Skip to content
Home » Қул Аломати

Қул Аломати

  • by

Олдинги мақолада Дониёр пайғамбарнинг башоратига кўра Масиҳ ўлиши кераклиги ҳақида айтилган эди. Биз Забур тўпламини ўрганиб, унинг охирига етиб қолдик. Бироқ ҳали биз йиғиб улгурмаган маълумотлар бор.

Довуд, Ишаё ва Забур тўпламидаги

бошқа пайғамбарлар хронологияси

Довуд Забур саноларини ёзади; Забур тўпламининг пайдо бўлиши

Қуддус (Ал Қудс) га асос солиниши

Сулаймон Худонинг уйини қуради/Юнус/Ишаё/Михо/Еремиё/Хизқиёл/Дониёр/Закариё/

Эстер/Эзра ва Нахимиё/Малаки/Исо

Мил. 1 йил

Мил.ол./ мил.

Мустақил шоҳлик. Қуддусда шоҳлар ҳукмронлик қилади

Бобилликлар томонидан босиб олиниши; Исроил халқининг Бобилга асир қилиб олиб кетилиши

Форс империяси провинциясига айланган Исроилга қайтиш

Исроил Искандар Зулкарнай империяси провинциясига айланади

Исроил Рим империяси провинциясига айланади

Қуддус мил. 70 йилда Римликлар томонидан вайрон қилинади; яҳудийлар бутун дунёга ёйилиб кетади.

Ишаё пайғамбарнинг ҳаёти вақт шкаласида Забур тўпламидаги бошқа пайғамбарлар билан солиштирилганда

Ишаё пайғамбар (ҳаёти даври вақт шкаласида кўрсатилган) Масиҳ келадиган вақт ҳақида башорат қилиб, Новда образидан фойдаланади. Бундан ташқари, унинг бир Зот келиши ҳақида эълон қилгани ва уни “Эгамизнинг қули” деб атаганини кўрамиз. У ўша қулга бир мунча узун пассаж бағишлайди. Ким экан ўша қул? У нима қилади? Ишаё пайғамбарнинг башоратини батафсил ўрганайлик. Бу ерда унинг Муқаддас Китобда ёзилган сўзларини қисқа изоҳи билан келтираман.

Ишаё пайғамбар китобида қулнинг келиши. Ишаё ёзган башоратнинг тўлиқ матни (52:13-53:12)

“Эгам айтар: “Мана, Менинг қулим яшнайди,

У кўтарилиб, юксалади,

Ғоят баландга кўтарилади.

Илгари унинг қиёфаси шундай бадбашара эдики,

Инсон зотига ўхшаш жойи қолмаган эди.

Шу боис кўплар унинг олдида даҳшатга тушди,

Энди эса у кўп халқларни ҳайратда қолдиради,

Уни деб шоҳлар ҳам лол бўлиб қолади.

Ахир, улар билмаган нарсаларни кўрадилар,

Эшитмаганларини англаб етадилар.”

Иша. 52:13-15

Парчадан кўриниб турибдики, “қул” деб бу ерда одам назарда тутилади, негаки унга нисбатан “у”, “унинг”, “уни” каби олмошлар ишлатилади. Ҳорун (алайҳиссалом) исроилликларнинг гуноҳи учун қурбонлик келтирганда ҳар сафар халққа қурбонликнинг қонини сепган. Шунда халқнинг гуноҳлари учун тўлов қилинган, яъни одамлар гуноҳдан фориғ бўлган ҳисобланар эди. Ишаёнинг айтишича, қул ҳам кўплаб халқларга “қон сепади” (ўзбек тилидаги таржимада бу ибора “ҳалқларни ҳайратда қолдиради” деб таржима қилинган. Тарж. изоҳи). Демак, Ҳорун (алайҳиссалом) қурбонликлар орқали халқни гуноҳдан поклагани каби, ўша қул ҳам халқларни гуноҳдан фориғ қилиши назарда тутилади.

Қулнинг “кўп халқларга қон сепиши” ҳақида айтилади. Бундан келиб чиқадики, қул фақат яҳудийлар учун эмас, барча халқлар учун келади. Бу ерда Аллоҳнинг Иброҳим (алайҳиссалом) га берган ваъдасига ишора қилинади (1-Аломат ва 3-Аломат). Ўшанда Иброҳимга унинг насли орқали “ҳамма халқлар” барака топиши айтилган эди. “Қон сепилиши” эвазига қулнинг қиёфаси “бадбашара” бўлади. Унинг қиёфаси нима учун бадбашара бўлиши аниқ эмас, лекин бир кун келиб барча халқлар буни кўради.

Бизнинг хабаримизга ким ишонди?

Эгамизнинг қудратли кучи кимга аён бўлди?

Эгамизнинг қули Эгамиз олдида янги кўчатдай,

Қуруқ тупроқдаги илдиздай ўсди.

Бизни ўзига жалб қиладиган

Гўзаллик, улуғворлик унда йўқ эди.

Бизни ўзига ром этадиган

Ҳеч бир жозибаси йўқ эди.

Одамлар ундан нафратландилар, уни рад этдилар.

У қайғу, азоб–уқубат нималигини биларди.

Ҳамма ундан юз ўгирди, ундан ҳазар қилди.

Биз уни одам қаторида санамадик.

Ишаё 53:1-3

Қандайдир сабабга кўра, кўплаб халқларни гуноҳдан поклайдиган қулдан “одамлар нафратланади”, у “қайғу, азоб уқубат нималигини билади”, “ҳамма ундан юз ўгиради”, “ундан хазар қилади”, “уни одам қаторида санамайдилар”.

Ҳа, дардларимизни у ўзига олди,

Оғриқларимизни у ўз зиммасига олди.

Биз эса ўйладик: “Уни Худо урган,

Аламдийда, жабрланган у!”

У эса бизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлди,

Бизнинг айбларимиз туфайли эзилди.

Бизга тинчлик келтирадиган жазо унга тушди,

Унинг яралари бизга шифо берди.

Иша. 53:4-5

У бизнинг дардларимизни ўзига олади. Бундан ташқари у “жабрланади”, “ярадор бўлади” ва булар унга “жазо” бўлиб тушади. Ўша жазо туфайли бизга (ҳамма халқларга) тинчлик келади, унинг яралари бизга шифо беради.

Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик,

Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик.

Ҳаммамизнинг айбларимизни

Эгамиз унинг зиммасига юклади.

Иша. 53:6

Чанқоқлик Аломати номли мақолада биз одамзоднинг ўз чанқоғини қондириш учун Аллоҳга юз буриш ўрнига қандай иштиёқ билан “сувни ушлаб туролмайдиган ёриқ сардобалар” қазиши ҳақида гаплашган эдик. Ҳаммамиз йўлдан адашдик, ўз йўлимиздан кетдик. Гуноҳ ўзи шу бўлади (= бузғунчилик).

У жабр кўрди, ўзи уқубат чекди,

Аммо миқ этмади, оғзини очмади.

Бўғизланишга олиб борилган қўзидай,

Жун қирқувчи олдида жим турган қўйдай

У миқ этмади, оғзини очмади

Иша. 53:7

Ҳобил, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ҳорун (алайҳиссалом) пайғамбарлар қўзиларни қурбонликка келтиришган. Бу қул эса ўзи бўғизланишга олиб борилган қўзидай қурбон бўлади. У У миқ этмайди, оғзини очмайди, уни қатл этганларга қаршилик кўрсатмайди.

Ҳукм билан, куч билан олиб кетилди.

Унинг насли ҳақида ким ўйлайди?

Тириклар юртидан у улоқтирилди,

Халқимизнинг гуноҳи туфайли унга зарба тушди.

Иша. 53:8

Қул “тириклар юртидан улоқтирилди”, дейилади. Дониёр пайғамбар Масиҳнинг “ўлдирилиши” ҳақида айтганда шуни назарда тутмаганмикан? Эътиборли жиҳати шуки, бу ерда (асл нусҳада) худди Дониёр пайғамбар китобида ёзилган сўзлар ишлатилган! “Тириклар юртидан у улоқтирилди” деган ибора ўлдирилишдан бошқа қандай маъно бериши мумкин?

Гарчи у ёвузлик қилмаган бўлса ҳам,

Оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам,

Унга ёвузлар қатори қабр берилганди,

Аммо ўлганда у бойлар ёнига қўйилди.

Иша. 53:9

Шунингдек, унга қабр берилгани ҳақида ёзилган. Бундан келиб чиқадики, қул ўлиши керак бўлган. У ёвузлик қилмаган бўлса ҳам, оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам ёвузлардай ўлди.

Эгамиз Ўз қулини эзишни, азоблашни маъқул кўрди.

Шундай бўлса ҳам, Эгамизнинг қули ўз наслини кўради,

Узоқ умр кечиради,

Чунки у ўзини гуноҳ учун назр қилди.

У орқали Эгамизнинг хоҳиши бажо бўлади.

Иша. 53:10

Бу шафқатсиз ўлим кутилмаган ҳол ёки фожиали тасодиф бўлмаган. Эгамиз Ўз қулини эзишни, азоблашни маъқул кўрди, дейилган. Бироқ нима учун? Жавоб қуйидагича: Ҳорун халқни гуноҳдан поклаши учун, одам ҳар қандай айбдан озод бўлиши учун қурбонлик келтиргани каби, бу қул ҳам гуноҳ учун қурбон бўлди. Кимнинг гуноҳи учун? Кўплаб халқларга қон сепилиши ҳақида сўз борар экан (осмондан қон сепилиши), қул кўплаб халқларнинг гуноҳлари учун тўлов бўлади.

Чеккан азобларининг натижасини кўриб,

У мамнун бўлади.

Менинг солиҳ қулим ўз билими туфайли

Кўпчиликни оқлаб, уларнинг айбини ўзига олади.

Иша. 53:11

Парча бошида Эгамизнинг қули ҳақидаги башорат ваҳимали эшитилади. Лекин охирига яқин оҳанг ўзгаради, қандайдир умид, илҳом ва ҳатто ғалаба нашидаси борлиги сезилади. Оғир азоб-уқубатлардан сўнг (у тириклар юртидан улоқтирилганидан кейин, унга ёвузлар қатори қабр берилгач), қул “ҳаёт нурини” кўради (ўзбек тилидаги таржимада “чеккан азобларининг натижасини кўриб, мамнун бўлади” тарж. изоҳи). Шундай экан, наҳотки у ҳаётга қайтса? Бундан ташқари, у бу азоб-уқубатлардан кейин кўпчиликни оқлаши айтилади.

“Оқлаш” бу ерда “солиҳлик ато қилиш” маъносида келади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Мусога берилган қонунга кўра, одам том маънода солиҳ бўлиши учун БУТУН УМРИ давомида қонунда ёзилган амрларни БИТТА ҚОЛДИРМАЙ бажариб келиши керак. Бироқ ҳаммамизга маълум, Эгамиз Иброҳимни (2-Аломат) солиҳ деб “билган”. Бунга унинг Эгамизга ишонгани сабаб бўлган. Худди шу тарзда қул ҳам одамзодни “оқлайди”, яъни “кўпчиликка” солиҳлик ато қилади. Солиҳлик биз интилган, биз муҳтож бўлган нарса эмасми?

Шу боис буюклар қаторида унга улуш бераман,

У кучлилар билан ўлжаларни бўлишади.

Ахир, у ўзини ўлимга тутиб берди,

Гуноҳкорлар қаторида саналди.

Кўпларнинг гуноҳини у ўзига олди,

Гуноҳкорлар учун васийлик қилди.

Иша. 53:12

Қулга “буюклар қаторида улуш берилади”, чунки у ўзини ўлимга тутиб берди. У жиноятчидай ўлдирилди, ёвуз гуноҳкорлар қаторида саналди. Мана энди қул биз — гуноҳкорлар учун васийлик қила олади. Васийлик қилувчи икки томон ўртасида турувчи шахсни англатади. Мазкур ҳолатда Эгамиз билан “ҳамма ҳалқлар” ўртасида турувчи шахс назарда тутилади. Қул бизни Аллоҳ олдида ҳимоя қилиш ваколатига эга кўринади!

Ким экан бу қул? Каломда ёзилган нарсалар қандай рўй беради? Ҳақиқатан ҳам у Аллоҳ олдида кўп халқлар учун васийлик қилиш ваколатига эгами, у васийлик қиладими? Забур тўпламини ўрганишни якунлар эканмиз, охирги башоратни кўриб чиқайлик-да, сўнг Инжилга ўтайлик.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *