Яҳё пайғамбар (алайҳиссалом) нинг келиши ҳақида башорат
“Қул Аломати” номли мақолада биз Эгамизнинг қули келиши ҳақидаги ваъда тўғрисида сўз юритдик. Бу ваъда тўлалигича ва бутунлай энг муҳим саволларнинг бирига бериладиган жавобга боғлиқ эди. Ишаё пайғамбар китобининг 53-боби айнан ўша савол билан бошланади:
“Бизнинг хабаримизга ким ишонди? Эгамизнинг қудратли кучи кимга аён бўлди?”
Иша. 53:1
Ишаё пайғамбар (алайҳиссалом) ўша қулнинг сўзларига аввалига ҳеч ким ишонмаслигини айтиб огоҳлантиради. Бу ерда масала одамларга етарлича аломат берилмаганида бўлмаган. Асло. Аломатлар қул келадиган вақтни аниқ кўрсатиб берар эди: “етти карра етти ҳафта” деган сирли ибора, исм ҳақидаги ваҳийнинг берилиши ҳамда қулнинг “тириклар юртидан улоқтирилиши” ҳақидаги ишора бунинг яққол аломати эди. Масала аломатларнинг етишмаслигида эмас эди. Ҳаммасига одамларнинг бағритошлиги сабаб бўлган. Шунинг учун қул келишидан олдин кимдир одамларни унинг келишига тайёрлаши лозим эди. Ишаё пайғамбар (алайҳиссалом) Эгамизнинг қулига йўл ҳозирлайдиган зот ҳақида айтади. Бу ҳақда Забур тўпламида ва Ишаё пайғамбар китобида ўқишимиз мумкин:
Бир овоз янграмоқда:
“Чўлда Эгамизга йўл ҳозирланг,
Саҳрода Худойимизга тўғри йўл очинг.
Ҳар бир жарлик юксалади,
Ҳар бир тоғу тепалик пасаяди.
Ўнқир–чўнқир жойлар текис бўлади,
Ўйдим–чуқур ер текислик бўлади.
Ўшанда Эгамизнинг улуғворлиги зоҳир бўлади,
Бутун жонзот биргаликда буни кўради.
Ҳа, Эгамиз Ўз оғзи билан шуни айтди.”
Иша. 40:3-5
Ишаё пайғамбар (алайҳиссалом) нинг сўзларига кўра, кимдир чўлда яшайди ва одамларни “Эгамизга йўл ҳозирлашга”, Унинг “улуғворлиги зоҳир бўлиши” учун тўғри йўл очишга, ўнқир–чўнқир жойларни текис қилишга чорлайди. Аммо Ишаё бунинг қандай юз беришини кўрсатмаган.
Малаки пайғамбар Забур тўпламининг энг охирги пайғамбари бўлган
Ишаё, Малаки ва Илёс (алайҳиссалом) пайғамбарлар вақт шкаласида
Малаки пайғамбар Ишаё пайғамбардан кейин тахминан 300 йил ўтиб яшаган. У Забур тўпламидаги охирги китобнинг муаллифи ҳисобланади. Ўз китобида биз унинг даставвал элчи ҳақида Ишаё пайғамбар айтган ҳамма нарсани такрорлаганини кўрамиз. Жумладан, у шундай ёзади:
Сарвари Олам шундай дейди: “Мана, Мен Ўз элчимни юборяпман. У Мен учун йўлни ҳозирлайди. У тўсатдан Ўз Маъбадига келади. Сизлар излаётган Раббий Ўшадир. Аҳд элчиси Унинг Ўзидир. Сизлар Ундан ғоят мамнун бўласиз.”
Мал. 3:1
Бу ерда биз яна “Эгамизга йўл ҳозирлаш” учун келадиган элчи ҳақида башорат қилинганини кўрамиз. Ўша элчидан кейин “аҳд элчиси” келади. Малаки (алайҳиссалом) бу ерда қандай аҳд ҳақида гапиради? Эсингизда бўлса, Еремиё пайғамбар (алайҳиссалом) Аллоҳ биз билан янги аҳд тузиши, уни қалбимизнинг лавҳаларига ёзишини айтган, шундагина бизни гуноҳга ундайдиган ташналик сўнишига ишора қилган. Малаки (алайҳиссалом) мана шу аҳд ҳақида гапиради. Бу аҳднинг тузилиши элчининг келиши билан белгиланади.
Малаки (алайҳиссалом) Забур тўпламини ўзига хос башорат билан якунлайди. Ўз китобининг охирги парчасида у яна келажакка назар солади ва шундай деб ёзади:
“Мана, Мен, Эгангизнинг улуғ ва даҳшатли куни келишидан олдин, олдингизга Илёс пайғамбарни юборяпман. Илёс оталарнинг юракларини фарзандларига, фарзандларнинг юракларини эса оталарига мойил қилади. Токи Мен юртни лаънатлаб йўқ қилмайин.”
Мал. 4:5-6
Малаки (алайҳиссалом) Эгамизнинг улуғ ва даҳшатли куни келишидан олдин Илёс пайғамбар юборилишини айтиб, нимани назарда тутади? Ким экан ўша Илёс? Бу ерда биз ҳали тилга олмаган, Забур тўпламининг яна бир пайғамбари ҳақида сўз боради (Биз Забур тўпламидаги пайғамбарларнинг ҳаммасини кўрсата олмаймиз, чунки бу учун жуда узоқ вақт талаб этилади. Унинг яшаб ўтган йиллари вақт жадвалида кўрсатилган). Илёс (алайҳиссалом) тахминан мил. ол. 850 йилларда яшаган. Унинг саҳрода тарки дунё қилиб, якка ўзи яшагани маълум; у жундан кийим кийиб, чигиртка ва ёввойи асал билан озиқланган. Табиийки, унинг кўриниши ҳам жуда ғайриоддий бўлган. Малаки пайғамбар (алайҳиссалом) ўз китобида элчи бу дунёга Янги Аҳддан олдин келиши ва Илёс (алайҳиссалом) каби бўлишини ёзиб қолдирган.
Забур тўпламига мана шу даллиллар якун ясайди. Забур тўпламида ёзилган охирги башорат мил. ол. 450 йилларга тўғри келади. Тавротда ва Забур тўпламида келажак ҳақида жуда кўп ваъдаларни топамиз. Улардан баъзиларини кўриб чиқайлик.
Тавротда ва Забур тўпламида ёзилган ва ҳали амалга ошмаган ваъдалар
- Иброҳим пайғамбар (алайҳиссалом) Мориёх тоғида: “Қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини Худонинг Ўзи беради”, деган. “Қурбонлик Аломати” номли мақола мана шу мавзуга бағишланган эди. Забур даври якунига етгандан кейин ҳам яҳудийлар Эгамиздан ўша қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини кутишда давом этган.
- Мусо пайғамбар (алайҳиссалом) Фисиҳни Исроилликлар учун аломат деб атаган, шу боис Исроил халқи бутун тарихлари давомида Фисиҳ байрамини нишонлайди. Лекин улар аломат келажакда бўладиган ва ҳали очилмаган нарсага ишора қилишини унутган.
- Мусо (алайҳиссалом) Тавротда бир пайғамбар келиши ҳақида башорат қилган, Аллоҳ ўша пайғамбар ҳақида гапирар экан: “Мен унга нима айтишни ўргатаман”, деган. Шунингдек, Аллоҳ келажакда келадиган ўша пайғамбар ҳақида ваъда қилар экан: “Унга қулоқ солмаган одамни Мен Ўзим жазолайман”, дейди.
- Шоҳ Довуд (алайҳиссалом) ҳам Худо танлаган Зот — Масиҳнинг келиши ҳақида башорат қилган. Бутун тарихлари давомида Исроилликлар Масиҳнинг Шоҳлиги қанақа бўлиши ҳақида қизиққан.
- Ишаё пайғамбар (алайҳиссалом) китобида биз “қиз ҳомиладор бўлиши ва ўғил туғиши” ҳақида ёзилганини кўрамиз. Яҳудийлар ушбу ажойиб башорат Забур даври охирида бажо бўлишини кутишган.
- Еремиё пайғамбар (алайҳиссалом) бир вақтлар келиб, Эгамиз одамзод билан Янги Аҳд тузишини ва бу аҳдни тош лавҳаларга эмас, инсон қалбининг лавҳаларига ёзишини айтган.
- Закариё пайғамбар китобида Масиҳ номи ҳақида Худодан ваҳий келгани ва башорат қилинганини топамиз.
- Дониёр пайғамбар (алайҳиссалом) Масиҳнинг “ўлдирилишини” башорат қилган, гарчи жуда кўпчилик унинг ҳукмронлик қилишини кутган бўлса-да.
- Ишаё пайғамбар (алайҳиссалом) китобида кўп азоб чекадиган, “тириклар юртидан улоқтириладиган” қул ҳақида айтилади.
- Юқорида айтилганидек, Малаки пайғамбар (алайҳиссалом) бу ҳодисалар юз беришидан аввал дунёга элчи юборилишини кўрсатган. Элчи одамларни қулнинг келишига тайёрлаш учун келади, чунки одамларнинг Худодан юз ўгиришлари жуда осон эди.
Забур тўплами мил. ол. 450 йилда битқазилади. Бу пайтда яҳудийлар юқорида кўрсатилган муҳим башоратларнинг бажо бўлишини кутишда давом этар эди. Вақт ўтар, улар эса ҳамон кутишарди. Бир авлоднинг ўрнини бошқа авлод эгаллар, ваъдалар эса ҳамон амалга ошмас эди.
Забур давридан кейинги ҳодисалар
“Исроил тарихи” мақоласидан билиб олганимиздек, мил. ол. 330 йилга келиб, ўша пайтда маълум бўлган дунёнинг катта қисмини Искандар Зулқарнайн босиб олади ва бунинг натижасида дунёда юнон тили ва юнон маданияти кенг тарқалади. Бугунги кунда инглиз тили савдо, таълим ва адабиёт соҳаларида халқаро мулоқот тили ҳисобланса, у пайтда юнон тили худди шундай мақомга эга бўлган. Мил. ол. 250 йилларда яҳудий тафсирчилар Таврот ва Забур тўпламини иброний тилидан юнон тилига таржима қилишган. Бу таржима Септуагинта деб юритилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Масиҳ (юнонча “Христос”)” сўзи биринчи марта айнан ўша таржимада ишлатилади. Ушбу мақолада эса биринчи марта ўша жойда “Исо” деган исм ишлатилгани ҳақида сўз боради.
Ишаё, Малаки ва Илёс пайғамбарлар (алайҳиссалом) вақт шкаласида
Вақт шкаласида кўк ранг билан белгиланган бу даврда (мил. ол. 300-100 йиллар) Миср ва Сурия ўртасида тўхтовсиз урушлар авж олган ва Исроилликлар ҳам охири кўринмаган бу тўқнашувларда иштирок этган. Бунга Исроилнинг Миср ва Сурия ўртасида жойлашгани сабаб бўлган. Суриялик шоҳлар кўпинча Исроилликларни якка Худога ишонишдан қайтаришга ва уларга юнонлар эътиқодини сингдиришга ҳаракат қилар, кўп худоликка (бутпарастликка) даъват этарди. Яҳудий раҳнамолар якка худоликни ҳимоя қилиш ва Мусо пайғамбар (алайҳиссалом) томонидан асос солинган диннинг поклигини тиклаш учун исён кўтаришган. Яҳудийларга берилган башоратлар ўша диний раҳнамоларда амалга ошган бўлса-чи? Гап шундаки, улар имон йўлида қанчалик содиқ посбон бўлмасин, Тавротда ва Забур тўрпламида ёзилган амрларни қанчалик ғайрат билан бажармасин, башоратли аломатларда бошқа нарса ҳақида айтилган. Бундан ташқари, бу одамлар ўзларини пайғамбар деб атамаган — улар ўзларини шунчаки художўй яҳудийлар, имон йўлида бутпарастликка қарши курашган ҳимоячилар деб билишган.
Яҳудийлар ўзларининг азалдан келган эътиқодларини сақлаб қолиш учун қандай курашганлари ҳақида китоблар ёзилган. Улар бизга Исроил халқи тарихига оид кўплаб қимматли маълумотларни ва беҳисоб руҳий сабоқларни беради. Шунга қарамай, яҳудийлар бу китобларни башорат ўрнида кўрмаган, шунинг учун ҳам бу китоблар Забур тўпламига киритилмаган. Бу фойдали китоблар бўлиб, жуда диндор одамлар томонидан ёзилган. Лекин бу одамларни пайғамбарлар деб бўлмас эди. Улар ёзган китоблар умумий ном билан — апокрифлар деб юритилади.
Бу китобларда қимматли ва фойдали маълумотлар кўп бўлгани учун улардан кўпинча яҳудий халқининг тарихий йилномаси сифатида Таврот ва Забур китоблари билан бирга фойдаланилган. Инжил пайдо бўлгач ва Исо ал-Масиҳ (алайҳиссалом) нинг ваъзларидан кейин Таврот, Забур ва Инжил китоблари битта тўплам қилиб бирлаштирилади ва ал-Китоб, яъни Муқаддас Китоб деб юритила бошлайди. Апокрифлар ҳалигача Муқаддас Китобнинг баъзи нашрларида учраб туради, гарчи Таврот, Забур ва Инжил тўпламларига киритилмаган бўлса-да.
Лекин Таврот ва Забур тўпламида ёзилган ваъдалар ҳамон бажо бўлмас эди. Юнонларнинг ҳукмронлигидан сўнг, Яҳудо халқи ўз таъсири чегараларини сезиларли даражада кенгайтирган қудратли Рим империяси томонидан босиб олинди (вақт шкаласида бу давр кўкдан кейин сариқ ранг билан белгиланган). Рим империяси бу юртда самарали, аммо шафқатсизларча ҳукмронлик қилар эди. Солиқлар кескин кўтарилади, бошқача фикрлаганларга қарши бешафқат чоралар кўриладиган бўлди. Яҳудийларнинг Тавротда ва Забур тўпламида ёзилган башоратлар бажо бўлишига бўлган умидлари янада кучаяди, аммо узоқ кутган халқ Худони аввалгидай эъзозламай қўйган эди. Бу давр ичида кўплаб қонун-қоидалар киритилган, пайғамбарларнинг битикларида улар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бу шунчаки анъаналарнинг бир қисми эди, холос. Ўша қўшимча қоидалар кундалик ҳаётда қўллана бошлаган вақтда яхшидай туюлган, лекин тез орада улар яҳудий муаллимларнинг қалблари ва онгларида Таврот ва Забурда берилган пойдевор амрлардан устун қўйила бошлади.
Мана шундай вақтда, Аллоҳ Ўз ваъдаларини унутгандай туюлган бир паллада бош фаришта Жаброил оламга узоқ кутилган элчининг келишини эълон қилади. Бугунги кунда бу элчини Яҳё пайғамбар (Яҳё чўмдирувчи) деган ном билан аташади. Инжил Хушхабарининг боши ҳисобланган бу ҳодиса ҳақида кейинги мақоламизда сўз юритамиз.