Skip to content
Юсуф ва унинг акалари
1Исҳоқ вафот этгандан кейин, Ёқуб яна Канъон юртида — отаси яшаган юртда ўрнашди. 2Ёқубнинг хонадони тарихи қуйидагичадир:
Юсуф ўн етти ёшга кирганда, кўпинча ўгай акалари — Билхах ва Зилпонинг ўғиллари билан бирга отасининг қўй–эчкиларини боққани борар эди. Юсуф акалари қилаётган баъзи ёмон ишлардан отасини хабардор қилиб турар эди. 3Ёқуб Юсуфни қариган чоғида кўргани учун бошқа ўғилларига қараганда кўпроқ яхши кўрар эди. Ёқуб Юсуфга беқасам чопон олиб берди. 4Акалари кўрдиларки, оталари Юсуфни улардан ортиқ яхши кўрар экан. Шунинг учун акалари Юсуфни ёмон кўриб қолдилар, унга яхши гапирмасдилар.
5Кунларнинг бирида Юсуф туш кўрди. У акаларига тушини айтиб берганда, акалари Юсуфни баттар ёмон кўриб қолдилар. 6Юсуф акаларига шундай деди:
— Қулоқ солинглар, кўрган тушимни сизларга айтиб берай. 7Биз далада буғдой боғлаётган эканмиз. Бирдан менинг боғламим кўтарилиб, тик турди. Сизларнинг боғламларингиз менинг боғламимни ўраб олиб, таъзим қилаётган эмиш.
8— Эҳ–ҳа, сен ҳали бизнинг устимиздан шоҳ бўлмоқчимисан, сен–а?! — деб акалари киноя билан ундан сўрашди. Кўрган тушини айтиб бергани учун акалари уни яна ҳам ёмон кўриб қолишган эди.
9Кейинроқ Юсуф яна туш кўрди ва тушини акаларига айтиб берди:
— Қаранглар, яна туш кўрибман. Тушимда қуёш, ой ва ўн битта юлдуз менга таъзим қилиб турган эмиш.
10Лекин Юсуф тушини отаси билан акаларига айтиб берганда, отаси унга танбеҳ берди:
— Қанақа туш кўрдинг ўзи?! Мен, онанг, акаларинг сенинг олдингга келиб, тиз чўкишимиз керак экан–да?!
11Акалари Юсуфга ҳасад қилишарди. Лекин отаси бу воқеани доимо эсида тутди.
Юсуфни акалари сотиб юборишади
12Бир куни Юсуфнинг акалари оталарининг қўй–эчкиларини боқиш учун Шакамга кетишди. 13Ёқуб Юсуфга:
— Акаларинг Шакамда қўй–эчкиларни боқишяпти, — деди. — Сени акаларинг олдига юборсам, дегандим.
— Хўп бўлади, отажон, — деди Юсуф.
14— Бориб бил–чи, акаларинг тинч–омон юришибдимикан, қўй–эчкиларнинг аҳволи яхшимикан, — деди Ёқуб, — кейин менга хабарини олиб кел.
Шундай қилиб, Ёқуб Юсуфни Хеврон водийсидан йўлга жўнатди.
Юсуф Шакамга етиб келди. 15Ўша атрофда айланиб юрган эди, бир одам уни кўриб қолди.
— Нимани излаб юрибсан? — деб сўради ҳалиги одам.
16— Акаларимни излаб юрибман, — деди Юсуф. — Мабодо билмайсизми, қўй–эчкиларни қаерда боқиб юришибди экан?
17— Улар бу ердан кетишган, — деди ўша одам. — Акаларинг, Дўтанга борамиз, деб айтганларини эшитган эдим.
Юсуф акаларини излаб Дўтанга кетди. Уларни ўша ердан топди. 18Улар узоқдан Юсуфни кўришди. Юсуф келмасдан олдин, акалари уни ўлдириш учун фитна тайёрлаб қўйдилар. 19Улар бир–бирларига:
— Ана, туш кўрувчи келяпти, — дейишди. 20— Келинглар, уни ўлдириб, чуқур сардобага ташлаймиз. Уни ёввойи ҳайвон еб кетди, деб гап тарқатамиз. Ўшанда кўрамиз унинг тушлари ҳақиқатга айланишини!
21Лекин Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлди:
— Унинг жонига қасд қилмайлик, 22— деди Рубен, — қон тўкмайлик. Уни анави сардобага тириклайин ташлаб юбора қолайлик. Зинҳор унга қўл теккизмайлик.
Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқариб, отаси ёнига қайтармоқчи эди.
23Шундай қилиб, Юсуф етиб келгач, акалари унинг беқасам чопонини ечиб олдилар–да, 24ўзини сардобага ташлаб юбордилар. Сардоба сув сақлаш учун фойдаланиларди–ю, ўша пайтда қуруқ эди.
25Шундан кейин улар овқатланиб ўтиришган эди, узоқдан шу томонга келаётган туялар карвонини кўриб қолишди. Карвон Исмоилий савдогарлари бўлиб, туяларга Гиладдан хушбўй зираворлар, мумиё, мирра юклаб, Мисрга олиб кетишаётган эди. 26Шунда Яҳудо ака–укаларига деди:
— Укамизни ўлдириб, қонини яширганимиз билан бирор фойда топармидик?! 27Яхшиси, анави савдогарларга сотайлик. Шунда унинг ўлимида жавобгар бўлиб қолмаймиз. Нима бўлганда ҳам, у укамиз, жигаримиз–ку!
Ҳамма ака–укалари рози бўлишди. 28Исмоилий савдогарлари ўтиб кетишаётганда, Юсуфни акалари сардобадан тортиб чиқардилар ва уни йигирма бўлак кумушга сотдилар. Савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.
29Бир пайт Рубен сардоба олдига қайтиб келиб қараса, сардобада Юсуф йўқ. Рубен қайғудан кийимларини йиртди. 30У укалари олдига қайтиб келди ва:
— Бола у ерда йўқ! Энди нима қиламан–а! — деб йиғлади. 31Сўнг улар бир эчкини сўйиб, Юсуфнинг чопонини эчкининг қонига ботирдилар. 32Улар беқасам чопонни оталарига олиб келдилар.
— Мана бу чопонни даладан топиб олдик. Қаранг–чи, бу Юсуфнинг чопонимикан ёки йўқми?
33Ёқуб Юсуфнинг чопонини таниди.
— Эвоҳ! Бу ўғлимнинг чопони–ку! Юсуф ўғлимни бирорта ёввойи ҳайвон еган! Ўғилгинам тилка–пора бўлган!
34Ёқуб қайғудан кийимларини йиртиб, қанорга ўранди. Ўғли учун узоқ вақт аза тутди. 35Ўғиллари, қизлари унга тасалли беришга ҳаракат қилишарди. Лекин у тасалли топишни истамасди. “Ўликлар диёрига, ўғлимнинг олдига боргунимча аза тутаман”, деб айтарди. Шундай қилиб, Ёқуб ўғлига аза тутаверди.
36Шу орада Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрда Пўтифар деган одамга сотишди. Пўтифар Миср шоҳи — фиръавннинг аъёнларидан бири — сарой қўриқчиларининг бошлиғи эди.
Яҳудо ва Тамара
1Шу орада Яҳудо ака–укаларидан ажралиб, алоҳида бўлди ва Адуллам шаҳрига кўчиб келди. У Хирах деган одамга яқин жойга ўрнашди. Хирах ўша ерлик эди. 2Яҳудо бу ерда Канъон халқидан бўлган бир қизни учратиб қолди. Бу қиз Шуво деган одамнинг қизи эди. Яҳудо ўша қизга уйланди. 3Ўша аёл ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Яҳудо ўғлига Ғур деб исм қўйди. 4Яҳудонинг хотини яна ҳомиладор бўлиб, иккинчи ўғлини туғди. Бу ўғлига Ўнан деб исм қўйди. 5Яҳудонинг хотини учинчи ўғлини туғди ва унга Шело деб исм қўйди. Бу ўғли туғилганда, Яҳудо Хазиб шаҳрида эди. 6Тўнғич ўғли Ғур улғайгач, Яҳудо уни Тамара деган қизга уйлантирди. 7Лекин Ғур Эгамизнинг олдида қабиҳлик қиларди. Охири, Эгамиз унинг жонини олди. 8Шундан кейин Яҳудо Ўнанга айтди:
— Сен акангнинг хотинига уйланиб, қайнағалик бурчингни бажар, токи акангга зурриёт қолсин.
9Лекин Ўнан билардики, туғиладиган бола ўзиники ҳисобланмасди. Шу сабабдан Ўнан ҳар сафар Тамаранинг ёнига кирганда, акамга зурриёт қолмасин деб, уруғини ерга тўкарди. 10Ўнан бу қилмиши билан Эгамизнинг олдида қабиҳлик қилаётган эди. Шунинг учун Эгамиз Ўнаннинг ҳам жонини олди. 11Шундан кейин Яҳудо келини Тамарага:
— Отангнинг уйига бориб турмушга чиқмай, ўтира тур–чи, ўғлим Шело улғайиб қолар, — деди. Чунки Яҳудо: “Шело ҳам акаларига ўхшаб ўлиб қолмасин”, деб қўрққан эди. Шундай қилиб, Тамара отасининг уйига қайтиб кетди.
12Орадан бирмунча вақт ўтгач, Яҳудонинг хотини вафот этди. Яҳудо аза муддатини тугатгандан кейин, Адулламлик дўсти Хирах билан бирга қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнах шаҳрига кетди. 13Кимдир Тамарага: “Қайнатанг қўйларининг жунини қирқаётганлардан хабар олгани Тимнахга кетяпти”, деб айтиб қолди. 14Тамара эгнидаги азадорлик либосларини ўзгартирди. Юзини рўмол билан беркитиб олди–да, Энайим шаҳри дарвозаси ёнида ўтирди. Бу шаҳар Тимнахга борадиган йўлда эди. Яҳудонинг кичик ўғли Шело вояга етганини Тамара биларди. Лекин ҳалигача Тамарани Шелога олиб бермаган эдилар. 15Яҳудо Тамарани кўриб қолди. Тамара юзини беркитиб олгани учун, Яҳудо: “Бу аёл фоҳиша бўлса керак”, деб ўйлади. 16Яҳудо йўл бўйида ўтирган Тамаранинг олдига келди. Бу аёл ўзининг келини эканини Яҳудо билмагани учун унга: “Мен билан бирга бўлгин”, деб таклиф қилди.
— Сиз билан бўлсам, эвазига нима берасиз? — деб сўради Тамара.
17— Сурувимдан бир улоқча юбораман, — деди Яҳудо.
— Улоқчани юборгунингизча, менга гаровга бирон нарса қолдириб кетсангиз, — деди Тамара.
18— Бўпти, гаровга нима берай? — деб сўради Яҳудо.
— Бўйнингиздаги муҳрингизни боғичи билан, яна қўлингиздаги таёғингизни, — деди Тамара.
Шундай қилиб, Яҳудо ўша нарсаларни Тамарага берди. Кейин у билан бўлди. Тамара Яҳудодан ҳомиладор бўлиб қолди. 19Тамара уйига борди. Юзидаги ёпинчиғини олиб, азадорлик либосларини яна кийиб олди.
20Яҳудо дўсти Хирахдан: “Мана бу улоқчани олиб бориб ўша аёлга бер, мен унга берган гаровни қайтариб ол”, деб илтимос қилди. Лекин Хирах у аёлни топа олмади. 21Хирах шу ерлик одамлардан:
— Мана шу шаҳарнинг дарвозаси ёнида — йўл четида бир фоҳиша ўтирар эди, ўша фоҳиша қаерда? — деб сўради.
— Бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, — деб жавоб беришди ўша одамлар.
22Хирах Яҳудонинг олдига қайтиб келиб:
— У аёлни топа олмадим, — деди, — шаҳар одамлари ҳам, бу ерда ҳеч қандай фоҳиша йўқ, деб айтишди.
23— Майли, ўша нарсаларим у аёлга қолаверсин, — деди. — Мен унга улоқча жўнатгандим, сен топа олмадинг. Акс ҳолда, масхара бўлардик.
24Тахминан уч ойдан кейин Яҳудо: “Келининг Тамара фоҳиша экан, ҳомиладор бўлиб қолибди” деган гапни эшитди.
— Уни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб ёқиб юборинглар! — деб буюрди Яҳудо.
25Тамарани олиб чиққанларида, у қайнатасига шу хабарни юборди: “Мен мана бу боғичи бор муҳр ва таёқнинг эгасидан ҳомиладор бўлганман, илтимос, бу нарсаларнинг эгасини аниқласангиз.” 26Яҳудо бу нарсаларни таниб, деди: “Мен зиммамдаги мажбуриятимни бажармадим — Тамарани ўғлим Шелога олиб бермадим, Тамара эса тўғри иш қилди.” Шундан кейин Яҳудо Тамара билан бошқа бўлмади.
27Тамаранинг кўзи ёрийдиган пайт яқинлашганда, унинг қорнида эгизаклар борлиги маълум бўлди. 28Тамара туғаётганда, эгизаклардан бири қўлини ташқарига чиқарди. Доя: “Буниси биринчи бўлиб туғилди”, деб чақалоқнинг қўлига қизил ип боғлаб қўйди. 29Лекин чақалоқ қўлини ичкарига тортиб олиши биланоқ иккинчиси туғилди. Доя: “Сен йўлингни ўзинг ёриб чиқдинг!” деди. Шу сабабдан унга Параз деб исм қўйилди. 30Сўнгра қўлига қизил ип боғланган чақалоқ туғилди. Унга Зерах деб исм қўйилди.
Юсуф билан Пўтифарнинг хотини
1Исмоилий савдогарлари Юсуфни Мисрга олиб келишгач, уни Мисрлик Пўтифар деган бир одамга сотишди. Пўтифар фиръавннинг аъёнларидан бири бўлиб, қўриқчилар бошлиғи эди. 2Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга кўп муваффақият келтирарди. Юсуф Мисрлик хўжайинининг хонадонида хизмат қилиб юраверди. 3Пўтифар кўрдики, Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, ҳар бир қилган ишида унга муваффақият келтиряпти. 4Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг илтифотига сазовор бўлди, хўжайинининг мулозими бўлиб қолди. Пўтифар Юсуфни ўз хонадони устидан назоратчи қилиб, бутун мол–мулкини унга ишониб топширди. 5Пўтифар Юсуфни назоратчи қилиб тайинлаган кундан бошлаб, Эгамиз Юсуф туфайли Пўтифарнинг хонадони аҳлига, унинг уйидаги ва даласидаги бутун мол–мулкига барака берадиган бўлди. 6Буни кўрган Пўтифар бутун мол–мулкини Юсуфнинг ихтиёрига топширди. Пўтифарнинг ейдиган овқатидан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмасди.
Юсуф жуда чиройли, келишган йигит эди. 7Орадан маълум вақт ўтгач, хўжайинининг хотини Юсуфга кўзларини сузиб: “Мен билан бирга бўл”, деб таклиф қилди. 8Лекин Юсуф рад қилди ва хўжайинининг хотинига деди:
— Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен бу ерда бўлганим учун, хўжайиним хонадонидаги ҳеч бир нарса тўғрисида қайғурмайди, ҳамма нарсасини менинг қўлимга топшириб қўйди. 9Бу хонадонда ҳеч ким мендан катта эмас. Сиздан бошқа бирор нарсани мендан аямади. Чунки сиз унинг хотинисиз. Қандай қилиб мен шу қадар қабиҳлик қилиб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!
10Пўтифарнинг хотини ҳар куни Юсуфга таклиф қилса ҳам, лекин Юсуф рад қилиб, у билан бўлмади.
11Бир куни Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорлардан биронтаси ҳам йўқ эди. 12Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди. 13Аёл кўрдики, Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди. 14Шунда аёл уйдаги хизматкорларни чақирди. Аёл ҳўнграб деди:
— Қаранглар! Эрим манави ибронийни бизни таҳқирлаш учун олиб келган экан! У мен билан ётгани кирган экан, овозим борича бақирдим. 15Додлаганимдан кейин, кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.
16Хўжайин уйга келгунча, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди. 17Аёл эрига ҳам ўша воқеани айтиб берди: “Сиз уйимизга олиб келган анави иброний қулвачча хонамга кириб, мени таҳқирламоқчи бўлди. 18Мен дод солган эдим, у кийимини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди.”
19Пўтифар буни эшитгач, ғазабланди. 20У Юсуфни ушлаб, шоҳнинг маҳбуслари сақланадиган зиндонга ташлади. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда қолаверди. 21Лекин Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга марҳамат кўрсатарди. Натижада зиндонбоши Юсуфга илтифот қиларди. 22Зиндонбоши зиндондаги ҳамма маҳбусларга қараб туришни Юсуфга юклаб қўйди, зиндонда бўладиган ҳамма ишларга Юсуф масъул эди. 23Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унинг ҳамма ишларида муваффақият келтирарди. Шунинг учун Юсуф масъул бўлган ишларга зиндонбоши аралашмасди.
Юсуф маҳбусларнинг тушини таъбир қилади
1Бир куни сарой соқийси билан новвойи Миср фиръавнини қаттиқ хафа қилдилар. 2Фиръавн бу иккала аъёнидан — соқийси билан новвойидан ғазабланиб, 3уларни ҳам Юсуф ётган зиндонга қаматиб қўйди. Зиндон қўриқчилар бошлиғининг уйида эди. 4Қўриқчилар бошлиғи Юсуфни соқий билан новвойнинг хизматига қўйди. Юсуф уларга хизмат қила бошлади. Улар анча вақт зиндонда қолдилар.
5Фиръавннинг соқийси билан новвойи зиндонда ётар эканлар, бир куни кечаси иккови ҳам туш кўрдилар. Ҳар бир тушнинг ўзига хос маъноси бор эди. 6Эрталаб Юсуф уларнинг ёнига келди. Уларнинг юзи ғамгин эди. Юсуф буни пайқади.
7— Нимага бугун жуда ғамгин кўринасизлар? — деб сўради Юсуф улардан.
8— Биз туш кўрган эдик, бу ерда тушимизни таъбирлаб берадиган бирон кимса йўқ, — деб жавоб беришди улар.
— Тушларни таъбирлаш Худодандир, — деди Юсуф. — Марҳамат, тушингизни менга айтинг–чи.
9Аввал соқий тушини Юсуфга айтиб берди:
— Тушимда ток кўрибман. Ток олдимда турган эмиш. 10Токнинг учта новдаси бор экан. Новдалар дарров куртак отиб, мева тугиб узумлар пишибди. 11Фиръавннинг қадаҳи қўлимда эмиш. Мен узумларни олиб, фиръавннинг қадаҳига узумнинг шарбатини сиқибман. Кейин қадаҳни фиръавннинг қўлига берибман.
12Юсуф унга деди:
— Тушингизнинг таъбири шундай бўлар: учта новда — уч кун дегани. 13Уч кун ичида фиръавн сизни зиндондан озод қилиб, олдинги мансабингизга қайтаради: сиз яна соқий бўлиб, илгаригидай шоҳга қадаҳ тутасиз. 14Лекин сиздан бир илтимос: ишларингиз яхши бўлиб кетганда, мени ҳам эслаб қўйинг. Сиз менга илтифот кўрсатиб, фиръавнга мен тўғримда ҳам эслатиб қўйинг: мени зиндондан чиқариб олсин. 15Мен аслида ибронийлар юртидан ўғирлаб келтирилганман. Бунинг устига, яна бу ерда зиндондаман, лекин ҳеч қандай айбим йўқ.
16Новвой қараса, тушнинг таъбири яхшиликка экан. У Юсуфга деди:
— Мен ҳам туш кўрибман. Бошимда учта нон саватни олиб кетаётган эмишман. 17Энг тепадаги саватда фиръавнга аталган пишириқларнинг ҳар туридан бор экан. Лекин қушлар учиб келиб, бошимдаги саватдан пишириқларни чўқиётган экан.
18— Тушингизнинг таъбири шундай бўлар, — деди Юсуф. — Учта сават — уч кун дегани. 19Уч кун ичида фиръавн бошингизни танангиздан жудо қилиб, танангизни тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтиради. Қушлар танангизни чўқиб ейди.
20Орадан уч кун ўтгач, фиръавн туғилган кунида барча аъёнларига зиёфат берди. Соқийси билан новвойини ҳам зиндондан аъёнлари олдига чақиртирди. 21Фиръавн соқийсини озод қилиб, олдинги мансабига қайтарди. Шундай қилиб, соқий яна фиръавнга қадаҳ тутадиган бўлди. 22Лекин Юсуф айтгандай, фиръавн новвойнинг бошини олдириб, жасадини тик ўрнатилган ходанинг учига қоқтирди. 23Соқий эса Юсуфни эсламади, уни унутиб юборди.
Юсуф фиръавннинг тушини таъбир қилади
1Орадан икки йил ўтди. Бир куни Миср фиръавни туш кўрди. Тушида у Нил дарёси бўйида турган эмиш. 2Бир пайт дарёдан еттита боқилган, семиз сигир чиқиб, қирғоқдаги ўтларни ея бошлабди. 3Сўнгра дарёдан яна еттита сигир чиқибди. Бу сигирлар жуда ҳам хунук, ориқ экан. Булар семиз сигирларнинг ёнига келиб турибди. 4Бир вақт ориқ сигирлар семиз сигирларни еб қўйибди! Шундан кейин фиръавн уйғониб кетди. 5Сўнгра у яна ухлаб қолди ва бошқа туш кўрди. Тушида битта буғдой поясида еттита тўлиқ, пишган бошоқ ўсган эмиш. 6Кейин ўша пояда яна еттита бошоқ ўсиб чиқибди. Бу бошоқлар саҳро шамолида қовжираб, пучайиб кетган экан. 7Бирдан пучайган бошоқлар еттита пишган, тўлиқ бошоқни ютиб юборибди!
Фиръавн яна уйғониб кетди. Бу туши экан.
8Фиръавн саҳарда кўрган тушини ўйлаб, кўнгли жуда ғаш бўлди. “Тушим нимадан дарак берар экан”, деб жуда хавотирланди. Шу боисдан Мисрдаги жамики сеҳргарларни ва донишмандларни чақиртирди. Фиръавн уларга кўрган тушини айтиб берди. Лекин уларнинг биронтаси фиръавннинг тушини таъбир қилиб бера олмади.
9Шу орада фиръавннинг соқийси сўз олди:
— Бугун айбларимни эътироф этишимга тўғри келади. 10Жаноби олийлари! Сиз бирмунча вақт олдин новвой билан мендан ғазабланиб, бизни қўриқчилар бошлиғининг уйидаги зиндонга ташлаган эдингиз. 11Новвой билан мен бир куни кечаси туш кўрибмиз. Тушларимизнинг ўзига хос маъноси бор эди. 12Биз билан зиндонда бир иброний йигит ҳам ётган эди. У қўриқчилар бошлиғининг хизматкори эди. Биз ўша иброний йигитга тушимизни айтганимизда, ҳар биримизнинг тушимизни таъбир қилиб берди. 13Ҳаммаси ўша иброний йигит айтгандай бўлди. Мен олдинги мансабимга қайтдим, новвойни эса тик ўрнатилган ходага қоқишди.
14Фиръавн Юсуфга одам юборди. Юсуф зудлик билан зиндондан чиқарилди. У соқолини олиб, кийимларини ўзгартирди–да, фиръавннинг ҳузурига келди.
15— Ўтган кечаси мен туш кўрдим, — деб гап бошлади фиръавн Юсуфга. — Лекин ҳеч ким тушимни таъбир қилиб бера олмади. Эшитишимча, сен тушларни таъбирлай олар экансан. Шу сабабдан сени чақиртирган эдим.
16— Жаноби олийлари, мен ўзим тушингизни таъбирлай олмайман, — деб жавоб берди Юсуф. — Тўғри жавобни сизга Худо беради.
17Шундан кейин фиръавн Юсуфга тушини айтди:
— Тушимда Нил дарёси бўйида турган эмишман. 18Бир пайт дарёдан еттита боқилган, семиз сигир чиқиб, қирғоқдаги ўтларни ея бошлабди. 19Сўнгра дарёдан яна еттита сигир чиқибди. Бу сигирлар жуда ҳам хунук, ориқ экан. Бунақанги хунук сигирни бутун Миср юртида кўрмаган эдим. 20Бир вақт ориқ, хунук сигирлар дарёдан олдин чиққан семиз сигирларни еб қўйибди. 21Хунук сигирлар семиз сигирларни егандан кейин ҳам, улар ҳеч нарса емагандай хунуклигича қолавердилар. Шундан кейин уйғониб кетибман. 22Сўнгра яна ухлаб қолиб, бошқа туш кўрибман. Тушимда битта буғдой поясида еттита тўлиқ, пишган бошоқ ўсган эмиш. 23Кейин ўша пояда яна еттита бошоқ ўсиб чиқибди. Бу бошоқлар саҳро шамолида сўлиб, қовжираб, пучайиб кетган экан. 24Бирдан пучайган бошоқлар еттита пишган, тўлиқ бошоқни ютиб юборибди! Мен тушимни сеҳргарларимга айтган эдим, лекин биронтаси ҳам маъносини айтиб бера олмади.
25— Фиръавн жаноби олийларининг иккала тушининг маъноси ҳам бирдир, — деди Юсуф фиръавнга. — Худо нима қилмоқчи эканини фиръавнимизга аён этибди. 26Еттита семиз сигир ва еттита тўлиқ бошоқ етти йил деганидир, буларнинг маъноси бирдир. Шу йиллари фаровонлик бўлади. 27Еттита озғин, хунук сигир билан еттита пучайган бошоқ ҳам етти йил деганидир. Шу йиллари қаҳатчилик бўлади. 28Фиръавн жаноблари! Айтганимдай, Худо нима қилмоқчи эканини сизга кўрсатибди. 29Бутун Миср юртида етти йил давомида ҳосил ниҳоятда мўл бўлади. 30Лекин шундан кейин етти йил давомида шундай даҳшатли қаҳатчилик бўладики, Мисрда олдинги фаровонлик йиллари унутилиб кетади. Қаҳатчилик юртни хароб қилади. 31Қаҳатчилик ниҳоятда оғир бўлганидан, одамлар хотирасидан фаровонлик даври тамомила ўчиб кетади. 32Фиръавн жаноблари икки марта туш кўрганларининг маъноси шуки, бу иш муқаррар юз беришини Худо таъкидлаяпти, Худо буни яқин орада амалга оширади. 33Шунинг учун, фиръавн жаноблари, сиз ақл–идрокли, доно бир одамни танлаб олиб, Миср юрти устидан тайинланг. 34Яна юрт устидан назоратчилар тайин қилинг. Ўша назоратчилар ҳосилдор етти йил давомида Миср юртидаги бутун ҳосилнинг бешдан бир қисмини олсинлар. 35Уларга фармон беринг: фаровонлик йиллари давомида улар дон ғамлашсин, сизнинг назоратингиз остида шаҳарларда дон йиғиб, қўриқлашсин. 36Шу йўл билан етти йил қаҳатчилик даврида озиқ–овқат бўлиши учун дон ғамланиб туради. Акс ҳолда, қаҳатчилик, шубҳасиз, юртни хароб қилади, бутун халқ ҳалок бўлади.
Юсуф Миср ҳокими бўлади
37Юсуфнинг маслаҳати фиръавнга ҳам, унинг барча аъёнларига ҳам жуда маъқул келди. 38Фиръавн аъёнларига: “Биз Юсуфдан бошқа Худонинг Руҳи бошқарадиган бирорта одамни топа олармидик”, деб айтди. 39Шу боисдан Юсуфга:
— Худо буларнинг ҳаммасини сенга аён қилган экан, бу юртда энг ақл–идрокли, доно одам сенсан, — деди. 40— Мен сени ўзимга вазир қилиб тайинлайман, бутун халқим сенинг буйруғингга итоат этади. Мен сендан фақат тахтим билан устунман, холос.
41Фиръавн яна Юсуфга:
— Мана, сени бутун Миср юрти устидан ҳоким қилиб тайинладим, — деди. 42Сўнг фиръавн ўзининг муҳр узугини бармоғидан чиқариб, Юсуфнинг бармоғига тақиб қўйди. У Юсуфга шоҳона либослар кийдириб, бўйнига олтин занжир тақиб қўйди. 43Фиръавн Юсуфга ўнг қўл вазир сифатида извошини ҳам тақдим қилди. Юсуф қаерга бормасин, одамларга: “Тиз чўкинглар!” деган буйруқ бериларди. Шундай қилиб, фиръавн Юсуфни бутун Миср юрти устидан ҳоким қилди. 44Фиръавн Юсуфга яна шундай деди:
— Фиръавн мен бўлсам ҳам, бутун Миср юртида бирон кимса сенинг ижозатингсиз ҳатто миқ этолмайди.
45Фиръавн Юсуфга Зофнат–Паниёх деб исм қўйди ва Он шаҳри руҳонийси Пўтиферонинг қизи Осанатни олиб берди. Шундай қилиб, Юсуф бутун Миср юртида ҳоким бўлиб қолди.
46Юсуф Миср фиръавни хизматига кирган пайтда, ўттиз ёшда эди. Юсуф фиръавн саройидан чиқиб, бутун Миср юртини кезиб чиқарди. 47Етти йил фаровонлик даврида ер мўл–кўл ҳосил берди. 48Шу йиллар давомида Юсуф Мисрда етиштирилган ҳосилдан бир қисмини олиб, шаҳарларда дон ғамлади. Хусусан, ҳар бир шаҳар атрофидаги далалардан ўша шаҳарга дон йиғиларди. 49Юсуф шунчалик кўп дон ғамладики, денгиздаги қумдек кўп эди. Шунинг учун донни ўлчамай қўйди. Дон беҳисоб даражада кўп эди.
50Қаҳатчилик йиллари бошланишидан олдин, Юсуфга хотини Осанат икки ўғил туғиб берди. 51Юсуф: “Қайғуларимни ва отам хонадонини Худо эсимдан чиқарди”, деб тўнғич ўғлининг исмини Манаше қўйди. 52Иккинчи ўғлининг исмини Эфрайим қўйди. “Чунки, — деди Юсуф, — мен азоб–уқубат тортган юртда Худо мени баракали қилди.”
53Ниҳоят, ҳосилдор етти йил ҳам тугади. 54Юсуф таъбир қилгандай, етти йиллик қаҳатчилик бошланди. Атрофдаги ҳамма юртларда дон танқис бўлиб, Миср юртидагина нон бор эди. 55Охири, Миср юртида ҳам очарчилик бошланди. Миср халқи нон сўраб фиръавнга ёлворди. Фиръавн эса халққа: “Юсуфга боринглар, у нима деса, шуни қилинглар”, деди. 56Қаҳатчилик кучайиб, бутун юртга ёйилгач, Юсуф ҳамма омборхоналарнинг эшикларини очиб, Мисрликларга дон сота бошлади. 57Бутун дунё бўйлаб қаҳатчилик кучайиб борар, шунинг учун атрофдаги юртларнинг халқлари Юсуфдан дон сотиб олгани Мисрга келишарди.
Юсуфнинг акалари дон сотиб олгани Мисрга келишади
1Ёқуб: “Мисрда дон бор экан”, деб эшитгач, ўғилларига деди:
— Бир–бирларингизга термулиб ўтираверасизларми? 2Мисрда дон бор экан, деб эшитдим. Боринглар, ўзимизга дон сотиб олиб келинглар, тағин очликдан ўлиб кетмайлик.
3Шундай қилиб, Юсуфнинг ўнта акаси ҳам дон сотиб олгани Мисрга кетишди. 4Лекин Ёқуб Юсуфнинг укаси Беняминни ўғиллари билан бирга юбормади. “Бенямин ҳам бирор фалокатга йўлиқмасин”, деб қўрқарди. 5Шундай қилиб, Ёқубнинг ўғиллари дон сотиб олгани келган бошқа одамлар билан бирга Мисрга келишди. Чунки Канъон юртида ҳам очарчилик бошланган эди.
6Юсуф бу пайтда бутун Миср устидан ҳоким бўлгани учун юрт халқига дон сотар эди. Юсуфнинг акалари келиб, бошлари ерга теккудай бўлиб, унга таъзим қилишди. 7Юсуф акаларини кўрибоқ, дарров таниди. Лекин Юсуф уларга худди нотанишлардай муомала қилди:
— Қаердан келдингиз? — деб дағаллик билан сўради Юсуф улардан.
— Канъон юртидан, дон сотиб олгани келдик, — деб жавоб беришди улар.
8Юсуф акаларини таниган бўлса ҳам, акалари Юсуфни танимадилар. 9Юсуф акалари тўғрисида анча йиллар олдин кўрган тушларини эслади. Юсуф уларга:
— Сизлар жосуссизлар! — деди. — Сизлар бу юртнинг заиф томонларини билиш учун келгансизлар.
10— Йўқ, ҳазрати олийлари! Бу қулларингиз фақат дон сотиб олгани келишган! — деб жавоб бердилар акалари. 11— Биз ҳаммамиз бир одамнинг фарзандларимиз, тўғри одамлармиз. Бу қулларингиз ҳеч қачон жосуслик қилишмаган!
12— Йўқ! Сизлар бу юртнинг заиф томонларини билиш учун келгансизлар! — деди Юсуф.
13— Биз, қулларингиз, ўн икки ака–укамиз, отамиз Канъон юртида, — дейишди улар. — Энг кичик укамиз у ерда отамиз билан қолди. Битта укамиз эса нобуд бўлган.
14— Сизлар жосуссизлар дедимми, жосуссизлар! — дея гапида туриб олди Юсуф. 15— Энди айтганларингизни текшириб кўраман. Фиръавннинг номини ўртага қўйиб қасам ичаманки, агар энг кичик укангиз бу ерга келмаса, сизлар Мисрдан кетмайсизлар. 16Сизлардан биттангиз бориб, укангизни олиб келасиз, қолганларингиз зиндонда ётиб турасизлар. Айтганларингиз тўғрими, йўқми, текширилади. Агар тўғри бўлмаса, фиръавннинг номини ўртага қўйиб қасам ичаманки, сизлар, шубҳасиз, жосус бўлиб чиқасизлар.
17Юсуф уларнинг ҳаммасини уч кун зиндонга қамаб қўйди.
18Учинчи куни Юсуф уларга деди:
— Мен Худодан қўрқадиган одамман. Агар менинг айтганларимни қилсангиз, тирик қоласизлар. 19Агар тўғри одамлар бўлсангизлар, биттангиз зиндонда қоласиз, қолганларингиз эса оч қолган оилаларингиз учун дон олиб, уйларингизга кетишларингиз мумкин. 20Кичик укангизни менинг олдимга олиб келасизлар. Шу йўл билан сизларнинг сўзларингизни текшириб кўраман. Гапларингиз тўғри бўлса, сизларга шафқат қиламан.
Ҳаммалари бу гапга рози бўлишди. 21Улар бир–бирларига гапира бошладилар: “Мана, укамизга нима қилган бўлсак, энди жазосини тортяпмиз. У қанчалар азобланганини кўзимиз билан кўриб, ёлворишларини эшитганимизда ҳам, қулоқ солмаган эдик. Шу сабабдан бу азоблар ўзимизнинг бошимизга ҳам келди.” 22Шунда Рубен уларга деди:
— Болага зарар етказманглар, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар гапимга қулоқ солмадингиз. Мана энди унинг қони бизни тутади.
23Юсуф шу ерда турган эди. Акалари: “Гапимизни мана бу одам тушунади” деб хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Чунки Юсуф акалари билан тилмоч орқали гаплашарди. 24Юсуф акаларининг олдидан кетиб, йиғлади. Бир оз ўзини босиб олгач, қайтиб келиб, улар билан гаплашди. Сўнг уларнинг орасидан Шимўнни ажратиб олди ва уларнинг кўзи олдида боғлатди.
Юсуфнинг акалари Канъонга қайтишади
25Шундан кейин Юсуф хизматкорларига шундай буйруқ берди: “Бу одамларнинг қопларини донга тўлдириб беринглар. Ҳар бирининг кумушларини қопига қайтариб солиб қўйинглар, уларга йўл учун керакли озиқ–овқат беринглар.” Ҳаммаси Юсуф буюргандай бўлди. 26Ака–укалар донларни эшакларига юклаб, йўлга тушдилар. 27Кечаси бир жойда тунагани тўхтадилар. Улардан бири қопини очиб, эшагига ем олмоқчи бўлган эди, қараса, қоп ичида кумушлари турибди! 28У ака–укаларига: “Вой, қаранглар! Мана кумушларим! Қопимнинг ичида экан!” деб ҳайратланди. Шунда уларнинг юраклари қинидан чиққудай бўлиб қалтираб, бир–бирларига: “Энди Худо бошимизга нима соляпти экан–а?!” дер эдилар.
29Улар Канъон юртига — оталари ҳузурига қайтиб келганларидан кейин, бошларидан ўтган ҳамма воқеаларни унга айтиб бердилар:
30— Ўша юртнинг ҳокими биз билан жуда қўпол гаплашди, бизни, жосуссизлар, деди. 31Лекин биз тўғри одам эканимизни, жосус эмаслигимизни айтдик. 32Унга: “Биз ўн икки ака–укамиз, битта отанинг фарзандларимиз, битта укамиз нобуд бўлган, энг кичик укамиз отамиз билан Канъонда қолган”, деб айтдик. 33Кейин ўша юртнинг ҳокими бизга айтди: “Сизлар тўғри одамлар эканингизни текшириб кўраман. Биттангиз мен билан қоласиз, бошқаларингиз эса оч қолган оилаларингиз учун дон олиб кетаверасизлар. 34Энг кичик укангизни менинг олдимга олиб келасизлар. Ана шунда сизлар жосус эмас, балки тўғри одам эканингизни билиб оламан. Сўнгра мана бу туғишганингизни сизлар билан бирга жўнатиб юбораман. Сизлар дон сотиб олгани тез–тез келиб тураверасизлар.”
35Улар қопларини бўшатаётганларида, қарасалар, ҳаммасининг қопи ичида тугунчада кумушлари турибди. Ота–болалар тугунчалардаги кумушларни кўрганларида, ваҳимага тушдилар. 36Шунда Ёқуб ўғилларига айтди:
— Мени ҳамма болаларимдан жудо қилмоқчимисизлар? Юсуф йўқолди, Шимўн ҳам йўқ, энди эса Беняминни олиб кетмоқчисизлар! Пешанам бунча шўр бўлмаса!
37Рубен отасига деди:
— Агар Беняминни сизга қайтариб олиб келмасам, майли, менинг иккала ўғлимни ўлдираверинг! Беняминни менга ишониб топширинг, ўзингизга қайтариб олиб келиб бераман.
38— Ўғлим сизлар билан бирга бормайди, — деди Ёқуб. — Акаси Юсуф ўлган, ўзи ёлғиз қолди. Йўлда у бирор фалокатга йўлиқиши мумкин. Қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига киритасизлар.
Юсуфнинг акалари Беняминни Мисрга олиб келишади
1Канъон юртида қаҳатчилик ҳаддан ортиқ кучайди. 2Ёқубнинг ўғиллари Мисрдан олиб келган донни еб тугатишди. Шундан кейин Ёқуб ўғилларига:
— Яна бориб, бир оз дон сотиб олиб келинглар, — деди.
3Яҳудо отасига шундай деди:
— Ўша одам, укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар, деб бизни огоҳлантирган. 4Агар укамизни биз билан бирга жўнатсангиз, бориб, сизга дон сотиб олиб келардик. 5Лекин Беняминни юбормасангиз, биз ҳам бормаймиз. Чунки ўша одам, укангизни олиб келмасангиз, кўзимга кўринманглар, деб айтган.
6Ёқуб:
— Нимага ўша одамга, яна укамиз бор, деб бошимга бало орттирдингиз?! — деб зорланди.
7Улар шундай жавоб бердилар:
— У одам: “Отангиз ҳаётми? Бошқа укангиз ҳам борми?” деб ўзимиз, оиламиз тўғрисида сўраб–суриштирди. Биз унинг саволларига жавоб бердик. “Укангизни менинг олдимга олиб келинглар”, деб айтишини қаердан билибмиз?!
8Яҳудо отасига деди:
— Укамизни мен билан жўнатинг, энди йўлга чиқайлик, токи сизу биз, болаларимиз очликдан ўлмай, тирик қолайлик. 9Унга мен ўзим кафил бўламан, у учун мени масъул деб билаверинг. Агар уни қайтариб олиб келиб қўлингизга топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай. 10Агар орқага сурмаганимизда эди, ҳозиргача икки марта бориб келган бўлардик.
11Ниҳоят, Ёқуб ўғилларига деди:
— Бошқа иложи йўқ экан, энди бундай қилинглар: юртимизнинг ноз–неъматларидан қопларингизга солинглар. Бир оз мумиё, асал, хушбўй зираворлар, мирра, писта, бодом ҳам олиб, ўша одамга ҳадя қилиб олиб боринглар. 12Ўтган сафар қопларингизга кумушларни солиб қайтариб юборишган эди, шунинг учун кумушни икки баробар кўп олинглар. Кимдир адашган бўлиши мумкин. 13Укангизни ҳам олинглар–у, ҳозироқ ўша одамнинг олдига жўнанглар. 14Ўша одам болаларимга раҳм қилсин, деб Қодир Худога илтижо қиламан, токи у Шимўн билан Беняминни қайтариб юборсин. Агарда фарзандларимдан жудо бўладиган бўлсам, майли, бўла қолай.
15Шундай қилиб, улар ҳар хил ҳадялар, икки баробар кўп кумуш олдилар–да, Беняминни ҳам эргаштириб, Мисрга шошилдилар. Мисрга етиб келиб, Юсуфнинг ҳузурига кирдилар.
16Юсуф уларнинг ёнида Беняминни ҳам кўрди ва қулбошисига буюрди: “Бу одамларни уйга олиб бор, биронта жонлиқ сўйиб, тайёргарлик кўр. Улар тушликни мен билан бирга ейдилар.” 17Қулбоши Юсуф айтгандай қилди: ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб кетди. 18Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгани учун, улар жуда қўрқиб кетишди. Улар бир–бирига дедилар: “Ўтган сафар қопларимизга кумушларимизни қайтариб солиб қўйишган эди. Шу сабабдан қулбоши бизни бу ерга олиб келган. Энди у бизни ўғриликда айблайди. Бизни ушлаб, қул қилиб олади, эшакларимизни ҳам тортиб олади.” 19Юсуфнинг дарвозаси олдида ака–укалар қулбошига айтдилар:
20— Кечирасиз, ҳазрат, биз ўтган сафар ҳам дон сотиб олгани келган эдик. 21Уйга қайтиб кетаётганимизда, тунда дам олгани бир жойда тўхтаб, қопларимизни очдик. Дон сотиб олганимизда тўлаган кумушимизнинг ҳаммаси қопларимизнинг ичида экан. Мана, ўша кумушларни қайтариб олиб келдик. 22Биз яна дон сотиб олгани қўшимча кумуш олиб келдик. Ким у кумушларни қопларимизга солиб қўйган экан, билмаймиз.
23— Хотиржам бўлинглар, — деди Юсуфнинг қулбошиси, — бу тўғрида хавотир олманглар. Дон сотиб олишга келтирган кумушларингизнинг ҳаммасини мен олган эдим. Худойингиз — отангизнинг Худоси қопларингизга хазина солиб қўйган бўлса керак.
Сўнг қулбоши Шимўнни уларнинг олдига олиб келди. 24Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгандан кейин, уларга сув берди. Ака–укалар оёқларини ювиб олишди. Қулбоши уларнинг эшакларига ҳам ем берди. 25Ака–укаларга, Юсуф ҳазрати олийлари билан бирга тушлик қиласизлар, деб айтишди. Шунинг учун Юсуф келгунча, улар ҳадяларини тайёрлаб қўйдилар.
26Юсуф уйга келгач, улар ҳадяларини Юсуфга бериб, мук тушиб таъзим қилишди. 27Юсуф улардан ҳол–аҳвол сўради.
— Отангизнинг аҳволлари қалай? Кекса отамиз бор, деб айтган эдингиз. У ҳозир ҳам ҳаётми?
28— Қулингиз — отамиз яхши юрибдилар, ҳозир ҳаётлар, — деб жавоб беришди ака–укалар. Сўнг улар Юсуфга эгилиб таъзим қилишди. 29Юсуф туғишган укаси Беняминни кўриб, улардан сўради:
— Кенжа укамиз бор, деб айтган эдингиз. Шу бола укангизми? Худо сенга марҳамат қилсин, ўғлим!
30Юсуф шундай деб, укасига меҳри товланиб кетганидан йиғлаб юборай дерди. Шунинг учун Юсуф дарров ичкари хонага чиқди–ю, у ерда йиғлаб юборди. 31Бир оздан кейин Юсуф юзини ювиб, ўзини қўлга олди ва ака–укаларининг олдига қайтиб кирди. “Таомлар келтирилсин!” деб буйруқ берди. 32Юсуфга алоҳида дастурхонда, ака–укаларига эса бошқа дастурхонда таомлар тортилди. Юсуфникидаги Мисрликлар эса алоҳида дастурхонда таом ейишди. Мисрликлар ибронийлар билан дастурхон атрофида бирга ўтириб овқат ейишдан ҳазар қилишар эди. 33Юсуф ҳар бир акасига қайси жойда ўтиришини кўрсатди. Ҳар бирини ёши бўйича, катта–кичиклигига қараб ўтқазди. Ака–укалар бир–бирларига таажжуб билан қараб қўйдилар. 34Ака–укаларга таомларни Юсуфнинг дастурхонидан тарқатишди. Беняминга берилган таом бошқа акалариникига қараганда беш ҳисса кўп эди. Ака–укалар таомни еб, Юсуф билан бирга май ихушнуд бўлдилар.
Йўқолган қадаҳ
1Ака–укалар кетишга тайёрланишди. Юсуф қулбошисига шундай кўрсатма берди: “Бу одамларнинг қопларини кўтара оладиган қилиб донга тўлдир. Ҳар бирининг қопига кумушларини қайтариб солиб қўй. 2Кенжасининг қопи ичига эса кумушлари билан бирга менинг кумуш қадаҳимни ҳам солиб қўй.” Қулбоши ҳаммасини Юсуф айтгандай қилди. 3Эртасига тонг ёришиши биланоқ, ака–укаларни юк ортилган эшаклари билан жўнатиб юборишди. 4Улар ҳали шаҳардан унча узоқлашмаган ҳам эдиларки, Юсуф қулбошисига буюрди:
— Бор, анави одамларнинг изидан туш. Уларга етиб олганингдан кейин шундай деб айт: “Нимага яхшиликка ёмонлик қилдингиз? 5Хўжайинимнинг кумуш қадаҳини ўғирлаганингиз нимаси? Хўжайиним ундан ичимлик ичиш учун, фол очиш учун фойдаланарди, ахир! Қандай ёмон иш қилиб қўйибсизлар–а!”
6Қулбоши ака–укаларга етиб олиб, ўргатилган гапларни айтди.
7— Нимага бундай гапларни гапиряпсиз?! — деб жавоб қайтаришди улар. — Худо сақласин! Бу қулларингиз унақа иш қилмайди! 8Ўзингиз ўйланг, қопларимиздан топиб олган кумушларни Канъондан сизга қайтариб олиб келдик–ку. Шундай экан, биз хўжайинингизнинг уйидан кумуш ёки олтин ўғирлармидик?! 9Агар ўша нарса биз, қулларингиздан топилса, майли, ўша одам ўлдирилсин. Қолганларимиз ҳазрати олийларига қул бўлайлик.
10— Майли, мен розиман, сизлар айтганча бўла қолсин, — деди қулбоши. — Кумуш қадаҳ кимдан топилса, у менга қул бўлади. Қолганларингиз эса озод бўласизлар.
11Сўнгра ҳар бири тезда эшаклари устидан қопларини олиб, очдилар. 12Юсуфнинг қулбошиси тўнғичининг қопидан бошлаб кенжасининг қопигача титиб чиқди. Қадаҳ Беняминнинг қопидан чиқиб қолса бўладими! 13Улар умидсизликка тушиб, қайғудан кийимларини йиртдилар. Эшакларига яна юкларини ортиб, орқага — шаҳарга қайтиб келдилар.
14Яҳудо ва ака–укалар Юсуфнинг уйига келишди. Юсуф ҳали уйида экан. Ака–укалар Юсуфнинг олдида ўзларини ерга отдилар.
15— Бу қилганингиз нимаси? — деб сўроққа тутди Юсуф уларни. — Мендай бир одам фол очиб билиб олишимни билмасмидингиз?!
16— Жаноби олийларига нима ҳам дердик? Худо бу қулларингизнинг қилган жиноятларини фош қилди. Энди ўзимизни қандай ҳимоя қила олардик?! Қандай қилиб ўзимизни оқлардик?! Жаноби олийлари! Сизнинг қадаҳингиз укамизнинг қопидан топилган экан, энди укамиз билан бирга биз, ҳаммамиз, сизга қул бўлишга тайёрмиз.
17— Йўқ, Худо сақласин! Ҳечам бундай қилмайман! — деди Юсуф. — Фақат қадаҳни ўғирлаган одамгина менга қул бўлади. Қолганларингиз эса эсон–омон отангизнинг олдига қайтинглар.
Яҳудо Бенямин учун ёлворади
18Шунда Яҳудо Юсуфга яқинроқ келиб деди:
— Жаноби олийлари! Ўзингиз фиръавн кабисиз. Сиз, жанобларига мен бир оғиз сўз айтсам, ғазабланманг. 19Сиз биздан: “Отангиз ёки укангиз борми?” деб сўраган эдингиз. 20Биз шундай деб жавоб бердик: “Ҳа, қари отамиз ва кенжа укамиз ҳам бор, отамиз уни кексайганда кўрган. Унинг акаси эса ўлган, онасидан бир ўзи ёлғиз қолган. Отамиз уни жуда яхши кўради.” 21Кейин сиз биз, қулларингизга: “Ўша укангизни менинг олдимга олиб келинглар, уни ўзим кўрайин–чи”, дедингиз. 22Биз эса сизга: “Бола отасини ташлаб кела олмайди, агар ташлаб келса, отаси ўлиб қолиши мумкин”, деб айтдик. 23Кейин сиз бизга: “Укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар”, дедингиз. 24Қулингиз — отамизнинг ҳузурига қайтиб борганимизда, сизнинг гапларингизни унга айтдик. 25Вақти келиб, отамиз бизга: “Яна бориб, ўзимизга бир оз дон сотиб олиб келинглар”, деди. 26Лекин биз отамизга айтдикки: “Ўзимиз бора олмаймиз, агар кенжа укамиз биз билан бирга кетсагина, бора оламиз, укамиз бормагунча, биз ўша одамнинг кўзига кўрина олмаймиз.” 27Шунда отамиз бизга деди: “Биласизларки, хотиним Роҳиладан икки ўғил қолган эди. 28Биридан айрилдим, уни шубҳасиз, йиртқич ҳайвон тилка–пора қилиб ташлаган. Уни ўшандан кейин кўрмадим. 29Агар бунисини ҳам мендан олиб кетсангиз, у бирор фалокатга йўлиқиб қолса, қариганимда мени қайғудан ўликлар диёрига киритасизлар.” 30Энди, жаноби олийлари, мен отамнинг олдига бу болани ташлаб бора олмайман. Отамизнинг умри бу боланинг ҳаётига боғлиқ. 31Бола биз билан йўқлигини отамиз кўргандан кейин, у ўлиб қолади. Биз эса кекса отамизни қайғудан ўликлар диёрига тиқамиз. 32Мен, қулингиз, мана шу бола учун отамга кафил бўлганман. Отамга: “Агар уни қўлингизга қайтариб олиб келиб топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай”, деб айтганман. 33Илтимос қиламан, жаноби олийлари, шу боланинг ўрнига мен сизга қул бўлиб қолай, рад этманг. Бола акалари билан бирга қайтиб кетаверсин. 34Агар бола мен билан бирга кетмаса, отамнинг олдига қайси юз билан қайтиб бораман?! Отамнинг бошига тушадиган кулфатларга қараб туришга бардош беролмайман.
Юсуф ака–укаларига ўзини танитади
1Энди Юсуф ортиқ чидаб тура олмади. У хизматкорларига: “Ҳамма ҳузуримдан чиқсин!” деб буюрди. Юсуф ўзини ака–укаларига танитганда, ҳузурида ҳеч ким қолмаган эди. 2У шундай қаттиқ йиғладики, хонадонидаги Мисрликлар эшитди. Бу янгилик тезда фиръавннинг саройига етиб борди.
3— Мен Юсуфман! — деди у ака–укаларига. — Отам ҳали ҳам ҳаёт экан–да?
Лекин ака–укалар Юсуфнинг қаршисида даҳшатга тушиб, жавоб беришга тиллари ожиз эди.
4— Менга яқинроқ келинглар! — деди Юсуф. Ака–укалари унга яқинроқ боришди.
— Мен Юсуфман! — деди у яна, — сизлар Мисрга сотган укангизман! 5Мени бу ерга сотганингиздан ғам чекманглар, ўзларингиздан хафа ҳам бўлманглар. Худо шундай қилди. Худо инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун сизлардан олдин мени бу ерга жўнатган экан. 6Икки йилдирки, юртда қаҳатчилик. Яна беш йил бу юртда на ер ҳайдалади, на ҳосил бўлади. 7Худо ана шундай ғаройиб йўл билан сизларни ва наслингизни қутқариб, омон қолдириш учун сизлардан олдин мени юборди. 8Ҳа, мени бу ерга сизлар эмас, Худо юборган! Худо мени фиръавнга маслаҳатчи, унинг бутун хонадонига хўжайин, Миср юрти устидан ҳоким қилди. 9Тез бўлинглар, отамнинг олдига қайтиб бориб, унга шундай деб айтинглар: “Ўғлингиз Юсуфни Худо бутун Миср устидан ҳоким қилибди. Кечиктирмай йўлга отланинг. 10Сиз Гўшен ерларига ўрнашар экансиз. Ўзингиз, болаларингиз, набираларингиз, қўй–эчкиларингиз, подаларингиз — ҳамма мол–мулкингиз билан бирга Юсуфга яқин жойда бўласиз. 11Сизга Юсуф қараб турар экан. Ҳали олдимизда беш йил қаҳатчилик турибди. Ўзингиз ҳам, хонадонингиз ҳам оч қолмас экан, чорвангиз ҳам оч қолмас экан.” 12Ўзларингиз кўриб турибсизлар, укам Бенямин, сен ҳам кўриб турибсан, сизларга бу гапларни айтаётган мен Юсуфман. 13Мисрда мен қанчалик шон–шуҳратга эришганимни, ўз кўзларингиз билан кўрганингизни отамга айтинглар. Отамни тезлик билан менинг олдимга олиб келинглар.
14Юсуф укаси Беняминни қучоқлаб, бўйнига осилиб, хурсандлигидан йиғлар, Бенямин ҳам йиғлар эди. 15Сўнг Юсуф йиғлаганича, акаларини бирма–бир қучоқлаб ўпди. Энди акалари Юсуф билан бемалол гаплаша бошладилар.
16“Юсуфнинг ака–укалари келибди!” деган хабар тезда фиръавн саройига етиб борди. Фиръавн ва унинг аъёнлари ғоятда хурсанд бўлдилар. 17Фиръавн Юсуфга деди:
— Ака–укаларингга айт, юкларини уловларига ортиб, Канъонга қайтишсин. 18Отангни, бола–чақаларини олиб, Мисрга қайтиб келишсин. Мен уларга юртнинг энг яхши ерларини берай. Улар бу ерда тўкин–сочинликда яшайдилар. 19Уларга айт, Мисрдан аравалар олиб кетишсин. Хотинларини, болаларини, отангни ўша араваларда бу ерга олиб келишади. 20Қолиб кетган мол–мулкларига ачинишмасин. Мисрнинг энг яхши ноз–неъматлари уларникидир.
21Ёқубнинг ўғиллари айтилгандай қилдилар: фиръавннинг кўрсатмасига биноан, Юсуф уларга аравалар берди. Шунингдек, уларга йўл учун озиқ–овқат ҳам ғамлаб берди. 22Юсуф акаларининг ҳар бирига бир сидрадан янги кийим–бош, Беняминга эса беш сидра кийим–бош ва уч юз бўлак кумуш берди. 23Отамга деб ўнта эшакка Мисрнинг энг яхши ноз–неъматларидан, ўнта эшакка дон, отаси учун йўлда егани озиқ–овқат юклаб жўнатди. 24Юсуф ака–укаларини йўлга кузатиб қўйди. Улар йўлга чиқаётганларида Юсуф: “Йўлда жанжаллашиб юрманглар”, деди.
25Шундай қилиб, улар Мисрдан Канъон юртига — оталари ҳузурига қайтиб келдилар. 26“Юсуф тирик экан! У бутун Миср юртининг ҳокими экан!” деб айтишди ўғиллари. Ёқуб бу янгиликдан ҳанг–манг бўлиб қолди, ўғилларининг гапига ишонмади. 27Лекин ўғиллари Ёқубга Юсуфнинг ҳамма гапларини айтиб бўлиб, “Отамни Мисрга олиб келинглар”, деб Юсуф юборган араваларни кўрганда, Ёқубнинг руҳи тетиклашди.
28— Худога шукур, ўғлим Юсуф тирик экан, менга шунинг ўзи кифоя, — деди Ёқуб, — ўлмасимдан бурун бориб уни кўриб қолай.
Ёқуб ва унинг оиласи Мисрга кўчади
1Шундай қилиб, Ёқуб бутун мол–мулкини олиб, йўлга чиқди. У Бершебага етиб келиб, отаси Исҳоқнинг Худосига қурбонликлар қилди. 2Тунда Худодан Ёқубга ваҳий келди:
— Ёқуб! Ёқуб!
— Лаббай! — деди у.
3— Мен Худоман, отангнинг Худосиман, — деди Худо. — Қўрқмасдан Мисрга боравер, Мен у ерда сендан буюк халқ яратаман. 4Мен сен билан бирга Мисрга бораман. Сен Юсуфнинг қўлида жон берасан. Вақти келиб, Сенинг наслингни Ўзим Мисрдан олиб чиқаман.
5Сўнгра Ёқуб Бершебадан кетди. Ўғиллар отасини, болаларини, хотинларини фиръавн юборган араваларга ўтқаздилар. 6Улар Канъонда орттирган чорвасини, ҳамма мол–мулкини олиб, Мисрга кетдилар. Ёқуб ва унинг ҳамма оила аъзолари 7— ўғиллари, қизлари ва набиралари кетдилар.
8Мисрга кетган Исроил халқи, яъни Ёқуб наслининг исмлари қуйидагичадир:
Ёқубнинг Леахдан кўрган насли
Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубен ва 9унинг ўғиллари — Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми.
10Шимўн ва унинг ўғиллари — Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Шовул. (Шовулнинг онаси Канъонлик эди.)
11Леви ва унинг ўғиллари — Гершон, Қоҳот, Марори.
12Яҳудо ва унинг ўғиллари — Ғур, Ўнан, Шело, Параз ва Зерах. (Лекин Ғур ва Ўнан Канъон юртида вафот этган эдилар.)
Параз ва унинг ўғиллари — Хазрон ва Хомул.
13Иссахор ва унинг ўғиллари — Тўло, Пувах, Ёшув ва Шимрон.
14Забулун ва унинг ўғиллари — Саред, Элўн ва Яхлиёл.
15Леахнинг бу ўғиллари ва қизи Дина Паддон–Орамда туғилган эдилар. Ёқубнинг Леахдан тарқалган насли жами бўлиб ўттиз уч киши эди.
Леахнинг чўриси Зилподан Ёқубнинг кўрган насли
16Гад ва унинг ўғиллари — Зафўн, Хаги, Шуно, Эзбўн, Эри, Арўд ва Эрали.
17Ошер ва унинг ўғиллари — Йимнах, Йишво, Йишви ва Бариё. Буларнинг Серах деган сингиллари ҳам бор эди. Бариёнинг ўғиллари — Хабер ва Малхиёл.
18Зилпо Ёқубга туғиб берган насл ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн олти киши эди. Лобон Зилпони қизи Леахга чўри қилиб берган эди.
Ёқубнинг Роҳиладан кўрган насли
19Ёқубнинг хотини Роҳила туққан ўғиллар — Юсуф билан Бенямин.
20Юсуф Миср юртида икки ўғил — Манаше ва Эфрайимни кўрди. Юсуфнинг хотини Осанат Он шаҳрининг руҳонийси Пўтиферонинг қизи эди.
21Бенямин ўғиллари — Белах, Бохир, Ошбол, Гера, Нўъмон, Эхи, Рўш, Мупим, Хупим ва Ард.
22Ёқубнинг Роҳиладан тарқалган насли ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн тўрт киши эди.
Роҳиланинг чўриси Билхахдан Ёқубнинг кўрган насли
23Дан ва унинг ўғли — Хушим.
24Нафтали ва унинг ўғиллари — Яхзиёл, Гўно, Изар ва Шиллем.
25Ёқубнинг Билхахдан тарқалган насли ана шулардир. Билхахни Лобон қизи Роҳилага чўри қилиб берган эди. Ҳаммаси бўлиб етти киши эди.
26Ёқуб билан бирга Мисрга келган унинг насли ҳаммаси бўлиб олтмиш олти киши эди. Келинлари бу ҳисобга кирмасди. 27Юсуф Мисрда икки ўғил кўрган эди. Шундай қилиб, Ёқуб хонадонидан Мисрга келганлар ҳаммаси бўлиб етмиш киши эди.
Ёқуб ва унинг хонадони Мисрда
28Ёқуб Яҳудони Юсуфнинг олдига: “Бизни Гўшен ерларида кутиб ол” деган хабар билан ўзларидан олдин жўнатди. Улар Гўшенга етиб келганларида, 29Юсуф аравасини қўшиб, отасини кутиб олиш учун Гўшенга борди. Юсуф отасини кўриши биланоқ, уни қучоқлаб, бўйнига осилиб, узоқ йиғлади. 30Ёқуб Юсуфга:
— Тирик эканингни кўзларим билан кўрдим, энди ўлсам ҳам армоним йўқ, — деди. 31Юсуф ака–укаларига, отаси хонадонининг қолган аҳлига деди:
— Мен бориб, фиръавнга: “Канъон юртидан ака–укаларим, отамнинг қолган оила аъзолари менинг олдимга келишди”, деб хабар берайин. 32Мен фиръавнга яна: “Улар чўпон, чорвадорлик билан шуғулланишади, мол–қўйларини, бор мулкини олиб келишибди”, деб айтайин. 33Фиръавн сизларни чақириб: “Касб–корингиз нима?” деб сўраб қолса, 34унга: “Биз, қулларингиз, ёшлигимиздан ҳозиргача чўпонлик билан машғулмиз, ота–боболаримиз ҳам чўпон бўлиб ўтишган”, деб айтинглар. Токи Гўшен ерларига ўрнашиб олишларингизга у ижозат берсин. Чунки Мисрликлар чўпонлардан ҳазар қилишади.
1-2Юсуф акаларидан бештасини фиръавн ҳузурига олиб бориб, унга шундай деди: “Менинг отам билан ака–укаларим мол–қўйларини, бутун мулкини олиб, Канъон юртидан келишди. Улар ҳозир Гўшен ерларида.” Сўнг Юсуф акаларини фиръавнга таништирди. 3Фиръавн улардан:
— Касб–корингиз нима? — деб сўради.
— Биз, қулларингизнинг касби чўпон, ота–боболаримиз ҳам чўпон ўтишган, — деб жавоб беришди улар фиръавнга. 4— Биз, Мисрда истиқомат қилиб турсак, деб келдик. Чунки қўй–эчкиларимиз учун Канъонда яйлов йўқ, у ерда оғир қаҳатчилик. Сиз, жаноби олийларидан илтимосимиз шуки, биз, қулларингизга, Гўшен ерларида истиқомат қилиб туришимиз учун ижозат берсангиз.
5Шунда фиръавн Юсуфга деди:
— Отанг, ака–укаларинг сенинг олдингга келишган экан, 6ана, Миср юрти уларники. Уларни юртнинг энг яхши ерига — Гўшен ерларига жойлаштир. Агар уларнинг орасида уддабуронлари бўлса, менинг чорвамни ҳам уларга топшириб қўй.
7Сўнг Юсуф отаси Ёқубни бошлаб келиб, фиръавн ҳузурига олиб кирди. Ёқуб фиръавнни дуо қилди.
8— Ёшингиз нечада? — деб сўради фиръавн Ёқубдан.
9— Бир юз ўттиз йилдан бери бу дунёда меҳмонман, — деди Ёқуб фиръавнга. — Ота–боболарим ҳам бу дунёдан меҳмон бўлиб ўтдилар. Лекин менинг ҳаётим тез ва қийинчилик билан кечди, мен ҳали ота–боболарим ёшига етмадим.
10Шундан кейин Ёқуб фиръавнни яна дуо қилиб, унинг ҳузуридан чиқди. 11Фиръавн амр бергандай, Юсуф отасини, акаларини Мисрдаги энг яхши ерларга — Рамзес шаҳри яқинидаги ерларга жойлаштирди. 12Юсуф отасини, ака–укаларини, отасининг жамики хонадони аҳлини, уларнинг сонига қараб, озиқ–овқат билан таъминлади.
Қаҳатчилик
13Қаҳатчилик тобора кучайиб бораверди. Қаҳатчилик Миср ва Канъон юртини хароб қилди. 14Юсуф донни кумушга алмаштириб, Мисрдаги ва Канъондаги бор кумушларни йиғиб олди. У кумушларни фиръавннинг хазинасига олиб келиб тўплайверди. 15Миср ва Канъон халқлари кумушларини сарф қилиб бўлди. Ҳамма Мисрликлар Юсуфнинг ҳузурига келишарди. “Кумушларимиз тугади, лекин бизга дон берсинлар! Жанобларининг кўз ўнгиларида ўлиб кетмайлик!” деб ялинишарди. 16Юсуф эса уларга: “Агар кумушларингиз тугаган бўлса, мол–ҳолингизни олиб келинглар, эвазига дон бераман”, деб жавоб қиларди. 17Шундай қилиб, улар чорвасини Юсуфга олиб келишарди. Юсуф уларнинг отларини, қўй–эчкиларини, подаларини, эшакларини олиб, эвазига дон берарди. Ўша йили Юсуф уларнинг чорвасини олиб, эвазига егулик берди. 18Келгуси йили улар яна Юсуфнинг ҳузурига келиб, ҳасрат қилишди: “Биз жаноби олийларидан яшириб нима ҳам қилардик: кумушларимиз тугаган, мол–қўйларимиз ўзлариники бўлди. Жаноби олийларига танамизу еримиздан ташқари берадиган нарсамиз қолмади. 19Жанобларининг кўзи олдида ўзимиз ҳам, еримиз ҳам нобуд бўлиб кетмасин. Ўзимизни ҳам, ерларимизни ҳам сотиб олиб, эвазига дон берсинлар. Биз ерларимизни фиръавнга бериб, ўзимиз унга қул бўлишга тайёрмиз. Ҳозироқ бизга дон–дун берсалар, токи ўлмай тирик қолайлик, ерларимиз ташландиқ бўлиб қолмасин.”
20Шундай қилиб, Юсуф Мисрдаги жамики ерларни фиръавн учун сотиб олди. Қаҳатчилик ниҳоятда кучайганидан, ҳамма Мисрликлар далаларини Юсуфга сотдилар. Уларнинг ҳамма ерлари фиръавнники бўлиб қолди. 21Шу тариқа Мисрнинг бу четидан у четигача бўлган бутун халқ фиръавнга қул бўлиб қолди22Юсуф фақат руҳонийларнинг ерларинигина сотиб олмади. Чунки уларга фиръавн томонидан озиқ–овқат тайинланган бўлиб, ерларини сотишларига зарурат йўқ эди. 23Шундан сўнг Юсуф халққа айтди:
— Ўзларингиз ҳам, ерларингиз ҳам энди фиръавнники. Мана сизларга уруғ, далага экинглар. 24Ҳосилни йиғиб олганларингизда, бешдан бирини фиръавнга берасизлар, бешдан тўрт қисми ўзларингизники бўлади, келгуси йил ҳосили учун уруғлик қиласизлар, бола–чақаларингиз билан еб, тирикчилик қиласизлар.
25— Сиз бизга илтифот кўрсатдингиз, сиз бизнинг ҳаётимизни сақлаб қолдингиз, жаноби олийлари! — деб айтди халқ. — Шунинг учун биз фиръавнга қул бўламиз.
26Фиръавн ҳосилнинг бешдан бирини оладиган бўлди. Юсуф буни бутун Миср юрти бўйлаб қонун қилиб қўйди. Бу қонун бугунгача бор. Фақат руҳонийларнинг ерларигина фиръавннинг мулки бўлмади, холос.
Ёқубнинг охирги васияти
27Шундай қилиб, Ёқуб насли Мисрнинг Гўшен ерларига ўрнашиб қолди. Ёқуб насли у ерда мулк орттирди, аҳолиси кўпайиб борди. 28Ёқуб Миср юртида 17 йил яшади. У 147 йил умр кўрди.
29Ёқубнинг умри охирлаб қолди. У ўғли Юсуфни чақириб шундай деди:
— Агар мендан рози бўлсанг, қўлингни соним остига қўйиб, “Сизнинг васиятингизни бажараман”, деб қасам ич. Охирги васиятим шуки, мени Мисрда дафн қилмагин. 30Бу оламдан ўтганимдан кейин, жасадимни Мисрдан олиб кетиб, ота–боболаримнинг хилхонасига дафн қил.
Юсуф: “Айтганингиздай қиламан”, деб ваъда берди. 31Ёқуб: “Менинг олдимда қасам ич”, деб талаб қилди. Юсуф қасам ичди. Ёқуб ўз тўшаги устида сажда қилди.