Skip to content
Qur’oni karim- 37: 102-110 (Saffot) Tavrot: Ibtido 22:1-18
102 Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди.

103 Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида.104Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим!105 Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб.106Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир.107

Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик. (Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳимга алайҳиссалом юқоридаги нидони қилди ва Исмоилнинг алайҳиссалом ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди.)

108 Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.

109 Иброҳимга салом бўлсин!

110

Биз гўзал амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз.

1Шу воқеалардан кейин Худо Иброҳимни синади.
— Иброҳим! — деб чақирди Худо.
— Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
2— Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан.
3Эртаси куни Иброҳим саҳарда туриб, эшагини эгарлади. Оловда куйдириладиган қурбонлик учун ўтин тайёрлади. Сўнг икки хизматкори ва ўғли Исҳоқни ёнига олиб, Худо айтган ерга жўнади. 4Уч кун йўл юрганларидан кейин, Иброҳим узоқдан ўша жойни кўрди. 5Иброҳим хизматкорларига деди:
— Сизлар шу ерда — эшакнинг ёнида қолинглар. Ўғлим билан ҳов анави ерга борамиз–у, у ерда сажда қилиб, шу ерга қайтиб келамиз.
6Иброҳим қурбонлик куйдириш учун ўтинни олиб, ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди. Ўзи эса пичоқ билан чўғни олиб кетди. Икковлари бирга кетишди.
7— Отажон! — деди бир пайт Исҳоқ отасига.
— Лаббай, ўғлим, — деб жавоб берди Иброҳим.
— Олов билан ўтин бор–у, лекин қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзи қани? — деб сўради Исҳоқ.
8— Қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини Худонинг Ўзи беради, ўғлим, — деб жавоб қилди Иброҳим. Шундай қилиб, икковлари бирга йўлда давом этишди.
9Улар Худо кўрсатган ерга етиб келганларидан кейин, Иброҳим қурбонгоҳ қуриб, қурбонгоҳга ўтин қалади. Сўнгра у ўғли Исҳоқни боғлаб, қурбонгоҳдаги ўтинлар устига ётқизди. 10Иброҳим пичоқни олди ва ўғлини бўғизлашга шайланди. 11Шу пайт Эгамизнинг фариштаси самодан унга ҳайқирди:
— Иброҳим! Иброҳим!
— Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
12— Пичоқни ташла! — деб буюрди фаришта. — Бундай қилма, болага зарар етказма. Энди билдим, сен ҳақиқатан Худодан қўрқар экансан. Сен ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг.
13Иброҳим бошини кўтариб, қўчқорни кўриб қолди. Қўчқорнинг шоҳлари чакалакларга ўралиб қолган эди. Иброҳим қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди. 14Шунинг учун бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетган.
15Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси самодан Иброҳимни яна чақирди:
16— Эганг айтмоқда: “Менга итоат қилганинг учун, ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямаганинг учун Ўзимнинг номим билан қасамёд қиламан17сенга албатта қут–барака бераман. Наслингни осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз қилиб кўпайтираман. Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгаллайдилар. 18Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади.”