригача давом этади.
Днр. 9:21-26
Демак, бу ерда Худо мой суртиб танлаган Шоҳ (= Масиҳ бу ерга қаранг) ҳақида сўз боради. Фаришта Жаброил Масиҳ келадиган вақтни аён қилади. Жаброилнинг сўзларига кўра, вақт ҳисоби “Қуддусни тиклаш учун амр” берилиши билан бошланади. Бу ваҳий Дониёрга берилган (мил.ол. 537 йиллар) ва Дониёр вақт ҳисоби бошланган кун келмасидан аввал бу оламни тарк этган.
Қуддусни тиклаш учун амр берилиши
Биргина Нахимиё пайғамбарнинг ҳаёти ўша ҳисоб вақти бошланган даврга тўғри келган. Нахимиё Дониёр пайғамбардан 100 йил кейин яшаган. Унинг Форс шоҳи Артахшаснинг соқийси бўлгани ва Шушандаги қалъада яшагани маълум. Бу жой ҳозирги Эрон ҳудуди ҳисобланади. Шкалада унинг ҳаёти даври кўрсатилган. Нахимиё шундай сўзларни ёзиб қолдирган:
Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили, Нисон ойи эди. Бир
куни шоҳга шароб келтирилди. Мен шаробни олиб кириб, унга узатдим. Шоҳ
қаршисида мен ҳеч қачон ғамгин аҳволда бўлмагандим. Шунинг учун шоҳ
мендан сўради:
— Нега ғамгин кўринасан? Касалга ўхшамайсан–ку! Юрагингда бирор дардинг бўлса керак–а?
Мен қаттиқ қўрқиб кетдим, шунга қарамай шоҳга дедим:
— Шоҳ ҳазратларининг умрлари узоқ бўлсин. Ота–боболаримнинг қабрлари
жойлашган шаҳар ташландиқ бўлиб, ўша шаҳарнинг дарвозалари ёндириб
юборилса–ю, нега ғамгин бўлмайин?! —Шоҳ мендан:
— Тилагинг нима? — деб сўради. Шунда мен Самовий Худога ибодат қилиб,
шоҳга шундай жавоб бердим:
— Агар шоҳ ҳазратлари маъқул топсалар, бу қулингиз шоҳ ҳазратларидан
марҳамат топган бўлса, мени Яҳудо юртига — ота–боболаримнинг қабрлари
жойлашган шаҳарга юборсалар, деб илтимос қилмоқчи эдим, токи мен у шаҳарни қайтадан қурайин.
Малика ҳам шоҳнинг ёнида ўтирган эди. Шоҳ мендан:
— Қанча вақт йўл юрасан? Қачон қайтиб келасан? — деб сўради. Мен унга
қачон қайтиб келишимни айтдим. Шоҳ менга марҳамат қилиб, ижозат берди.
Сўнгра мен шоҳга яна дедим:
— Агар шоҳ ҳазратлари маъқул деб топсалар, Фурот дарёсининг ғарбидаги
вилоят ҳокимларига мактублар ёзиб берилса, токи Яҳудога кириб боришим учун улар менга ижозат беришсин. Яна шоҳ ҳазратлари ўрмон қоровули Осифга ҳам мактуб ёзиб, унга кўрсатмалар берсалар, у менга дарахтлар кесиб берсин. Маъбад ёнидаги қалъа дарвозалари учун, шаҳар девори ва ўзим яшайдиган уй учун керак бўладиган ёғоч билан у мени таъминласин.
Мен нима сўраган бўлсам, шоҳ ҳаммасига ижозат берди, чунки Худойимнинг марҳамати менга ёр эди.
Шоҳ бир неча лашкарбошисини ва отлиқ сипоҳларини менга ҳамроҳ қилиб
жўнатди. Мен Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимлари ҳузурига бориб, уларга шоҳнинг мактубларини бердим. Байт–Хўронлик Санбаллат* ва Оммонлик малай Тўвиё: “Исроил халқининг манфаати учун жон куйдирадиган биттаси келибди” деган гапни эшитиб, ғоят ғазабландилар.
Шундай қилиб, мен Қуддусга етиб келдим…”
Нах. 2:1-11
Бу Қуддусни тиклаш учун ўша, Дониёр башорат қилган амрнинг таърифи бўлади. Мазкур ҳодисанинг Форс шоҳи Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили содир бўлгани айтилади. Бизга маълум бўлишича Артахшаснинг ҳукмронлик даври мил. ол. 465 йилдан бошланган. Бундан келиб чиқадики, Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили мил. ол 444 йилга тўғри келган. Юқорида айтилган амр ўша йили чиққан. Дониёр пайғамбар (алайҳиссалом) га Аллоҳдан ваҳий етказган бош фаришта Жаброил бизга вақт ҳисоби аломатини беради. Ва мана энди, бу ҳақида айтилганидан кейин бир неча аср ўтиб, Дониёрнинг башорати ҳақида билмаган Форс шоҳи Қуддусни тиклаш тўғрисида амр чиқаради. Бу билан вақт ҳисоби бошланади ва ўша вақт ўтгач ер юзига Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи — Масиҳ келади.
Етти карра етти йилнинг сирли маъноси
Бош фаришта Жаброилнинг сўзларига кўра, Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи келгунига қадар, етти карра етти йил ўтади. Бироқ, етти карра етти йил, деган ибора нимани англатади? Мусо (алайҳиссалом) га берилган Таврот китобида етти йиллик даврлар ҳақида алоҳида айтилган. Жумладан, Исроил халқига олти йил давомида далаларига экин экиш, узумзорларини бутаб, ҳосилини йиғиш, аммо еттинчи йили ерга тўлиқ дам бериш буюрилган. Шундан биламизки, юқорида етти йиллик давр назарда тутилади. Бундан келиб чиқадики, вақт ҳисоботи икки қисмдан иборат бўлиб, юқорида кўрсатилган амрдан бошланади. Биринчи қисм — “етти карра етти йил” ни ўз ичига олган даврдир. Бошқача қилиб айтганда, 7*7=49 — бу Қуддуснинг қайта тикланиши учун кетадиган вақт. Давомида “олтмиш икки карра етти йил”, деган иборани кўрамиз; яъни жами олиб қаралганда 7*7+62*7 = 483 йил келиб чиқмоқда. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Артахшаснинг амри чиққанидан то Масиҳ келишига қадар 483 йил ўтади.
Бир йил — 360 кун
Келинг, тақвимга кичик ўзгартириш киритайлик. Қадимги даврда кўплаб халқлар қаторида пайғамбарлар ҳам 360 кунлик йил тақвимидан фойдаланишган. Тақвимда йилнинг давомийлиги турлича кўрсатилиши мумкин. Ғарб мамлакатларида йил (Ер шарининг Қуёш атрофида бир айланиши) 365,24 кунга тенг, мусулмонларда эса йил 354 кунга тенгдир (ойнинг ер шари атрофида айланиш циклига асосланилади). Дониёр қўллаган тақвимда бир йил 360 кунга тенг бўлган. Бошқача қилиб айтганда, 483 йил (ҳар бир йил — 360 кунга тенг) 483*360/365,24 = 476 астрономик йилни назарда тутган.
Масиҳнинг келиши то йилигача олдиндан аниқ айтилган
Ушбу маълумотлар асосида Масиҳ келадиган вақтни ҳисоблаб чиқариш мумкин. Милоддан олдинги ҳисобдан милодий даврга ўтишда, милоддан олдинги 1-йил билан милодий 1-йилгача фақат бир йил борлигини унутмаслигимиз лозим (йил тақвимида бу ҳолатда нол бўлмайди). Ушбу ҳисоб-китобларни жадвалга солайлик:
Биринчи йил | Мил.ол. 444 й. (Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили) |
Вақт давомийлиги | 476 астрономик йил |
Ғарб тақвими бўйича Масиҳ келадиган вақт | (-444 + 476 + 1) (‘+1’, чунки йил тақвимида нол бўлмайди) = 33 |
Кутилган йил | Мил. 33 й. |
Носиралик Исо Қуддусга эшак миниб кирган ва бу ҳодиса кейинчалик Фисиҳдан бир ҳафта олдинги шанба ва якшанба кунларда Қуддусга кириш байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Ўша куни У — Масиҳ эканлигини эълон қилди. Бу ҳодиса мил. 33 йилда содир бўлган.
Дониёр ва Нахимиё пайғамбарлар бир-бирларини кўрмаган – уларни бир-биридан 100 йиллик давр ажратиб турган бўлсада, Аллоҳнинг иродаси билан иккаласи ҳам Масиҳ келиши олдидан вақт ҳисобининг бошланғич нуқтаси ҳақида башорат қилишган. Бош фаришта Жаброил Дониёр пайғамбарга Масиҳнинг келиши ҳақида хабарни етказганидан тахминан 570 йил ўтгач, Қуддусга Исо келади ва Ўзини — Масиҳ дея эълон қилади. Бу ерда биз сўзма-сўз бажо бўлган ажойиб башоратни кўрамиз. Закариё пайғамбар томонидан Масиҳнинг исми айтилиши билан бир қаторда бошқа ажойиб башоратлар ҳам бор ва улар Аллоҳнинг режасини тушунишни қумсаган ҳар қандай одамга бу борадаги истакларини қаноатлантириш учун етарлидир.
Лекин савол туғилади: Забур тўпламидаги ушбу ажойиб башоратларнинг барчаси яҳудийларнинг китобларида (Инжилда эмас) ёзилган бўлса агар, нима учун яҳудийлар Исо ал-Масиҳни қабул қилишмайди? Ахир уларнинг китобларида ҳам У ҳақида ёзилган-ку! Шунча башоратлар бўла туриб ҳам, наҳотки тегишли хулосалар қилинмаса? Яҳудийлар нима учун Исо ал-Масиҳни қабул қилмасликларини тушунишнинг ўзи бизга пайғамбарлар томонидан ваъда қилинган муқаддас Зотнинг келиши билан боғлиқ яна ҳам ҳайратланарли томонларни кўришга ёрдам беради. Кейинги мақолада биз ушбу масалаларни батафсилроқ кўриб чиқамиз.