Skip to content

Чиқиш 12: 1-42

Фисиҳ зиёфати ва Хамиртурушсиз нон байрами тўғрисида кўрсатмалар
1Мусо билан Ҳорун Мисрда яшар эканлар, Эгамиз уларга қуйидаги кўрсатмаларни берди:
Фисиҳ зиёфати
2“Бу ой сизлар учун илк ой — йилнинг биринчи ойи бўлади3Исроил халқининг бутун жамоасига етказинглар: шу ойнинг ўнинчи кунида оила бошлиқлари битта қўзи ёки улоқча танлайди. Буни хонадондагилар тановул қилади. 4Битта жонлиқ бир оилага кўплик қиладиган бўлса, оила аъзоларининг сони ва бир одам тановул қиладиган гўшт миқдори ҳисоблаб чиқилади. Сўнгра ўша оила жонлиқ гўштини ёнидаги қўшниси билан бўлишади. 5Нуқсонсиз, бир яшар эркак жонлиқни танлаб олинглар. 6Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурунгача қўзиларни алоҳида сақланглар. Сўнгра Исроил халқи жамоасининг ҳар бир хонадони ўзининг қўзисини сўйиши лозим. 7Сўнг улар қурбонликнинг қонидан олиб, қурбонлик гўшти тановул қилинадиган уйнинг эшиги кесакиси ёнларига ва тепасига суртишсин. 8Ўша куни кечқурун гўштни оловда пиширишсин ва ўша гўштни, хамиртурушсиз нон ҳамда тахир ўтларни тановул қилишсин. 9Қурбонлик гўштининг сувда қайнатилганини ёки хомини тановул қилишмасин. Калла–поча ва ичак–човоқларини оловда пишириб ейишсин. 10Гўштдан эрталабгача қолмасин. Агар ортиб қолса, эрталабга қолдирмай оловда куйдиринглар. 11Гўштни тановул қилаётганингизда, шай туринглар. Чориғингиз оёғингизда, таёғингиз қўлингизда бўлсин, тез–тез енглар. Мен, Эгангизга бағишланган Фисиҳ қурбонлиги шудир.
12Ўша тунда Мен Мисрнинг бу бошидан нариги бошигача ўтиб, инсонларнинг ҳар бир тўнғич ўғилларини ҳам, чорванинг биринчи эркак боласини ҳам ўлдираман. Мен, Эгангиз, Мисрнинг ҳамма худоларига қарши ҳукмни ижро этаман. 13Эшикларингизнинг кесакисига суртилган қон яшаётган уйларингизни белгилайди. Қонни кўриб, сизларни четлаб ўтаман. Мен Мисрни жазолаганимда, ўлат офатидан сизлар омон қоласизлар.
Хамиртурушсиз нон байрами
14Бу кунни сизлар то абад эсда тутишларингиз лозим. Ҳар йили бу кунни Мен, Эгангизга аталган байрам қилиб нишонланглар. Бу байрам авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлиб қолсин. 15Ўша етти кун давомида хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. Биринчи куниёқ уйларингиздаги хамиртурушни йўқотинглар. Кимки етти кун давомида хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади. 16Байрамнинг биринчи куни ҳам, еттинчи куни ҳам бутун халқ муқаддас йиғинга келиши лозим. Шу кунлари, овқат тайёрлашдан ташқари, ҳеч қандай иш қилманглар.
17Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонлайсизлар, чунки айнан ўша куни Мен сизларнинг оилаларингизни ва қабилаларингизни Мисрдан олиб чиққанман. Бу байрам авлодларингиз оша нишонланиб, доимий қонун–қоида бўлиб қолсин. 18Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурундан бошлаб шу ойнинг йигирма биринчи куни кечқурунгача хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. 19Уйларингизда ўша етти кун давомида асло хамиртуруш бўлмасин. Кимки хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у асли Исроил наслиданми, мусофирми, барибир, Исроил халқининг жамоасидан йўқ қилинади. 20Хамиртуруш қўшилган нонни ҳеч тановул қилманглар. Қаерда яшасангизлар ҳам, хамиртурушсиз нон тановул қилинглар.”
Илк Фисиҳ зиёфати
21Шундан кейин Мусо Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини чақиртириб, уларга деди:
— Ҳар бир хонадонга шундай деб айтинглар: “Оилангиз учун биттадан қўзи ёки улоқча танлаб олиб, Фисиҳ зиёфатига қурбонлик қилинглар22Кейин иссоп ўтидан бир тутам олиб, идишдаги қурбонлик қонига ботиринглар. Қонни уйларингиз эшиги кесакисининг ёнларига ва тепасига суртинглар. Тонггача бирортангиз уйингиздан чиқманглар. 23Чунки Эгамиз Миср юрти бўйлаб ўтиб, Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини нобуд қилади. У эшикларингизнинг кесакисидаги қонни кўриб, уйларингизни четлаб ўтиб кетади. Азроил уйларингизга кириб, сизларнинг тўнғич ўғилларингизни нобуд қилишига Эгамиз йўл қўймайди. 24Ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам бу расм–русумларга то абад риоя қилишларингиз лозим. 25Эгамиз сизларга бераман, деб ваъда қилган юртга кирганларингиздан кейин ҳам, бу удумни нишонлайверинглар. 26Болаларингиз сизлардан:
— Бу удумнинг маъноси нима? — деб сўраганларида, шундай жавоб беринглар:
27— Бу Эгамизга бағишланган Фисиҳ қурбонлигидир. Эгамиз Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини ҳалок қилганда, Мисрдаги Исроил халқининг уйларини четлаб ўтиб кетди. Шундай қилиб, бизнинг хонадонларимизни омон сақлаб қолди.”
Шунда Исроил оқсоқоллари эгилиб, сажда қилди. 28Сўнгра улар бориб, Эгамизнинг Мусога ва Ҳорунга берган амри бўйича иш тутдилар.
Ўнинчи фалокат: жамики тўнғич эркак зоти нобуд бўлади
29Эгамиз ярим кечаси Мисрликларнинг жамики тўнғичларини — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғич ўғлидан тортиб, зиндонда ётган асирнинг тўнғич ўғлигача ўлдирди. Ҳамма чорванинг биринчи эркак боласини ҳам нобуд қилди. 30Ўша кеча фиръавн, унинг ҳамма аъёнлари ва бутун Миср халқи уйғониб кетди. Бутун Мисрни қаттиқ дод–фарёд тутди. Одам нобуд бўлмаган бирорта хонадон йўқ эди. 31Ўша тундаёқ фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақиртириб айтди:
— Ўзларингиз ҳам, Исроил халқингиз ҳам йўқолинглар! Менинг юртимдан чиқиб кетинглар! Ўзларингиз айтганингиздай, бориб Эгангизга сажда қилаверинглар. 32Мол–қўйларингизни ҳам олиб кетинглар. Аммо кетаётганингизда, мени дуо қилинглар.
33“Исроил халқи юртимиздан тезроқ чиқиб кетсин, агар чиқиб кетмаса, ҳаммамиз ўлиб кетамиз”, деб Мисрликлар уларни қистовга олдилар. 34Шундай қилиб, Исроил халқи кийим–кечакларига ўралган хамиртуруш қўшилмаган хамир тўла тоғораларини олиб, елкаларига ортишди. 35Исроил халқи Мусонинг айтганини қилиб, Мисрликлардан олтин ва кумуш тақинчоқлар, кийим–кечаклар сўраб олишди. 36Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Исроил халқи нима сўраса, улар бердилар. Шу йўл билан Исроил халқи, ғолиб лашкардай, Мисрликларнинг бойликларини олиб кетди.
Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетади
37Исроил халқи Рамзесдан Сухотга қараб яёв йўлга чиқди. Улар 600.000 тача эркак бўлиб, аёллар ва болалар бу ҳисобга кирмасди. 38Сон–саноқсиз бегона халқлар, кўплаб мол–қўйлар ҳам улар билан бирга кетди. 39Исроил халқи Мисрдан олиб чиққан хамиртурушсиз хамирдан патир нон ёпдилар. Улар Мисрдан шунчалик тез чиқиб кетдиларки, йўлга егулик тайёрлагани вақт тополмагандилар.
40Исроил халқи Мисрда 430 йил яшади. 41430 йилнинг охирги кунида Эгамизнинг халқига қарашли бўлган ҳамма қабилалар Мисрдан чиқиб кетишди. 42Ўша куни кечаси Эгамиз халқига посбонлик қилиб, уларни Мисрдан олиб чиққан эди. Шу сабабдан Исроил халқи ҳам авлодлар оша, ҳар йили ўша тунни Эгамизга бағишлаб, байрам қилишлари керак.