Skip to content

Табриклайман! Сиз қиёмат кунидан қўрқмаслигингиз, хотиржам бўлишингиз мумкин, чунки Қонунда ёзилган барча амрларни бажариб келяпсиз ва Аллоҳ олдида солиҳсиз. Шахсан мен Қонунда ёзилган барча амрларни битта қолдирмай бажарган биронта одамни билмайман, шунинг учун буни катта ютуқ деб ҳисоблайман. Бироқ бу билан кифояланиб қолманг! Гап шундаки, сиз бутун умр мана шу тўғри йўлда юришда давом этишингиз керак.

Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўнта амр бекор қилинмаган, чунки улар Худога мақбул ҳаётнинг асосий тамойиллари ҳисобланади — ягона Худога сажда қилиш, никоҳда вафодор бўлиш, ўғирлик қилмаслик, ростгўй бўлиш ва шу каби яхши амалларни қилишга чақиради. Сўнгги пайғамбарлар бу амрларнинг моҳиятини батафсил баён қилишган. Масалан, Исо ал-Масиҳ (алайҳиссалом) Инжилда Ўнта амрни бажариш ҳақида ўргатар экан, Ўз таълимотида фарзийлар мазҳабига мансуб бўлган яҳудийларни тилга олади. У пайтда фарзийлар қонун муаллимлари ҳисобланар эди. Бугунги кунда уларни дин борасидаги масалаларни яхши тушунадиган илоҳиётшуносларга таққослаш мумкин.

Исо ал-Масиҳ (алайҳиссалом) нинг Ўнта амр ҳақида айтганлари

“Сизларга айтиб қўяй: агар сизларнинг солиҳлигингиз Таврот тафсирчилари ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, сизлар ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар.”

Қотиллик

“Аждодларимизга шундай айтилганини эшитгансизлар: «Қотиллик қилма. Қотиллик қилган одам ҳукм қилинади.» Лекин Мен сизларга айтаман: ўз яқинидан ҳатто ғазабланган одам ҳам ҳукм қилинади. Яқинини ҳақоратлаган одам олий маҳкамада жавоб беради. Яқинига: «Аҳмоқсан» деган одам эса, дўзах оловига ташланади.

Шундай экан, сиз эҳсонингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, яқинингиз нимадандир сиздан хафа эканлиги ёдингизга тушса, эҳсонингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг. Биринчи навбатда бориб, яқинингиз билан ярашинг, кейин келиб, эҳсонингизни назр қилинг. Биров сизни айблаб қозихонага олиб борса, вақтни бой бермай, йўлдаёқ айбловчингиз билан келишиб олинг. Акс ҳолда, айбловчингиз сизни қози олдига олиб боради, қози эса сизни миршабга топширади. Сизни зиндонга ташлашади. Сизларга чинини айтай: охирги тийинингизни тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.”

Зино

«Зино қилма», — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар. Лекин Мен сизларга айтаман: агар сиз аёлга шаҳват билан қарасангиз, хаёлингизда у билан зино қилган бўласиз. Борди–ю, ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга ташлангандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир. Агар ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни кесиб ташлаб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга йўлиққандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир.

Мат. 5:20-30

Бундан ташқари, Исо ал-Масиҳнинг ҳаворийлари ва Унинг ортидан эргашган бошқа шогирдлар бутпарастлик ҳақида ваъз қилишган ва бу шунчаки тошга сажда қилиш эмас, балки Аллоҳ билан бир қаторда бошқа нарсаларга сажда қилиш билан баробарлигини ўргатишган. Пулни Аллоҳдан устун қўйиш бунга бир мисол бўла олади. Шунинг учун ҳам, ўзингиз сезгандай, улар пулпарастликни бутга сажда қилиш билан баробар дейишган. Ҳақиқатан ҳам пулга кўнгил қўйган одам пулни, молу-давлатни Худога тенг қилган бўлади.

Шундай экан, сизда башарга хос неки бўлса, уни ўзингиздан соқит қилинг: фаҳш–зино, ҳаром–ҳаришлик, ахлоқий бузуқлик, ғаламислик, бутпарастлик, очкўзлик ва ҳоказо илларлардан йироқ юринг. Бундай ишларни қилувчиларнинг бошига Худонинг қаҳр-ғазаби тушади. Орангизда беадаблик, ножўя сўзлару қўпол ҳазиллар ҳам бўлмасин, чунки бундай қилиқлар сизларга тўғри келмайди. Яхшиси, Худога шукур қилинглар. Шуни билиб қўйингларки, ҳеч бир фаҳшбоз, ифлос ёки хасису очкўз инсон Масиҳнинг ва Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди, чунки айтиб ўтилганларнинг ҳаммаси бутпарастлик билан тенгдир. Ўшандай гуноҳларни қилишга баҳона излаганлар сизларни қуруқ гаплар билан алдамасин, чунки Худонинг қаҳр–ғазаби Унга итоатсиз бандаларнинг бошига тушади

Кол. 3:5-6 ва Эфс. 5:4-6

Ўнта амрга берилган бундай тафсиф бизга нафақат амрларни бажариш билан боғлиқ ташқи амалларни, балки Аллоҳнинг Ўзигагина аён бўлган, бизни ич-ичимиздан ғайратлантирувчи омилни ҳам кўришга ёрдам беради. Юқорида айтилган нарсаларни ҳисобга оладиган бўлсак, Қонунга тўлиқ риоя қилиб яшаш янада қийинлашади.

Яна бир даъфа ўйлаб кўриб айтинг-чи, сиз ҳақиқатан ҳам Қонунда ёзилган амрларни битта қолдирмай бажара оляпсизми? Фикрингиздан қайтишга ҳали кеч эмас. Борди-ю, барча амрларни бажараётганингизга ишончингиз комил бўлса, унда сизга Инжил керак эмас. Аллоҳнинг Аломатларини ўрганиш ёки Инжилни тушунишга уринишингизга ҳам ҳожат йўқ. Инжил Қонунни бажара олмайдиганларгагина берилган, уни бажо келтира оладиганларга эмас. Исо ал-Масиҳ бу ҳақда шундай дейди:

Бир оздан кейин Исо Маттонинг уйида меҳмон бўлди. Кўп солиқчилар ва гуноҳкорлар келиб, Исо ва Унинг шогирдлари билан бирга дастурхон атрофига ўтирдилар. Фарзийлар буни кўриб, Исонинг шогирдларидан: “Нега Устозингиз солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибди?” — деб сўрадилар. Исо бу гапни эшитиб, уларга шундай жавоб берди: “Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир. Боринглар–да, Тавротдаги: “Мен қурбонликни эмас, раҳм–шафқатни истайман” деган сўзларнинг маъносини ўрганиб келинглар. Ахир, Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман”.

Мат. 9:10-13