Худо ҳақи мен кечиринг, лекин ёмон хабарни етказишим керак. Дарҳақиқат, бу сизнинг (ва менинг, чунки менда ҳам худди шундай муаммо бор) солиҳликдан маҳрум эканингизни англатади. Солиҳлик муҳим омил, чунки жаннатга киришнинг ягона шарти, Худо Шоҳлигининг асоси бўлади. Жаннат бир-биримизга бўлган муносабатимиз (ёлғон гапирмаслик, ўғрилик, қотиллик қилмаслик, бутларга сиғинмаслик ва ҳоказо) ва Аллоҳга бўлган эҳтиромимиз маҳсулидир. Шу боисдан ҳам Довуд Забур китобида Худонинг муқаддас Шоҳлигига солиҳ кишиларгина кира олишини айтади. Фақат солиҳлар Муқаддас Шоҳликка киради, шунин учун ҳам бу маскан жаннат (муқаддас тоғ) деб юритилади.
Эй Эгам, ким яшайди Сенинг масканингда?
Ким макон топади Сенинг муқаддас тоғингда?
Тўғри юриб, тўғри иш қилганлар яшайди,
Юракдан ҳақ гапни айтганлар яшайди.
Бошқаларга бўҳтон қилмаганлар яшайди,
Дўстларига ёмонлик қилмаганлар яшайди,
Қўшниларини ҳақорат қилмаганлар яшайди.
Разил кимсалардан нафратланганлар яшайди,
Эй Эгам, Сендан қўрққанларни иззатлаганлар яшайди,
Ўзига зарар бўлса ҳам, аҳдида турганлар яшайди.
Қарз бериб судхўрлик қилмаганлар яшайди.
Айбсизга қарши гувоҳлик бериш учун пора
олмаганлар яшайди.
Буларни қилганлар тинч–омон бўлади.
Забур 14:1-5
Гуноҳ ўзи нима?
Биз доим ҳам юқоридаги оятлар ўргатганидек ўзимизни тута олмаймиз, бу демакки, Худонинг амрларини кўпинча бажармаймиз, яъни гуноҳ қиламиз. Гуноҳ ўзи нима? Эски Аҳдда Тавротдан кейин келадиган китобда ажойиб образ келтирилади ва у бизга гуноҳнинг нима эканини жуда аниқ кўрсатиб беради. Яъни шундай оятни топамиз:
Буларнинг орасида етти юз нафар чапақай аскар бор эди. Уларнинг ҳаммаси моҳир мерган эди. Уларга бир тола сочни нишон қилиб қўйган тақдирда ҳам палахмондан тош отиб, мўлжалга бехато теккизишарди.
Ҳак. 20:16
Бу ерда чапақай аскарлар ҳақида ўқиймиз. Уларнинг палахмондан тош отиб, мўлжалга бехато теккизганлари эътироф этилади. Таврот ва Эски Аҳд пайғамбарлар томонидан қадимги иброний тилида ёзилган. Бу ерда “мўлжалга бехато теккизмоқ” деб таржима қилинган ибронийча ибора יַחֲטִֽא (хо-то) деб юритилади. Худди ўша ибронийча ибора Тавротда гуноҳ дебтаржима қилинади. Масалан, Юсуф ҳақидаги ҳикояда биз бу иборанинг “гуноҳ” деб таржима қилинганини кўришимиз мумкин. У ерда Юсуфнинг Мисрга қул қилиб олиб кетилгач, Пўтифарнинг хотини уни зинога ундагани ва у гуноҳ қилишдан бош тортгани ҳақида айтилади (Қуръонда бу ҳикоя (12) Юсуф сураси 22-29 оятларда келтирилган). Юсуф Пўтифарнинг хотинига шундай деган:
“Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!”
Ибт. 39:9
Тавротда Ўнта амрдан кейин шундай дейилади:
Қўрқманглар! — деди Мусо халққа. — Худо фақат сизларни синаш учун, Ундан қўрқиб, гуноҳ қилмаслигингиз учун келган.
Чқш. 20:20
Иккала парчада ҳам гуноҳ маъносини берадиган ибронийча יַחֲטִֽא деган сўз ишлатилади. Яъни одамлар бир-бири билан қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида сўз борганда, худди ўша — мўлжалга уришда “адашган” аскарларни англатувчи сўз ишлатилади. Аллоҳ бу ерда бизга гуноҳнинг моҳиятини тушунишимиз учун ажойиб образни келтиради. Аскар тошни олиб, палахмон билан нишонга отади. Агар хато отса, мўлжалга теккиза олмайди. Худди шунингдек, Аллоҳ ҳам бизни маълум бир мақсад билан, яъни бизни севгани боис Унга сажда қилишимиз учун яратган. “Гуноҳ қилмоқ” – хато отмоқ, ҳаётимиздан кўзланган мўлжалда адашмоқ маъносини беради. Қонунда ёзилган амрларни бажармаганимизда биз мана шундай аҳволга тушамиз — Аллоҳ берган мўлжалда адашган, хато отган бўламиз.
Тавротга кўра ўлим гуноҳнинг оқибатидир
Хато отиш, мўлжалга теккиза олмасликнинг оқибатлари нима бўлди? Биринчи оқибатга Одам Атонинг Аломатидаёқ ишора қилинади. Одам Ато илоҳий амрни бузди (фақат бир марта!) ва Аллоҳ уни ўлимга гирифтор қилди. Бошқача қилиб айтганда, энди Одам Атонинг ўлиши муқаррар бўлди. Ҳикоя “Нуҳ Аломати”да давом этади. Аллоҳ одамзодни ҳукм қилди ва Тўфон сувлари орқали ўлимга маҳкум этди. Кейинги босқич — Лутнинг Аломати бўлиб, бу гал ҳам гуноҳнинг эвази ўлим бўлди. Иброҳимнинг ўғли қурбонгоҳда ўлиши керак эди. Фисиҳ байрами арафасида Мисрга келган ўнинчи фалокат оқибатида барча тўнғич эркаклар нобуд бўлди. Аллоҳнинг Мусо (алайҳиссалом) га айтган сўзларида ҳам худди шу модел такрорланганини кўрамиз. Кўриб турганимиздек, тош лавҳаларга Ўнта амрни ёзишдан олдин Аллоҳ шундай кўрсатма беради:
Эгамиз деди:
— Бор, бугун ва эртага халқ поклансин, кийимларини ювсин. Шундай қилиб, эртадан кейинги кунга тайёр бўлишсин. Ўша куни Мен, Эгангиз, Синай тоғига тушаман. Жамики халқ Мени ўша ерда кўради. Тоғ атрофига чегара қилиб қўй, токи халқ чегарани босиб ўтмасин. Халққа айт: “Тоққа чиқманглар, тоғнинг яқинига ҳам бора кўрманглар. Агар бирортаси тоққа қадам қўйса, ўшанинг жазоси ўлимдир.
Чқш. 19:10-12
Тавротнинг бошидан охиригача бир хил манзарани кўрамиз. Исроил халқи Аллоҳ берган амрларни тўлиқ бажара олмаган (гуноҳ қилган) бўлса-да, Худонинг ҳузурида туришга ҳаддилари сиғди. Ўйламай иш тутганининг оқибатини тушунганларидан кейин уларни қандай қўрқув босганига эътибор беринг.
Исроил халқи эса Мусога фарёд қилди:
— Шўримиз қуриди! Кунимиз битди! Эгамизнинг Муқаддас чодирига яқин
борганлар нобуд бўлишади. Биз ҳаммамиз қирилиб кетамиз!
Саҳ. 17:12-13
Ҳорун (алайҳиссалом) нинг ўғиллари бўлган. Улар худди шу тарзда, яъни Энг муқаддас хонага гуноҳ билан кириб келганлари оқибатида нобуд бўлган эди.
Ҳоруннинг икки ўғли Эгамиз амр этмаган бегона оловни олиб келиб, нобуд бўлганларидан сўнг, Эгамиз Мусога гапириб, шундай деди: “Аканг Ҳорунга айт, у ички парда орқасидаги Энг муқаддас хонага хоҳлаган пайтида кирмасин. У ердаги Аҳд сандиғининг қопқоғи олдига бормасин. Акс ҳолда, у нобуд бўлади. Зотан, Мен ўша қопқоқ устида булут орасида зоҳир бўламан.”
Лев. 16:1-2
Ҳорун (алайҳиссалом) га Энг муқаддас хонага қандай кириш лозимлиги борасида аниқ кўрсатмалар берилган эди. Аллоҳ руҳонийларга шундай кўрсатма берган:
… барча руҳонийлик хизматини фақат сен ўғилларинг билан бажар. Руҳонийликни Мен сизларга ҳадя қилиб бердим. Муқаддас буюмлар олдига келган бошқа ҳар қандай одамнинг жазоси ўлимдир.”
Саҳ. 18:7
Орадан вақт ўтиб Мусо (алайҳиссалом) нинг олдига қизлар келиб, уларга ҳам ер мулк қилиб берилишини сўрашади. Уларнинг ака-укалари йўқ эди, отаси нима сабабдан оламдан ўтган?
Отамиз саҳрода вафот этди. У Эгамизга қарши йиғилган Кўрахнинг тўдасига шерик бўлмаган, ўз гуноҳи туфайли оламдан ўтди. Отамизнинг ўғли йўқ.
Саҳ. 27:3
Бу ерда Таврот китобининг охирида хулоса қилиб келтирилган ўзаро боғлиқликни кўришимиз мумкин. Бу шундай сўзлар билан ифода этилади:
… Ҳар ким ўз гуноҳи учун ўзи ўлим жазосини олсин.
Қонунлар 24:16
Аллоҳ Исроил халқига (ва бизга) гуноҳнинг эвази — ўлим эканини кўрсатди.
Аллоҳнинг инояти
Лекин Аллоҳ раҳм-шавқатли, иноятлидир. Аллоҳнинг иноятини кўра оляпмизми? Ўзимиз учун керакли сабоқларни олишимиз мумкинми? Ҳа! Албатта! Биз — гуноҳ қилган ва солиҳликка эга бўлмаганлар учун Қодир Тангрининг иноятини кўра билиш жуда муҳим. Бунга қадар иноятга ишора қилган бир нечта Аломатни санаб ўтдик. Энди эса иноятнинг энг ёрқин аломатларига эътибор қаратамиз — Ҳорун Аломати – битта ғунажин ва иккита эчки.