Skip to content
Home » “Худонинг Ўғли” деган атамани қандай тушуниш керак?

“Худонинг Ўғли” деган атамани қандай тушуниш керак?

  • by

Бутун Инжил китобида Исо ал-Масиҳ (алайҳиссалом) нинг “Худо Ўғли” деган унвонидай мунозарали ибора бўлмаса керак ва бу ибора жуда кўп марта тилга олинади. Айнан шу боис кўпчилик Инжил бугунги кунга қадар бузилган ҳолда етиб келган деб ҳисоблайди. Инжилнинг бузилгани ёки бузилмагани ҳақидаги масала бу ерда, Қуръон асосида батафсил кўриб чиқилади. Бундан ташқари, биз Суннатда ёзилган далилларга (бу ерга қаранг) ва матнга танқидий таҳлил ёндашувидан олинган маълумотларга асосланамиз (бу ерга қаранг). Ушбу салмоқли далиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Инжил бизга қадар асл ҳолатида етиб келган. Бироқ “Худонинг Ўғли” деган атама билан нима қиламиз?

Бу Ихлос сурасида (112) Худонинг Танҳолиги ҳақида ёзилган нарсаларга зид келмайдими?

Айтгин: “Илоҳ Аллоҳдир, якка-ю ягонадир. Аллоҳ барча талаб-эҳтиёжларни қаршилай оладиган кучга эга. У туғдирмаган (ота ҳам эмас) ва туғилмаган (бола ҳам эмас). Унга тенг келадиган ҳеч ким йўқ.”

Шунга ўхшаш сўзларни Тавротдан ҳам топамиз. Унда ҳам Худонинг танҳо экани ҳақида ёзилган. Жумладан Мусо (алайҳиссалом) шундай дейди:

Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир.

Қонунлар 6:4

“Худонинг Ўғли” деган атамани қандай тушуниш мумкин?

Ушбу атамани шунчаки эшитган ва маъносини тушунишга ҳаракат қилмаган одамнинг нотўғри хулосаларга келиши тайин. Масалан Ғарб мамлакатларида оммавий ахборот воситаларида тинмай “жиҳод” ҳақида гапирилади ва бу сўз жуда кўпчиликни даҳшатга солади. Одамлар “жиҳодчи” дейилганда бегуноҳларни ўлдирадиган, ақлдан озган ақидапарастларни ёки шунга ўхшаш нарсаларни кўз олдига келтиришади. Аммо ушбу атамани чуқурроқ тушунишга ҳаракат қилган одам, бора-бора бу “ғайрат қилмоқ”, “зўр бермоқ” маъноларини англатишини тушунади. Ваҳоланки, одам турли хил кучларга, жумладан, гуноҳга ва васвасаларга қарши курашиши мумкин. Бу ҳақда билганлар кўпми?

“Худонинг Ўғли” деган атама борасида бу каби нотўғри фикрларга бориб қолмайлик. Ушбу мақолада биз бу атамани ҳар томонлама таҳлил қилиб, унинг келиб чиқишини ва нимани англатишини ўрганамиз, уни қандай нотўғри талқин қилишларини ҳам билиб оламиз. Умид қиламанки, мақола охирида бу атама ва умуман Инжил ҳақидаги фикримиз фақат фактларга асосланади.

“Худонинг Ўғли” деган атаманинг келиб чиқиши

“Худонинг Ўғли” аслида унвон бўлиб, унинг пайдо бўлиши Инжил (Хушхабар) билан боғлиқ эмас. Уни Хушхабар муаллифлари ўйлаб топмаган. Бу атамани биринчи бўлиб улар ишлатмаган. Унинг келиб чиқишига масиҳийларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Буни ишонч билан айта оламиз, чунки илк бор бу атама Исо ал Масиҳ (алайҳиссалом) келиши, Унинг шогирдлари ва умуман издошлари пайдо бўлишидан анча аввал, Забур китобида ишлатилганини кўрамиз. Бу атамани Довуд пайғамбар (алайҳиссалом) мил. ол. 1000 йилларда ишлатган.

Келинг ўша парчани ўқийлик:

Замин шоҳлари Эгамизга

Ва У танлаган шоҳга (Масиҳга) қарши саф тортадилар.

Ҳукмдорлар фитна қўзғаб, шундай дейдилар:

“Синдирайлик улар солган кишанларни,

Олиб ташлайлик бўйнимиздан сиртмоқларни.”

4 Самода ҳукмрон бўлган Раббий эса

Уларни масхаралаб, устидан кулади.

5 Раббий ғазаб билан уларни огоҳ этади,

Қаҳрини сочиб, ваҳимага солиб айтади:

6 “Мен Сионга, Ўзимнинг муқаддас тепалигимга

Ўз шоҳимни жойлаштирдим.”

7 Эгамизнинг сўзларини шоҳ эълон қилмоқда:

“Эгамиз менга шундай деди:

«Сен Менинг ўғлимсан,

Бугун Мен сенга ота бўлдим.

8 Тила, халқларни сенга мулк қилиб бераман,

Ернинг тўрт томони сеники бўлади.

9 Темир хивчин ила уларни уриб эзасан,

Сопол кўзани синдиргандай уларни

парчалайсан.»”

10 Эй шоҳлар! Энди ақл билан иш қилинг.

Эй замин ҳукмдорлари! Огоҳ бўлинг.

11 Қўрқув ила Эгамизга сажда қилинг!

Ваҳима ила тавба қилинг!

12 Унинг ўғлига* таъзим қилинг,

Бўлмаса У ғазабланади,

Йўлингизда йўқ бўлиб кетасиз,

Унинг ғазаби тез аланга олади.

Нақадар бахтлидир Унда паноҳ топганлар!

Забур 2-сано

Бу ерда Эгамиз билан У танлаган шоҳ ўртасидаги суҳбатни кўрамиз. 7-оятда Эгамиз (Худо, Аллоҳ) Ўзи танлаган шоҳга:

“Сен Менинг ўғлимсан, бугун Мен сенга ота бўлдим”, дейди. 12-оятда ҳам худди ўша атама ишлатилади. Давомида насиҳат оҳангида: “Унинг ўғлига таъзим қилинг”, дейилади. Бу ерда Худо Ўзи танлаган шоҳга “Менинг ўғлимсан”, деб мурожаат қилади. “Худонинг ўғли” деган атаманинг келиб чиқиши шундандир. “Ўғил” деган атама кимга берилади? Худо томонидан шоҳ қилиб танланганга. Бошқача қилиб айтганда, “Ўғил” деган унвон санода “Худо шоҳ қилиб танлаган” иборага маънодош бўлиб келади. Шундай қилиб, Худо танлаган шоҳ = Худонинг танлагани = Масиҳ = Христос демакдир. Ўша санода илк бора “Худо танлаган шоҳ” деган атама пайдо бўлади. Бошқача қилиб айтганда, “Худонинг Ўғли” деган унвон биринчи марта “Масиҳ” (Христос) деган атама пайдо бўлган парчада — Исо ал-Масиҳ (алайҳиссалом) келишидан 1000 йил аввал илоҳий илҳом билан ёзилган Забур саносида тилга олинади.

Булар бизга Исо ал-Масиҳни хочга михлашларидан аввал Олий кенгаш аъзолари Уни нимада айблаганларини яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради. Яҳудий йўлбошчилар шундай сўроқ қилишди.

Исонинг унвонлари: “Худонинг Ўғли” деган номга ўхшаш атамалар

Тонг отганда Олий кенгаш аъзолари — бош руҳонийлар ва тафсирчилар йиғилдилар. Исони уларнинг олдига олиб келишди.

— Бизга айт–чи, Сен Масиҳмисан? — деб сўрадилар. Исо шундай жавоб берди:

— Агар сизларга айтсам, Менга ишонмайсизлар. Агар сизларга савол берсам, жавоб бермайсизлар. Бироқ бундан буён Инсон Ўғли Қодир Худонинг ўнг томонида ўтиради.

Шунда ҳамма бирданига:

— Бундан чиқди, Сен Худонинг Ўғли экансан–да? — деб сўрадилар.

— Ўзларингиз Менинг кимлигимни айтдингизлар, — деди уларга Исо.

Шунда улар:

— Бошқа гувоҳга эҳтиёж қолмади! Ўз оғзидан ўзимиз эшитдик, ахир! — дейишди.

Луқо 22:66-71

Дин раҳнамоларининг биринчи саволи Исонинг Ўзини Масиҳ деб аташига оид бўлди (67-оят). Агар мен бирор кишидан: “Айтинг–чи, сиз фалончимисиз?”, деб сўрасам, демак ўша фалончи шахснинг кимлигини билган бўламан. Яъни бу савол билан ўша шахснинг қаршимда турган кишига алоқаси борми, йўқми, шуни билишга ҳаракат қиламан. Худди шу тарзда яҳудий йўлбошчилар ҳам Масиҳ кимлигини билганлари боис Исодан: “Айт–чи, Сен Масиҳмисан?”, деб сўрашади. Бу ерда савол беришдан мақсад “Масиҳ” деган унвон билан Исо исмли одам ўртасидаги алоқани аниқлаш бўлган. Давомида улар саволни бир оз бошқача бериб: “Бундан чиқди, Сен Худонинг Ўғли экансан–да?” — деб сўрайдилар ва бу билан “Масиҳ” деган унвонни “Худонинг Ўғли” деган унвон билан бир қаторга қўйишади. Улар учун бу бир-бирининг ўрнини босувчи атамалар бўлган. Яъни ушбу икки унвон танганинг икки томонидай эди.

(Ўртада Исо Ўзини “Инсон ўғли” деб атаган. Бу Дониёр пайғамбар китобида тилга олинган яна бир унвон бўлади. Бу ерда биз бу унвон тўғрисида гаплашмаймиз, чунки ҳозирча “Худонинг Ўғли” деган иборани ўрганяпмиз.) Яҳудий йўлбошчилари “Масиҳ” ва “Худонинг Ўғли” деган унвонлар бир-бирига маънодош эканини қаердан билган? Исо келишидан минг йил олдин илоҳий илҳом билан ёзилган иккинчи санодан. Бундан келиб чиқадики, Исо агар Масиҳ бўлмаганда эди, Худонинг Ўғли ҳам бўла олмасди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, яҳудий йўлбошчилар айнан ўша фикрни маҳкам тутишган.

Шунингдек, бундан келиб чиқадики, Исо бир вақтда ҳам Масиҳ, ҳам Худонинг Ўғли бўла олади. Бунга Исо (алайҳиссалом) нинг энг яқин шогирдларидан бири Бутрус ҳам ишора қилади. Хушхабарда шундай дейилади:

13 Исо Филип Қайсарияси атрофидаги ҳудудга келди. Ўша ерда У шогирдларидан сўради:

— Одамлар Инсон Ўғлини ким деб билади?

14 Шогирдлар Унга шундай жавоб бердилар:

— Баъзилар Яҳё чўмдирувчи, баъзилар Илёс, баъзилар Еремиё, бошқалар эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.

15 Исо улардан сўради:

— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?

16 Шимўн Бутрус жавоб бериб деди:

— Сиз Масиҳсиз, Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз!

17 Шимўн Бутрусга Исо деди:

— Сен бахтлисан, эй Юҳанно ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган”

Мат. 16:13-17

Бутрус жавоб берар экан, Исога нисбатан “Масиҳ” деган унвонни ҳам, “Худонинг Ўғли” деган унвонни ҳам ишлатади, чунки Забур саноларида иккала унвон ҳам тилга олинган. Қаранг-ки, Раббимиз Исо буни Бутрусга инсон эмас, осмондаги Отаси очиб берганини эътироф этади. Исо — Худонинг танлагани, Масиҳ бўлгани боис, бир вақтнинг ўзида Худонинг Ўғли ҳам бўлади.

Кўриниб турибдики, Исо Худонинг Ўғли бўлмай туриб Масиҳ бўла олмайди, чунки иккала атама бир-бирига маънодош, уларнинг келиб чиқиши бир. Бу худди доира шаклини юмалоқ эмас, дейиш билан баробардир. Тўртбурчак шакл ҳеч қанақасига доирасимон ёки юмалоқ бўлолмайди. Агар юмалоқ бўлса, албатта доира шаклига эга бўлади. Доиранинг юмалоқ бўлиши тайин. Доира шаклини юмалоқ эмас дейиш мантиқсизлик бўлади ёки “доира” ва “юмалоқ” деган концепцияларни тушунмасликдан келиб чиқади. “Масиҳ” ва “Худонинг Ўғли” деган иборалар ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Ёки Исо бу Масиҳ ва Худонинг Ўғли (Бутруснинг сўларига кўра), ёки Масиҳ ҳам эмас, Худонинг Ўғли ҳам эмас (яҳудий йўлбошчиларнинг сўзларига кўра). Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаслик мантиққа тўғри келмайди.

“Худонинг Ўғли” деган атаманинг маъноси

Бу унвон нимани англатади? Янги Аҳдда Юсуф исмли бир имонли илк бор тилга олинган парчада бунга тегишли изоҳни топамиз. У энг биринчи шогирдлардан бири бўлган (Фиръавн даврида Пўтифарнинг уйида хизмат қилган Юсуф билан адаштирманг). Бу ерда унинг исми қандай маъно касб этганига эътибор берайлик. Демак, шундай дейилади:

Имонлилар орасида Леви қабиласидан бўлган Юсуф исмли бир одам бор эди. У асли Кипрдан эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни “далда берувчи” деган ном берган эдилар. Юсуф ҳам даласини сотиб, пулини ҳаворийларга инъом қилди.(

Ҳав. 4:36-37

Кўриб турганимиздек, Барнабога “далда берувчи” деган ном берилди(“бар” ибронийча сўзма-сўз таржимасида “ўғил” деган маънони беради). Ким бу ерда “Унинг отаси “далда берувчи” бўлгани боис, унга шундай ном берилган” деб айтади? Ҳеч ким. Далда — мавҳум тушунча; уни аниқ белгилаш қийин, лекин муайян бир одамга далда бериш мансуб бўлсагина, уни тасаввур қилиш осон бўлади. Одамлар ўша, Юсуф исмли имонлининг ҳаётига ва характерига қараб, унда далда бериш инъоми борлигини кўрган ва бунинг нима эканини тушунишган. Юсуф мана шу маънода “далда берувчи” бўлган. Яъни далда бериш унинг ҳаётида акс этган характерга айланган.

“Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас” (Юҳн. 1:18). Шу боисдан ҳам Худонинг характерини ва табиатини тушунишимиз бу қадар қийин. Бунинг учун Худонинг қандайдир инсон қалбида жо бўлганини кўришимиз керак, ахир Худо — Руҳдир, Уни кўриб бўлмайди. Хушхабарда Исо ал-Масиҳнинг ҳаёти ва шахсини “Худонинг Каломи” ва “Худонинг Ўғли” деган унвонлар очиб беради.

Калом инсон бўлди,

Орамизда яшади.

У иноят ва ҳақиқатга тўлганди.

Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик.

Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди

Унинг чексиз инояти туфайли

Биз ҳаммамиз барака устига барака олдик.

Худо қонунни Мусо орқали берди,

Иноят ва ҳақиқатни эса

У Исо Масиҳ орқали кўрсатди.

Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас,

Самовий Отанинг бағридаги,

Аслида Худо бўлган ягона Ўғил

Уни бизга танитди.

Юҳн. 1:14,16-18

Худодан келган иноят ва ҳақиқатни қандай биламиз? Биз буларни муайан одамнинг — Исо (алайҳиссалом) нинг ҳаётида кўришимиз керак. Раббимиз Исога қараб шогирдлари иноят ва ҳақиқат нима эканини тушунишган. Қонун ва ундаги амрлар буларни бу қадар яхши очиб беролмаган.

Ўғил… бевосита Худодан келган

Исо (алайҳиссалом) га нисбатан “Худонинг ўғли” деган ибора ишлатилган яна бир мисолни кўрайлик. Луқо Хушхабарида Исонинг то Одам атодан бошланган насабномаси келтирилади (Юсуф томондан). Насабноманинг охирида шундай дейилади:

Хенан — Энўшнинг ўғли,

Энўш — Шиснинг ўғли,

Шис — Одам Атонинг ўғли,

Одам Ато Худонинг ўғли эди.

Луқо 3:38

Кўриб турганимиздек, Одам Ато бу ерда “Худонинг ўғли” деб аталмоқда. Нима учун? Чунки Одам Атонинг жисмоний отаси бўлмаган, у бевосита Худодан келган. Худди шу тарзда Исонинг ҳам отасиз туғилганини биламиз, У эр кўрмаган бокира қиздан туғилган. Юқорида Юҳанно Хушхабарида айтилганидек, Исо “Отанинг бағридан” келган.

(Фалончининг) ўғли; Қуръондан мисол

Қуръонда (фалончининг) “ўғли” деган ибора Инжилда қандай бўлса, шу маънода ишлатилади. Қуйидаги оятга қарайлик:

Сендан (Аллоҳ йўлида) яхшиликка нимани сарфлашни сўраяпти. Айт: “Яхшиликка нимаики сарфласангиз – ота-онага, яқин қариндошларга, етимларга, чорасизлар ва йўловчиларга (бўлсин). Ҳар не яхшилик қилсангиз ҳам, Аллоҳ уни билиб туради.” (2-Бақара сураси 215-оят)

Бу ерда “йўловчи” деб ўгирилган сўзнинг арабчадан (‘ibni sabil’,  ابن السبيل) тўғридан-тўғри таржимаси “йўл ўғли” бўлади. Нима учун у бундай таржима қилинмоқда? Сабаби шуки, таржимонлар бу ерда том маънода “ўғиллар” ҳақида эмас, балки ҳаёти бевосита йўл билан боғлиқ бўлган одамлар ҳақида сўз бораётганини тушунишган. Бу шунчаки образли ибора ҳисобланади.

“Худонинг Ўғли” деган иборанинг нотўғри талқинлари

Муқаддас Китобда “Худонинг ўғиллари” деган ибора ҳам худди шу маънода ишлатилади. Худонинг аёл билан жинсий алоқада бўлгани ва бунинг натижаси ўлароқ Ундан ўғил туғилгани ҳақидаги ғоя Тавротга ҳам, Забур тўпламига ҳам, Инжилга ҳам мутлақо зиддир. Бундай қарашлар қадимги юнон политеизмидан келиб чиққан бўлиб, унда юнонларнинг худолари ўзларига хотинлар олган дея ўргатилган. Муқаддас Китоб (ал-Китоб) эса бундан мутлақо йироқ. Ваҳоланки, бу имконсиз ҳам эди, чунки Исо бокира қиздан туғилган – бошқача қилиб айтганда, эркак иштирокисиз дунёга келган.

Хулосалар

Юқорида (бу ерда) айтилганидек, мил. ол. 750 йилларда Ишаё пайғамбар келажакда ЭГАМИЗДАН аломат келиши ҳақида башорат қилган:

Энди Раббийнинг Ўзи сизларга аломат беради: ана, қиз ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил қўяди.

Иша. 7:14

Қиздан ўғил туғилдими, демак ўғил отасиз бўлган. Ушбу мақолада биз бош фаришта Жаброил Марямга у ўғил туғишини эълон қилганда: “Худойи Таолонинг қудрати сени (Марямни) қоплайди”, дегани ҳақида айтдик. “Қоплайди” дейилиши Худо билан Марям ўртасидаги ишқий алоқани англатмаган, акс ҳолда бу ширк бўлар эди. Давомида, туғиладиган ўғиллинг муқаддас бўлиши айтилади. У мутлақо ноёб бўлади, чунки инсон иштирокисиз, бевосита Худонинг бағридан келади. Инсон дилидан сўз чиққани каби, Исонинг келиши бевосита Худонинг бағридан бўлади. Мана шу маънода Худонинг танлагани — Масиҳ бир вақтда ҳам Худонинг Ўғли, ҳам Худонинг Каломи бўлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *