Аввалги мақолаларда Масиҳнинг пайғамбарлар томонидан нозил қилинган аломатлари ҳақида сўз юритдик. Пайғамбарлар ҳатто Уни исмигача олдиндан айтиб (исми — Ёшуа деб берилган), ер юзига қачон келишини ҳам кўрсатишган. Ҳайратлантирадиган даражада аниқ айтилган ушбу башоратлар Исо (Йисо ал-Масиҳ алайҳиссалом) келишидан бир неча аср олдин ёзиб қолдирилган ва пайғамбарлар айтганидек бажо бўлган. Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, бу айтилган нарсаларнинг ҳаммаси яҳудийларнинг муқаддас битикларида (улар ҳозиргача бор!) қайд этилган, Инжилда ва Қуръонда эмас. Шу ерда савол туғилади: агар яҳудийларнинг битикларида бу ҳақида ёзилган бўлса, нима учун улар Масиҳни (Машиаҳни) қабул қилмади
Ушбу тушунарсиз ҳолатга аниқлик киритишдан аввал, саволни бундай тарзда беришнинг ўзиёқ кўп тўғри эмаслигини таъкидлаган бўлар эдим. Исо (Йисо алайҳиссалом) даврида яшаган яҳудийлар орасида жуда кўпчилик Уни Масиҳ сифатида қабул қилган. Бугунги кунда ҳам Исони Худонинг танлагани деб қабул қилган яҳудийлар оз эмас. Аммо барибир ҳам тан олиш керак, яҳудийлар бутун ҳалқ бўлиб Исони тан олганларича йўқ. Нима учун?
Нима учун яҳудийлар Исо (алайҳиссалом) ал Масиҳни тан олмаяпти?
Матто Хушхабари (Инжил) да Исо (алайҳиссалом) яҳудий халқи йўлбошчилари (фарзийлар ва саддуқийлар) билан гаплашгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ўша пайтда яҳудий халқи йўлбошчилари худди ҳозирги кунда ислом динидаги имомларга ўхшаш бўлган. Жумладан, фарзийлар билан саддуқийлар Исони тилидан илинтириш учун режа тузганлари ҳақида айтилади. Бироқ:
Исо уларга шундай жавоб берди:
— Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар …
Мат. 22:29
Ўша суҳбатдан биз бир қатор муҳим нарсаларни билиб оламиз. Бу одамларнинг ҳаммаси Яҳудо халқининг йўлбошчилари бўлиб, Тавротни ва Забурни яхши билган ва халққа таълим берган, шунга қарамай Раббимиз Исо уларни қоралайди ва Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмасликларини айтади. У бу билан нимани назарда тутган? Қандай қилиб, шундай Таврот тафсирчилари мана шундай “ўткир мутахассислар” Муқаддас битикларни билмаслиги мумкин?
Яҳудийлар МУҚАДДАС БИТИКЛАРНИ ТЎЛИҚ билмас эдилар
Яҳудий тафсирчилар эътибор қаратган нарсаларни Тавротда ва Забур тўпламидаги қайси парчаларга асослаганларини диққат билан ўқийдиган бўлсак, улар ваъдаларнинг айримларигагина эътибор қаратганлари, бошқаларини ҳисобга олмаганларини кўрамиз. Масалан, “Бокира қиздан туғилган Ўғил Аломати” мақоласидан биламизки, Таврот тафсирчилари Масиҳ Байтлаҳмдан келиб чиқиши ҳақидаги башоратни яхши билишар эди. Уларнинг шоҳ Ҳиродга пайғамбарлар битикларидан Исо туғиладиган шаҳар ҳақидаги оятни келтирганлари маълум.
“Аммо Эгамиз демоқда:
“Эй Эфратдаги Байтлаҳм,
Сен Яҳудонинг митти шаҳри бўлсанг ҳам,
Исроилни Мен учун бошқарадиган зот сендан чиқади.
Унинг насаби қадимларга бориб тақалади.”
Михо 5:2
Тез орада шунга амин бўласизки, улар Масиҳнинг исми берилган оятни (= Масиҳ — бу атамалар нима учун бир хил маънога эгалиги ҳақида батафсил) ҳамда Масиҳнинг “Исроилни бошқарадиган Зот” деб аталганини ҳам билишар эди. Яҳудий тафсирчилар яхши билган яна бир парча — Забурнинг иккинчи саноси бўлади. Уни Довуд (алайҳиссалом) илоҳий илҳом билан ёзган. Ушбу санода илк маротаба Масиҳ деган ном ишлатилгани ва Унинг Сион (= Қуддус ёки Ал – Қудс) устидан шоҳ этиб тайинланиши ҳақида айтилганини кўрамиз. Парчада шундай дейилади:
“Замин шоҳлари Эгамизга
Ва У танлаган шоҳга қарши саф тортадилар …
Самода ҳукмрон бўлган Раббий эса
Уларни масхаралаб, устидан кулади.
Раббий ғазаб билан уларни огоҳ этади,
Қаҳрини сочиб, ваҳимага солиб айтади:
“Мен Сионга, Ўзимнинг муқаддас тепалигимга
Ўз шоҳимни жойлаштирдим.”
Забур 2-сано
Бундан ташқари яҳудий тафсирчилар Забур китобида ёзилган қуйидаги оятларни ҳам яхши билишар эди:
“Ўз қулинг Довуднинг ҳақи–ҳурмати,
Танлаган шоҳингни рад қилмагин
Эй Эгам, Сен Довудга онт ичган эдинг,
Сен шу онтингдан асло қайтмай дейсан:
“Ўзингдан бино бўлган ўғилларингдан
Бирини сенинг тахтингга ўтқазаман…
Довуднинг наслини бу ерда кўкартираман,
Ўзим танлаган шоҳнинг чироғини ўчирмайман.”
Заб. 131:10, 17,
Яҳудийлар Худонинг қудрати нима эканлигини тушунмадилар, чунки уни мантиқий иддаолари билан чегаралаб қўйдилар
Яҳудий тафсирчилар гарчи Муқаддас битиклардан кўп оятларни ёддан билган бўлсаларда, бу оятларнинг ҳаммаси битта нарсага, яъни бир вақтлар келиб, ер юзида Худонинг танлагани — Масиҳ ҳукмронлик қилиши, У буюк қудрати ва улуғворлигида келишигаишора қилганини кўра олмадилар. Исо (алайҳиссалом) даврида яҳудийлар ваъда қилинган ерда Рим империяси ҳукмронлиги остида яшаганлари боис (Яҳудо халқининг тарихи ҳақида қисқача маълумотлар бу ерда) улар Масиҳ деганда, мана шундай Шахсни интиқлик билан кутишган. Уларга буюк қудрат ва улуғворликда келадиган, нафратларини қўзитган римликларни батамом қувиб йўқ қиладиган ва Яҳудо юртида бир вақтлар, яъни 1000 йил аввал шоҳ Довуд (шоҳ Довуд тарихи бу ерда) томонидан барпо қилинган буюк Шоҳликни ўрнатадиган Масиҳ керак эди. Яҳудийларнинг орзу-умидлари Аллоҳ томонидан белгиланган ва уларнинг Муқаддас битикларида баён этилган режага эмас, балки ўзларининг мақсад-муддаоларига асосланган.
Шундай қилиб улар Худонинг қудратини инсон онги, тафаккури билан чегаралаб қўйдилар. Масалан, пайғамбарларнинг битикларида Масиҳ Қуддусда ҳукмронлик қилиши ҳақида айтилади. Лекин ҳаммамизга маълум, Исо ҳеч қачон Қуддусда ҳукмронлик қилмаган, тахтга ўтирмаган. Улар мана шундан хулоса қилиб, Исони Масиҳ эмас дедилар! Инсон тафаккурига асосланиш мана шундай оқибатга олиб келди. Бу Худонинг қудрати инсон тафаккурига, яъни бир чизиқдан чиқмайдиган мантиққа асосланилган ҳолатга бир мисол бўла олади.
Ҳозирга қадар яҳудийлар орасида жуда кўпчилик Забур тўпламида ёзилган башоратларни билмайди. Бу башоратлар уларнинг Танах (Таврот + Забур) номли китобида ёзилган бўлса-да, улар фақат Тавротни ўқишади. Худонинг Муқаддас битикларни ТЎЛИҚ ўқиш ва ўрганиш ҳақидаги талабини яҳудийлар эътиборсиз қолдириб келаётганлари боис бошқа башоратлардан бехабар бўлиб, Худонинг қудратини инсоний тафаккур билан чегаралаб қўйишмоқда. Улар шундай фикрлашади: Масиҳ ҳақидаги башоратларда Унинг шоҳ бўлиши ва тахтга ўтириши айтилган. Лекин Исо халқнинг кўзи ўнгида тахтга ўтирмади, демак У Масиҳ эмас. Гап тамом, вассалом! Бунга изоҳ бериш, қўшимча қилишдан фойда йўқ! Бугунги кунга қадар яҳудийларнинг аксарияти бу масала борасида бош қотириб ҳам ўтирмайди.
Масиҳ: Уни “ўлимга маҳкум этишлари” учун келадими?
Агар улар Аллоҳ айтганидай йўл тутиб, Муқаддас битикларни ўқиб ўрганганларида эди, мен давомида айтадиган нарсаларнинг ҳаммаси ҳақиқат эканлигига амин бўлишарди. Олдинги мақолада биз Дониёр пайғамбар (алайҳиссалом) ҳақида сўз юритдик. У Масиҳ келадиган вақтни аниқ кўрсатиб ўтган. Бироқ эътибор беринг, Дониёр пайғамбар Масиҳ ҳақида (= мой суртиб танланган = Машиаҳ) айтиб, бу билан чегараланмайди ва шундай ёзади:
Шуни билиб қўйгинки, Қуддусни тиклаш учун амр берилганидан то Худо мой суртиб танлаган йўлбошчи келгунига қадар, етти карра етти йил ўтади. Олтмиш икки карра етти йил мобайнида Қуддус шаҳри, унинг йўллари ва мудофаа иншоотлари тикланади, аммо булар машаққатли дамларда содир бўлади. Олтмиш икки карра етти йил ўтгач, Худо танлаган йўлбошчи ўлдирилади. У эришган ҳамма нарса барбод бўлади. Қўшин тортиб келган ажнабий бир ҳукмдор шаҳарга кучли селдай ёпирилиб, шаҳарни ҳамда Маъбадни вайрон қилади. Худонинг қарорига мувофиқ, урушу вайронагарчиликлар ўша даврнинг охиригача давом этади. (Дон. 9:25-26)
Дониёр пайғамбарнинг китобига кўра, Масиҳ билан нима бўлиши керак? Дониёр Унинг Қуддусда ҳукмронлик қилиши ҳақида айтадими? У Масиҳнинг отаси Довуд тахтига ўтириши ва яҳудийларда нафрат уйғотган римликларнинг зулмига барҳам бериши ҳақида ёзадими? Асло! Бундан ташқари, биз Дониёр пайғамбар китобида “Худо танлаган йўлбошчи (Масиҳ) нинг ўлдирилиши” ҳақида айтилганини кўрамиз. Давомида ажнабий бир ҳукмрон шаҳарга (Қуддусга) қўшин тортиб келиши, ҳамма ёқни вайрон қилиши, яҳудийлар Маъбадида макруҳ бир нарса ўрнатилиши ҳақида айтилади. Исроил тарихини билсангиз агар, ўша айтилган нарсаларнинг ҳаммаси юз берган. Исо хочга михланганидан кейин 40 йил ўтиб римликлар Маъбадни ёқиб, Қуддусни вайрон қилган, яҳудийларни эса ер юзига тарқатиб юборишган. Яҳудийлар ўз юртларидан ҳайдаб юборилди. Бу воқеалар Дониёр пайғамбар ёзиб қолдирганидай, милодий 70-йилларда юз берган. Унга қадар эса бу ҳақида Мусо пайғамбар (алайҳиссалом) ёзиб қолдирган эди. Унинг башоратларини Таврот китобида Лаънатлар ёзилган парчадан топамиз.
Дониёр пайғамбар Масиҳнинг ҳукмронлик қилмаслигини жуда аниқ қўрсатади! “Уни ўлдиришади”, дейилиши бунга бир далил. Таврот тафсирчилари Муқаддас битикларни билмаганлари боис бу жойни ташлаб кетишган. Шу ўринда бошқа бир савол туғилади. Дониёр пайғамбар китобида Масиҳнинг ўлдирилиши ҳақидаги башоратлар билан яҳудийлар асосланган башоратлар ўртасида (Масиҳнинг шоҳлик тахтига ўтириши ҳақида) зиддиятлар йўқми? Ваҳоланки, барча пайғамбарлар Аллоҳнинг иродасини етказган бўлса агар, уларнинг айтганлари тўлиқ, битта қолмай Мусо (алайҳиссалом) Тавротда ёзганидай бажо бўлиши керак эмасми? Масиҳ бир вақтда ҳам ўлдирилиши, ҳам тахтга ўтириши мумкинми? Бу ерда ҳам инсон тафаккури Худонинг қудрати-камолидан устун бўлишга даъво қилаётган кўринади.
“Ҳукмронлик қилиш” ва “ўлдирилиш” ўртасида юзага келган зиддиятга ойдинлик киритилди
Яҳудийлар ўз тафаккурларига ишониб, Худонинг қудратини тушунмай қолишди. Кўп ҳолатларда бўлгани каби, улар ҳам ўзларининг ақл-заковатини устун қўйдилар, ўқиганларининг асл маъносини пайқамай, Масиҳ фақат бир марта келади деган хулосага таяниб қолдилар. Агар шундай бўлганида, Масиҳнинг ҳукмронлик қилиши ва “ўлдирилиши” ҳақидаги башоратлар ўртасида юзага келган зиддият асосли бўлар эди. Асоссиз иддаоларини илгари суриб, Худонинг қудратини чегаралаш оқибатида улар боши берк кўчага келиб қолдилар. Масиҳ эса бир эмас, икки марта келиши керак эди. Биринчи марта келганида пайғамбар битикларида Унинг “ўлдирилиши” ҳақидаги башоратлар, иккинчи даъфа келганида эса “ҳукмронлик қилиши” ҳақидаги башоратлар бажо бўлади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак агар, зиддиятлар билан боғлиқ масала ўз ечимини топади.
Биз ўз тафаккуримизга ишониб Муқаддас битикларнинг бир қисмигагина асосланиб, Худонинг қудратини чегаралаб қўймаяпмизми?
Бироқ Масиҳнинг “ўлдирилиши” ҳақидаги башоратнинг маъноси борасида нима дейиш мумкин? Бу ҳақида кейинроқ гаплашамиз, ҳозир эса келинг, нима учун яҳудийлар Аллоҳ томонидан юборилган Аломатларни кўра олмаганлари ҳақида ўйлаб кўрайлик. Юқорида айтиб ўтганимиздек, яҳудийларнинг Масиҳ Аломатини кўра билмаганларига иккита асосий омил сабаб бўлган. Учинчиси ҳам бор ва биз уни Юҳанно Хушхабари (Инжил) дан топамиз, аниқроғи Исо (Йисо алайҳиссалом) билан яҳудий халқининг диний йўлбошчилари ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан.
“Сизлар Муқаддас битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эга бўламиз, деб ўйлайсизлар. Аммо ўша Ёзувлар Мен тўғримда гувоҳлик беради–ку! Сизлар эса ҳаётга эга бўлиш учун олдимга келишни истамайсизлар. Сизлар бир–бирингиздан таҳсинлар олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худонинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам Менга ишона олардингиз?!”
Юҳн. 5:39-40, 44
Бошқача қилиб айттганда, яҳудийларнинг Масиҳ Аломатларини кўра билмаганларига учинчи сабаб уларнинг ҳақиқатни кўришни истамаганлари бўлган, яъни улар Худодан эмас, кўпроқ бир–бирларидан таҳсинлар олишни яхши кўришарди!
Бу билан яҳудийлар бошқа халқлардан кўра кўпроқ адашган демоқчи эмасмиз. Бизга уларни қоралаш, аломатларни кўра олмаганликда айблаш осон. Уларни ҳадеб ёмонламасдан, келинг ўзимизга бир назар ташлайлик. Биз “Муқаддас Ёзувларни” тўлиқ биламиз, деб айта оламизми? Биз ҳам худди яҳудийлар сингари фақат ўзимизга яқин, қулай ва тушунарли бўлган оятларни танлаймизку, шундай эмасми? Фикр-тафаккуримиз билан Худонинг қудратини чегаралаб қўймаяпмизми? Ҳаётимизда Худодан эмас, кўпроқ одамлардан таҳсин олишни кўзлаб, Муқаддас битикларга қарши иш тутган вақтлар бўлмаганми?
Яҳудийларнинг Аллоҳ берган Аломатларни қабул қилмаганлари ҳаммамиз учун огоҳлантириш бўлади. Муқаддас битиклардан ўзимиз билган ва бизга кўпроқ ёқадиган китобларни танлаб ўқиш яхши эмас. Худонинг қудратини инсон тафаккури билан чегаралаб қўйиш ҳеч нарсага ярамайди. Муқаддас битиклар ўргатган нарсаларни рад этиш мумкин эмас. Энди яҳудийлар келиши ваъда қилинган Масиҳнинг Аломатларини қандай рад этганлари ҳақида огоҳлантиришлардан хулоса қилиб, биз ушбу ҳикояда асосий фигура бўлиб гавдаланган Қул образини тушуна бошлаймиз.